'Ўзбекистонда чиқиш визасини 5 кунда ҳам олиш мумкин'

Ўзбекистондаги UZ24 веб-сайти таҳририяти сўровига жавоб берган Ички ишлар вазирлиги фавқулодда ҳолатларда чиқиш визасини беш кун мобайнида қўлга киритиш мумкинлигини маълум қилган.

UZ24 веб-сайти жисмоний имкониятлари чекланган шахслар чиқиш визасини қандай олишлари мумкинлиги ва агар зудлик билан хорижга чиқишга тўғри келиб қолса, Ўзбекистон қонунчилигида нималар кўзда тутилгани ҳақида ахборот беришни сўраган.

Таҳририят сўровига Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг Хорижга чиқиш-келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасидан жавоб олган.

Бу жавобда айтилишича, зудлик билан даволаниш зарурлиги тасдиқланган ҳужжат мавжуд бўлса, яқин қариндошининг оғир бемор экани ёхуд вафот этгани факти бўлса, хорижга чиқишига монеълик қиладиган асос бўлмаса, чиқиш визаси стикерини расмийлаштириш 5 кундан узоқ бўлмаслиги керак.

Ички ишлар вазирлигининг Хорижга чиқиш-келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси ўз жавобида Ўзбекистон конституцияси ёки бошқа қонунга эмас, Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг бундан 20 йил олдин қабул қилган қарорига асосланган.

UZ24 веб-сайти эълон қилган расмий жавоб хати суратида, бу 1995 йил 6 январидаги 8-рақамли Кабмин қарори эканини кўриш мумкин.

Вазирлар Маҳкамасининг кўплаб норматив ҳужжатлари мослаштирилса, Ўзбекистон Конституциясига зид келиши аниқланади, бироқ фуқаролик жамияти фаолларига буни маҳкамада исботлашга изн ва йўл берилмаган.

Ўзбекистон бугунги кунга келиб СССР замонидаги чиқиш визаси тартиби бекор қилинмаган ягона мамлакат бўлиб қолди.

Расмий Тошкент чиқиш визаси тартибини нега шу пайтгача бекор этмаганини изоҳлаб бермаган.

Бир неча йил олдин 35 дан ёш ўзбекистонлик аёлларнинг четга чиқиши ҳам қийинлаштирилган, бу қадам, расмийларнинг назарида, дунёнинг кўплаб мамлакатларида Ўзбекистон номини ёмонотлиқ қилиб келаётган фоҳишабозлик олдини олиш мақсадини кўзлаб қўйилган қадам бўлган.

Хорижга бормоқчи бўлган фуқародан чиқиш визасини талаб қилиш - Ўзбекистон Конституциясининг 28-бандига зид амал.

Шунингдек, инсоннинг эркин ҳаракатланишига алоқадор халқаро конвенцияларга ҳам қарши бўлиб, Ўзбекистон ҳукумати баҳсли масалаларда халқаро қонунчилик маҳаллий қонунлардан устун қўйилишини эълон қилиб келади.

Халқаро ташкилотлар, хусусан, БМТ Ўзбекистон ҳукуматидан чиқиш визаси тартибини бекор қилишни талаб қилган.

Улар Ўзбекистон ҳукуматини инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва мухолифат фаолларини хорижга чиқишлари олдини олиш мақсадида чиқиш визаси тизимидан фойдаланаётгани учун танқид қиладилар.

Энг сўнгги мисоллар - жиззахлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Ўктам Пардаев, тошкентлик Елена Урлаева ҳамда Шуҳрат Рустамовлар дуч келаётган мисоллардир.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ