Ислом Каримовнинг дастури “вафо қилинмаган ваъдалар такрори”ми?

Image caption Мутахассисларга кўра, Каримовнинг дастури реал ҳаётдан узилиб қолган

Ўзбекистон расмий матботида президентликка Ислом Каримовнинг сайловолди дастури эълон қилинган.

Ислом Каримов ўз дастурида ривожланишнинг ўзбек модели нақадар тўғри эканлиги ўтган йиллар ичида тасдиқланганини билдирган.

Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон қисқа муддатда собиқ иттифоқнинг минтақада пахта яккаҳокимлигига қарам бўлган, қашшоқлик ёқасига келиб қолган ҳудуддан халқаро майдонда муносиб ўринга эга бўлган бир текис ва барқарор ривожланиб бораётган мамлакатга айланган.

Мамлакатни қарийб 26 йилдан бери бошқариб келаётган ва бир неча бор Ўзбекистон конституциясига қудратда қолиш учун ўзгартиришлар киритган Каримовнинг қайд этишича, ўтган йилларда мамлакат қиёфаси, шаҳар ва қишлоқлар бутунлай ўзгарган.

Одамларнинг даромади ошган, улар “ўз ери ва ўз тақдирининг эгасига” айланган.

Каримовнинг сўзларига қараганда, мамлакат ялпи ишлаб чиқариш даражаси охирги ўн йилда 8 фоизга ортган, мамлакат иқтисоди беш баробар ошган, аҳоли жон бошига даромад 8,7 фоизга кўпайган.

Президентликка номзоднинг таъкидлашича, аҳоли олдида давлат қарзи йўқ, экспорт даражаси барқарор суръатларда ошиб бораяпти.

Каримов шунингдек, ушбу ютуқлардан ҳаволаниб кетмаслик ва ўз-ўзига ҳисоб бериб, босиб ўтилган йўл олдиндаги мураккаб йўлнинг бир қисми эканини унутмаслик кераклигини эслатиб ўтган.

“Вафо қилинмаган ваъдалар такрори”

Image caption Мутахассисларга кўра, Ўзбек меҳнат муҳожирлари ва ёки Ислом Каримов назаридаги "дангасалар"нинг Россиядан пул жўнатмалари мамлакат иқтисодини инқироздан асраб келмоқда

Каримов ўз ўрнида яна ваъдалар беришни унутмаган.

BBCUZBEK нинг Facebook даги саҳифасида Каримовнинг дастурига ишонасизми қабилида қўйилган саволга кўпчилик “йўқ” деб жавоб берган.

Ўз шарҳини қолдирган ўқувчилардан бири Ислом Каримов дастурини “вафо қилинмаган ваъдалар такрори” деб атаган.

Ислом Каримовга биноан, иқтисодда рақобатбардошликни таъминлаш, хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликка тўлиқ эркинлик бериш, хусусий мулкдорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимояси учун суд идораларининг аҳамиятини ошириш, иқтисодда давлатнинг ҳиссасини камайтириш, қишлоқ хўжалигини яқин беш йилда ривожлантириш чораларини ишлаб чиқиш, мамлакатга инвестицияни жалб қилиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, аҳолининг турмуш даражасини кўтариш, барча мамлакатлар, энг аввало қўшни давлатлар билан ўзаро фойдали ҳамкорликни ва бирдамликни мустаҳкамлаш асосий вазифалари бўлишини таъкидлаб ўтган.

Ўзбекистонни 1989 йилдан бери бошқариб келаётган Ислом Каримовнинг сайловолди дастури аввалгиларидан деярли ўзгармаган.

Кузатувчиларга кўра, айнан ана шу санаб ўтилган вазифалар ўтган йиллар давомида долзарблигича, ҳал қилинмай қолаётгани ҳам бор гап.

Биргина аҳоли бандлиги олинадиган бўлса, аҳолининг ишга яроқли катта қисми четда, асосан Россияда меҳнат муҳожирлигида банд бўлиб келган.

Мамлакатдаги малакали мутахассисларнинг четга иш излаб кетишга мажбур бўлиши натижасида, мактаб ва олий ўқув юртларида таълим сифати пасайган.

Хусусий мулкдорлар ва чет эллик инвесторлар мамлакатда илдиз отган коррупция, қатор қонунбузарликлар туфайли мулкларидан айрилганлари, кўп ҳолларда мамлакатни тарк этишларига тўғри келгани кузатилган.

Аҳолининг даромади кўп ҳолларда четга тирикчиликка кетган меҳнат муҳожирларининг юборадиган пулларига боғлиқ бўлиб қолаётгани айтилади.

Ўзбекистон айни пайтда аҳолисидан чиқиш учун виза талаб қиладиган саноқли мамлакатлардан биттаси.

Хусусан, қўшни Марказий Осиё мамлакатларига ҳам виза тартиби жорий этилган.

Ислом Каримовдан ташқари президентликка уч номзоднинг дастурлари ҳам давлат матбуотида эълон қилинган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ