Ўзбекистон: сухандон Раҳматилла Мирзаев ўлдириб кетилган

Тошкентдан келаётган хабарларга кўра, Ўзбекистон телевидениесининг диктори Раҳматилла Мирзаев якшанба тунида номаълум шахслар томонидан ўлдириб кетилган.

Тошкент шаҳар ИИБ матбуот хизмати хабар қилишича, қотилликда гумонланган шахс қўлга олинган.

Раҳматилла Мирзаев узоқ йиллар Ўзбекистон телеканалининг "Ахборот" дастурида, қатор мусиқий кўрсатувлар ва концертларга сухандонлик қилган.

Хабарларга қараганда, марҳум диктор кўп қўшиқчилар билан бирга ишлаган, охирги пайтларда уни кўпроқ тўй ва турли тадбирларда кўришган.

Ижтимоий тармоқларда Раҳматилла Мирзаевнинг ҳамкасблари, у билан бирга ҳамкорлик қилган санъаткорлар уни яхши инсон, ўз касбининг устаси сифатида хотирлашмоқда.

Раҳматилла Мирзаев 60 ёшда бўлган.

Би-би-сининг шоу бизнесига алоқадор тошкентлик манбаларидан бирининг микрофонсиз сўзлаб беришича, кеча кечқурун Раҳматилла Мирзаевга уйида уч марта пичоқ урилгани ҳақида маълумотлар бор. Тошкентлик манбага кўра, қотилликда гумонланиб Раҳматилла Мирзаевнинг 23 яшар ўғлининг таниши қўлга олинган. Айтилишича, қўлга олинган пайтда унинг қўллари қон бўлгани, шкафнинг ичида яшириниб ўтирганида ушлангани ҳақида хабарлар тарқалган Тошкентда. Айни пайтда суриштирув ишлари олиб борилаётгани, қўлга олинган қотилликда гумонланувчи ва марҳумнинг ўғли сўроқ қилинаётгани айтилади. Маълумотларга кўра, Рахматилла Мирзаевни кеча кечқурун Ғуломжон Ёқубовнинг юбилей концертида кўришган. Кайфияти яхши бўлган, ҳеч бир ортиқча ҳолатлар сезилмаган. Қотиллик концертдан қайтиб борганда содир этилган бўлиши мумкин.

Раҳматилла Мирзаев ахборот дастурларидан ташқари мусиқий кўрсатувларни олиб борган. Унинг иккинчи турмуш ўртоғи қўшиқчи Аъло Раҳимова бўлган. Раҳматилла Мирзаев унга уйлангандан сўнг қўшиқ айтишини тақиқлаб қўйган, дейилади.

Лекин биз билан гаплашган шоу- бизнес вакилига кўра, марҳумнинг санъаткорлар билан катта муаммолари бўлмаган. Агар муҳокамали ишларга аралашиб қолганида бундай гаплар бу соҳа ичида тез тарқалади,-дейди у.

Раҳматилла Мирзаевнинг биринчи аёли телевидениеда таржимон бўлиб ишлаган.

Давр ахборот дастурида ишлаган журналист Саодат Омонова Раҳматилла Мирзаевни ўз ишининг устаси, дадил, жасоратли инсон сифатида таърифлади.

"Раҳматилла Мирзаев "Ахборот" дастурини олиб бораётганда, Президент Каримовнинг фармонини шошилинч ўқиш талаб қилинганда, рози бўлмаган. Оқибатда у ишдан бўшатилган, маълум вақтдан сўнг ишига яна қайтиб тикланган. Ишидан ажралиб қолиши мумкин бўлган вазиятда ҳам ўз фикрини айта оладиган жасоратли инсон эди у киши. Бундай ҳаракатга ҳамма ҳам журъат қилавермайди",- дейди журналист.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02