Марказий Осиё ўзининг футбол уюшмасига эга бўлади

Расмий хабарлардан аён бўлишича, янги уюшмага пойтахт Тошкентда асос солинади ва унинг президенти этиб эса, аллақачон Ўзбекистон Футбол Уюшмаси Президенти Мираброр Усмонов тайинланган.

Ўзбекистон Футбол Уюшмасининг маълум қилишича, Central Asian Football Association шу йил январ ойида Австралиянинг Мельбурн шаҳрида бўлиб ўтган Осиё Футбол Конфедерациясининг навбатдан ташқари Конгрессида ташкилот низомига киритилган ўзгартиришлар асосида ташкил қилинади.

Янги ўзгартиришларга мувофиқ, бундан буёғига конфедерацияга аъзо 47 та футбол федерацияси бешта жўғрофий минтақага бўлинади, яъни аввалгисидан биттага кўп бўлади: Конгресс аъзоларининг розиликлари билан янги Марказий Осиё минтақаси ҳам ташкил қилинади.

Расмий хабарга кўра, бунинг ортидан, Марказий Осиё минтақаси футбол федерацияларининг мутасаддилари Қувайтда йиғилиб, янги минтақавий уюшма қароргоҳининг Тошкентда бўлишига келишиб олишган.

Central Asian Football Association нинг айнан қачон иш бошлаши маълум эмас, аммо расмий хабардан аён бўлишича, жорий пайтда ушбу ташкилотни рўйхатга қўйиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Марказий Осиё минтақасига эса, жаъми олти давлат: Афғонистон, Эрон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон киради.

Қолган Осиё давлатлари эса, қитъанинг қай бир жўғрофий ҳудуди: Ғарб, Жануб, АСЕАН ва Шарқда жойлашганига қараб, бўлинган.

Осиё Футбол Конфедерацияси Низомига киритилган янги ўзгартиришларга мувофиқ, эндиликда, Марказий Осиё минтақаси учун ташкилот Ижроий Қўмитасидан 3 та ўрин ҳам ажратилади.

68 ёшли Мираброр Усмонов жорий пайтда Ўзбекистон Миллий Олимпия Қўмитасининг президенти ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ташқи сиёсат масалалари бўйича доимий асосда ишловчи сенатори ҳам саналади.

Мутахассислиги иқтисодчи бўлган жаноб Усмонов орада Ўзбекистон Республикаси Савдо вазири, “Ўзбексавдо” ширкати раиси, Ўзбекистон Бош вазири муовини лавозимларида ҳам ишлаган.

2006 йилдан бошлаб Ўзбекистон Футбол Федерациясига президентлик қилиб келади.

2013 йилда эса, бунга қўшимча, Ўзбекистон Миллий Олимпия Қўмитаси раиси этиб ҳам тайинланган.

Футболда эришган ютуқлари бўйича эса, қолган минтақа давлатлари билан таққосланганда, Ўзбекистон ФИФА рейтингида ҳамиша пешқадам мавқеъни эгаллаб келган.

Ўзбекистон катта ёшдаги миллий терма жамоаси Осиё Ўйинлари ғолиби ва Осиё Кубогининг ярим финалчиси бўлган жамоа саналади.

Ўзбекистоннинг футбол бўйича қолган ёшдаги миллий терма жамоалари ҳам қитъа ва жаҳон миқёсидаги турнирларда ўзларини яхшигина кўрсатишган, Осиё чемпионлигини ҳам қўлга киритишган.

Ўз вақтида Тошкентга сафар қилган ФИФА ва УЕФА президентлари ҳам Ўзбекистонда футболга бўлган эътиборни алоҳида эътироф этиб ўтишган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ