“Исломий давлат”, Путин ва Каримовни бирдай севишга ўргатилаётган авлод ҳақида...

Image caption "Сайлов деган саҳнага тайёргарлик"

Ўзбекистон мустақиллик йилларининг иккинчи ярмида, келинг, яна яқинроқ келайлик ва ўтган икки-уч йилда дейлик, хуллас, мана шу яқин ўтмишда, айниқса, президент сайлови арафасида мамлакатда... камдан-кам киши аслида нима қилаётгани, атрофида ва дунёда нималар бўлаётганини англаб етгандай туюлади. Яна қайтариб айтсак, бу ана шу ижтимоий тармоқлар ва мамлакат матбуотини кузатишдан кейин пайдо бўладиган таассурот.

Сайлов баҳонасида турфа минбарлардан ўз-ўзига гоҳида эви билан, гоҳида эса ҳатто шаҳвоний тарзда мафтун бўлиб ўқилаётган нутқлар, берилаётган ваъдалар ижтимоий тармоқларда сўралаётган биргина жўн савол олдида чилпарчин бўлмоқда.

“Қачон газ билан электрни берасизлар”, деган савол бу.

Қарангки, том маънода театрлаштирган сайловдаги Каримов дохил бирор-бир номзод “газ билан электрни бир йилда ёки беш йилда “во!” қиламан”, деб айтаётгани йўқ.

“Ўзбекистоннинг қанчалар буюк давлат экани ва унинг тўғри йўлига дунё тан бераётганига” оид, айрим ҳолатларда, шу нутқ ирод қилаётган шахснинг ўзи ишониб қолаётган “кўкрак керишлик” эса...бошқа масала, тўғрироғи, бошқа фожеа...

Президентликка номзодларнинг бирортаси ақалли “менга овоз беринг” деб сайловчидан сўраётгани ҳам йўқ. Афтидан, ҳатто ўзи оладиган фоизлар ҳам аллақачон белгилаб берилган.

Каримовдан ташқари номзодлар ана шу сайлов деган мантиқсиз дунё ичига тушириб қўйилган ва ёки тушишларига изн берилган экан, ҳеч қачон “Каримовга эмас, менга овоз беринглар”, деган гапни айтолмайди. Айтаётгани ҳам йўқ.

Энг қизиғи, бу гапни улар қўрққанидан ҳам эмас, балки “протокол”да ва ёки ўйин қоидасида бўлмагани учун айтмайди, чунки қўрқувда мантиқ бор, аммо улар тушган сайлов дунёси ва ёки замонавий Ўзбекистонда ана шу мантиқ йўқ қилинган.

Бу балки мислсиз бир даҳшатдир.

Бунинг оқибатлари бир авлодда муваққат акс этар экан, пировардида бошқа бир мисли кўрилмаган инқирозни келтириб чиқаради.

Қандай инқироз?

Image caption Унутилган Орол

Бугун мамлакатдаги ижтимоий-сиёсий вазиятни ижтимоий тармоқларга ҳамда матбуотга қараб ва ёки бу ўринда бир авлоднинг (каттагина қатлами) суратини чизсангиз бўлади.

Энг холис мусаввир даъвосида бўлганлар ҳам чизилган манзарадан бир чўчиб тушиши аниқ.

Шўролар даврининг оммавий ахборот воситалари бир эмас, икки – уч авлодни том маънода зомбилаштиришга муваффақ бўлган эди. Айниқса, Марказий Осиёда, айниқса, Ўзбекистонда Шўро авлоди ўз кишанларини шу қадар севдики, шоир Муҳаммад Солиҳ мажозан айтгани каби, пахта деб ўз томорқасига “қўл экишни” бошлади.

Бугун ҳам пахта ҳақида гапирадиган бўлсангиз, янги, мустақиллик авлодининг навқирон вакиллари сизга пахтанинг “миллий бойлигимиз” экани ҳақида ўта қисқа, ўта жўн нутқ ўқийди.

Нима учун “миллий бойлик”, ким шундай деб айтган? Бу “миллий бойлик”дан тушадиган фойдалар нималарга сарф бўлади? Табиийки, бу саволларга янги, гипнозланган авлоднинг жавоби йўқ.

Оролни ўз қўллари билан қуритиб берган ота-боболари ҳақида деярли ҳеч нарса билмайди, аммо, ўхшашликни қаранг!..

Ижтимоий тармоқларга қайтсак...Одноклассники ва Facebook… Турфа қўшиқчилару, бемаза ҳазилларни (чаласаводликни касб этган авлод, балки чаласаводга айлантирилган авлод) севадиганларни бир четга суриб қўядиган бўлсангиз, икки бири-бирига зид, қатъий қутблашган гуруҳни кўрасиз.

Бири Ўзбекистондаги тузумни яна чаласаводларча ва таъбир жоиз бўлса, бахтиёр кўрлик билан севадиган, ёхуд севдириб қўйилган, бошқаси эса бу тузумга қарши фақат дини Ислом билан курашиш керак, адолат фақат “Исломий давлат”да деб ишонган – интеллекти жиҳатидан ўзаро фарқ қилмайдиган гуруҳлардир.

Нима учун ва ё зомбилаштириш дарслари...

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Ўзбекистон ТВси "Ахбороти" Борис Немцовни "танимайди"

Масалан, 3 март куни Москвада Борис Немцов дафн қилинди. Айнан Россиядаги зомбилаштириш сиёсатига қарши чиқиб келаётган мухолифат раҳбарини Кремл остонасида отиб кетишди. Бутун дунё хабар агентликлари, радио–телевизионлари, ҳатто Ўзбекистонга қўшни давлатлар оммавий ахборот воситалари ҳам Борис Немцовнинг ўлдирилиши ҳақида хабар қилдилар.

Ўзбекистон телевизионининг “Ахборот” дастури эса дунёни ларзага солаётган ҳар янгиликни ҳар доим четлаб ўтгани каби, бу гал ҳам... Америкада қанақадир металл компанияга ўт кетгани, Индонезиянинг қутқарувчилари учоқ ҳалокатида қутқарув ишлари ўтказаётгани ҳақида хабар берди!

Борис Немцов ҳақида, Украинадаги ҳодисалар ва ҳатто Қримни Россия қўшиб олганида ҳам уни чиқмагани каби... мантиқсиз сукут сақлади.

Бир ҳовуч, турфа йўллар билан бойиб қолган ўзбекистонлик оилаларнинг “егани олдида, емагани ортида” бўлган авлоди вакиллари эса...зерикиб қолганида Борис Немцов ва ёки Украина ҳақидаги маълумотни асосан Одноклассникидан, Россия оммавий ахборот воситаларидан олмоқда.

“Ҳей, сенларнинг америкаларинг Немцовни атай ўлдирди, Путинга қарши улар, Россияни кўролмийди”, деб ёзади бири.

Бошқаси эса, “Оллоҳга шукр, тинчимиза, Ўзбекистонимиз гуллаб яшнавотти, додамиз тирий бўсинлар. Сирия билан Афғон кереймас бизага...” деб ёзди.

Яна бири “тўғри қилади йўқотиб Немцов Пемцовни, ҳаммасига америка пул берган, улар россияни босиб олмоқчи. Лекин Путин ҳаммасини ...”, деб ишонди.

Россияга эмас, у ердаги ҳукумат ва тузумга бунақа “муҳаббат” алал-оқибат қанчалар “бебаҳо”бўлишини тасаввур қиласизми?

Шунақа “муҳаббат эпкинлари” Москва томонлардан Қримдан тортиб, Украинанинг қарийб Киевига қадар “эсдириб” турилмаганмиди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption "Исломий давлат" га ҳайриҳоҳлар нима учун кўпаймоқда?

Қизиғи, кун сайин “Исломий давлат”га хайрихоҳлик изҳор этаётганлар сони ҳам кўпайиб бормоқда.

“Исломий давлат” юзлаб бегуноҳ инсонларни қатл қилгани ҳақида хабар чиқар экан, очиқдан-очиқ, айрим ўзбекистонликлар бу хабарни ҳам “Ғарбнинг ўйини, Исломга қаршилар фитнаси...Исломий давлат адолат байроғини кўтармоқда” қабилида “шарҳлаб” қўйди. Бунақа шарҳларнинг кети узилаётгани йўқ.

Шу ўринда Ўзбек зиёлиларидан бири арз қилди:

“Ўртада турадиган қолмади. Ғарбдан нафратланиш руҳида ўстириб қўйдик бир авлодни, ўзимизни севдиролмадик, қанақа қилиб севдирамиз, ҳар қадамда порахўрлик бўлса, мелиса-пелисига тушса муштумзўрлик...Россияга жўнатдик. У ердан бунақа пропагандага арзон макарону, уч-тўрт тангаси билан “тўйиб” келмоқда. Тўйи шу пулдан, азаси шу пулдан...Кимни севсин? Аэропортда тўхтатиб чўнтагини қоқиб олмоқчи бўлган божхоначи ва мелисани севсинми? Россияни севади. Россияни севмаса, ана, халифа чиқибди дейди неварам, бу ердагиларини ҳай-ҳайлаб турамиз, Россияга кетворса истаганича севаверади халифани, кейин нима қиламиз. Ўртайўлни бузиб қўйдик, ҳеч қурса шу ўрта йўл керак эди бизга...”

Ўртайўлни ким бузди?

Image caption Рақс қачонгача давом этади?..

Ўртайўл ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллар бошида бузилган эди. Ўшанда собиқ коммунист ва ҳозир тайинки, демократ бўлмаган Президент Каримов бирин-кетин дунёвий ва ё экстремист бўлмаган мухолифатни қамоққа ташлай бошлади. Қолганларини қувиб чиқарди. Ўтган қарийб 25 йил ичида қўшни давлатлар, хусусан, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон қанчалар ожиз ва айрим ҳолатларда имконсиз бўлмасин, мухолифатни, бу ўринда Тожикистон ҳатто табиати диний бўлган мухолифатни ҳам сақлаб қолди. Матбуот эркинлиги тўла таъминламаган бўлса ҳам, Ўзбекистонда бўлгани каби таг–туги билан йўқ қилинмади. Тожикистонлик зиёли айтмиш, “Ўзбекистондан фарқли ўлароқ, бизда раҳбарлар ёлғонни сал инсоф билан гапирашади”...

Яна бир неча кундан кейин Ўзбекистонда мантиқсизлик асосига қурилган ва аксарият қонуншунослар фикрича, мутлақо ноқонуний сайлов бўлиб ўтади.

Натижалар аён. Орадан бир-икки ҳафта ўтиб шундоқ ҳам номларини аксарият билмайдиган (Каримовдан ташқари) номзодлар унутилади.

Буёғи яна минбарбозлик, яна байрамбозлик, яна мустақиллик байрами ва кўп эҳтимолки, рақсу-томоша.

Қутблашган авлоднинг газ ва электр қатори бошқа бир неча саволларини эшитмаган юрт бошидагилар аниқки, муваққат роҳат-фароғатда қолар экан, жавоблар ҳам Россия ва ҳам "Ислом ва Шом давлати" томонидан келиши давом этади.

Бу “жавоблар” интернетнинг виртуал сарҳадларини бузиб, асл ҳаётда бўй кўрсатиши эса рақсу-томошалар ва мантиқсиз нутқларга мутлақо боғлиқ эмасдай...

Ўзбекистонлик

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ