Ўзбекистонлик меҳнат муҳожири ўлими учун уч йил

Москванинг Пресненский маҳкамаси қарорига кўра, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирининг ўлимига сабаб бўлган Тамбов вилояти думаси депутати Владимир Топорков 3 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Прокурор 4,5 йил муддат беришни сўраган, бироқ ҳакам айбдорга нисбатан енгиллик қўллашни маъқул кўрган.

Владимир Топорков ўтган йилнинг 10 август куни Москванинг Смоленск майдонида йўл таъмири билан шуғулланаётган Шоди Омонов исм шарифлик ўзбекистонлик ишчини Toyota Land Cruiser автомобилида уриб кетган эди.

Қирқ уч ёшли муҳожир воқеа жойида ҳаётдан кўз юмган.

Машинани катта тезликда ҳайдаган депутат маст ҳолатда бўлгани аниқланган.

Ҳодисадан сўнг Топорков ҳибсга олинган, ҳимоя томонининг гаров пули эвазига чиқарилишини сўраб қилган мурожаати ҳамда Топорковнинг дўсти таниқли актёр Владимир Вдовиченко назоратига ишониб топшириш илтимослари қондирилмаган.

Владимир Топорков ўзбекистонлик муҳожирнинг оиласига 400 минг рубл тўлаган ҳамда марҳумнинг тўрт боласи 18 ёшга етгунича моддий таъминлаб туришни ўз зиммасига олган.

Топорковнинг адвокатига кўра, жабрланган оила номидан ишчининг опаси унга қарши даъводан воз кечган.

"Топорковнинг панжара ортида ўтирганидан кўра, озодликка бўлиши марҳумнинг оиласига фойдалироқдир, Топорков уларга моддий ёрдам беради", дейди ҳимоячи.

Шу пайтга қадар унинг 7 ойни ҳибсда ўтказгани ҳисобга олиниб, ёз ойларида муддатидан олдин шартли равишда озодликка чиқарилиши ҳам мумкин.

Бундан ташқари, ҳимоячининг қайд этишича, Владимир Топорков Ғалабанинг 70 йиллиги муносабати билан тайёрланаётган амнистияга тушса, ундан олдин озод этилиш эҳтимоли бор.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ