АҚШ: 'Президент сайловлари Ўзбекистоннинг ички иши'

Image caption Ричард Хоугланд 2003 йилда Ўзбекистон билан АҚШ ўртасида стратегик ҳамкорлик битиминининг имзоланишига бош-қош бўлган

Би-би-си Ўзбек Хизмати билан эксклюзив суҳбатда АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчисининг биринчи ўринбосари Ричард Хоугланд 29 март куни ўтадиган президент сайловлари Ўзбекистоннинг ички иши эканини айтди. Жаноб Хоугландга кўра, Ўзбекистондаги сайловлар АҚШ ва Оврўпо андозаларига жавоб бермаслиги мумкин, аммо Вашингтон ўзбек ҳукумати билан мулоқотларни давом эттиради. Лондондаги АҚШ элчихонасида ўтган суҳбатда Қўшма Штатларнинг юқори мартабали дипломати Ўзбекистон ва минтақанинг бошқа давлатлари билан хавфсизлик борасидаги ҳамкорлик, жумладан, жосуслик маълумотларини алмашиш барча томонларнинг миллий манфатларига тўғри келишини таъкидлади.

Ричард Хоугланд: Хабарингиз бор, биз яқинда Вашингтонда зўравон экстремизмга қарши кураш мавзусига бағишланган глобал саммит ўтказдик. Унда Марказий Осиёнинг бир неча давлатларидан ҳукуматлар ва ҳуқуқ-тартибот идораларининг вакиллари ҳам иштирок этишди. Айтиш жоизки, минтақа давлатлари бу соҳада яқиндан ҳамкорлик қилишни исташади. Тафсилотларга берилмаган ҳолда шуни айтишим мумкинки, биз уларнинг ҳар бири билан турли даражада ахборот алмашишга ҳаракат қиламиз. Чунки бу ҳамманинг миллий манфаатларига тўғри келади. Марказий Осиё давлатларининг ҳам, табиийки, Қўшма Штатларнинг ҳам.

Би-би-си: Аммо Қўшма Штатлар ва Марказий Осиё давлатларининг муносабатлари анчайин мураккаб. Минтақадаги яккаҳоким президентлар Американинг демократия ва сўз эркинлиги каби қадриятларига ишонишмайди. Уларнинг хавфсизлик хизматлари эса қийноқлар билан ном чиқарган. Бу ҳолатлар жосуслик маълумотларини алмашиш каби ҳассос бир соҳадаги ҳамкорликни қанчалик қийинлаштиради?

Ричард Хоугланд: Ижозат берсангиз, бу саволга кенгроқ маънода жавоб берсам. Шубҳасиз, минтақадаги ҳукуматларнинг турли даражадаги яккаҳокимликлари тўлақонли муносабатларни йўлга қўйишимизга халақит беради. Аммо айни пайтда биз уларнинг ҳар бири билан муносабатларга эга бўлишни муҳим, деб ҳисоблаймиз. Биз барча соҳаларда, у хоҳ хавфсизлик бўлсин, хоҳ иқтисодий ёки инсон ҳақларини ҳам ўз ичига олган инсон тараққиёти соҳаларида мувозанатли муносабатларни истаймиз. Биз инсон ҳақлари масаласини муҳокама қилишдан тортинмаймиз. Кенг қамровдаги фаол музокаралар ўз навбатида инсон ҳақлари билан боғлиқ кенгроқ мулоқотларга ҳам йўл очади.

Би-би-си: 29 мартда Ўзбекистонда президент сайловлари бўлиб ўтади. Жорий Президент Ислом Каримовнинг яна бир муддатга сайланишига ҳеч кимнинг шубҳаси йўқ. Сайловларда рақобатнинг йўқлиги ва мамлакатдаги демократиянинг аянчли аҳволи ўзбек-америка муносабатларига қанчалик таъсир кўрсатади?

Ричард Хоугланд: Албатта, биз дунёдаги барча давлатларда рақобатли, очиқ, эркин ва адолатли сайловларни кўришни истаймиз. Аммо алоҳида бир давлатдаги сайловларга келганда, бу ўша давлатнинг ички иши. Биз дунё бўйлаб барча давлатларда сайлаб қўйилган ҳукуматлар билан ҳамкорлик қиламиз. Ёки қарийб сайлаб қўйилган (кулади-таҳр.) ҳукуматлар билан. Ҳа, Ўзбекистонда сайловлар бўлиб ўтади. Улар АҚШ ёки Оврўпо Иттифоқининг андозаларига жавоб бермаслик мумкин. Аммо шунга қарамасдан, ҳукуматлар билан мулоқот муҳим.

Би-би-си: Инсон ҳақлари гуруҳлари Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистонни инсон ҳақлари борасида етарлича танқид қилмаётганини айтишади. Сиз бунга қандай жавоб берасиз?

Ричард Хоугланд: Биласизми, мен бунга қўшилмайман. Албатта, айримлар бу борада ҳар доим қаттиқроқ баёнотлар қилинишини исташади. Аммо биз хали атйганимдек, инсон ҳақлари масаласини муҳокама қилишдан қочмаймиз. Ва бу мулоқотлар дипломатик каналлар орқали амалга оширилганида энг кўп самара беради, деб ишонамиз.

Би-би-си: Ўзбекистон қамоқхоналарида минглаб сиёсий маҳбуслар борлигини яхши биласиз. Улардан айримлари, масалан, Мурод Жўраев ва Самандар Қўқоновлар қамоқда ўтирганига 20 йилдан ошди. Қўшма Штатлар бу маҳбусларнинг озод этилиши йўлида кўпроқ ҳаракат қилиши мумкинми?

Ричард Хоугланд: Мен яна қайтараман. Биз бу масаладаги дипломатик муҳокамалардан қочмаймиз. Қандай масала бўлмасин, бизнинг доимий мулоқотларимиз кун тартибида туради. Мен кўпроқ ҳаракат қилишимиз мумкинми, деган савол борасида фаразларга берилишни истамайман. Аммо биз айни масалада Ўзбекистон томони билан яқиндан мулоқот қилаяпмиз. Хабарингиз бор, яқинда бир журналист қамоқдан озод қилинди. Биз бундан мамнунмиз. Яна қатор маҳбуслар ҳам озодликка чиқарилгани ҳақида хабарлар олаяпмиз. Аммо уларни ҳозирча тасдиқлаганимиз йўқ. Мен шуни айтишим мумкинки, бу борада узоқ давом этаётган мулқотларимиздан вақти-вақти билан айрим натижалар бўлиши мумкин. Албатта, бу соҳада ҳали кўп иш қилиниши керак, лекин натижалар йўқ эмас.

Би-би-си: Яқинда Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистонга юзлаб илғор ҳарбий техника ва қуролларни етказиб бераётгани эълон қилинди. Инсон ҳақлари фаоллари бу ҳарбий техника ҳукуматдан норози бўлган тинч фуқароларга қарши ишлатилиши мумкинлигидан хавотир билдиришмоқда. Сизлар Ўзбекистон ҳукуматидан уларни ўз фуқароларига қарши ишлатмаслик борасида бирон-бирон кафолат олганмисиз?.

Ричард Хоугланд: Булар ҳужумкор қуроллар эмас. Улар мураккаб ва хавфли аксилтеррор ё-да гиёҳванд моддаларга қарши амалиётларида ҳарбийлар ва хавфсизлик кучларини ҳимоя қилиш мақсадида ишлатиладиган зирҳли машиналардир. Ўзбекистон ҳукумати билан уларни қандай мақсадларда ишлатиш борасида аниқ келишувимиз бор. Қолаверса, АҚШ Конгресси бу нарсаларни жуда ҳам яқиндан кузатиб туради.

Би-би-си: Россиянинг минтақадаги ролидан қанчалик хавотирдасиз?

Ричард Хоугланд: Ўйлайманки, минтақа ҳукуматлари Украинадаги вазиятни жуда ҳам яқиндан кузатишмоқда. Бу борада ички муҳокамалар бўлиб ўтаётганига аминман. Аммо мен ҳозирги босқичда биз Марказий Осиёдан қаттиқ хавотирдамиз, деб айтмаган бўлардим. Шу билан бирга, Марказий Осиё давлатларининг мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлаш бизнинг фундаментал сиёсатимиздир.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02