Би-би-сига айтаман: Аренда балосидан асрасин

Image caption "Аренда" деган бир бало чиққанмиш...

"Ўзбекистонда 'аренда' деган бир бало чиқибди. Биринчи урганда тиззасигача, иккинчисида белигача, учинчисида…"

Кеча қўшнимнинг жанозаси бўлди. 50 деб кўтаришди. Тоғни урса талқон қиладиган бақувват киши эди. Орқасида 4та вояга етмаган боласи қолди.

Бекорчидан Худо безор деб, бекор юрмай деб, "отти калласига" келишиб "шахмат" такси ижарага олган экан. Кунига 70 минг сўмдан, ишласа ишламаса. Касал бўлиш хуқуқи йўқ, дам олиш мумкин эмас. Шу эрта-ю кеч, машинанинг кетини тиндирмай 47миллион сўм тўлаб бўлган экан. Етдим, деганда кетди. Қанчалар соғлом бўлмасанг ҳам, агар дам олмай ишласанг, нафақат одам балки темир ҳам чидамас экан. Жанозага келганлар вақти-бевақт тиббий кўрикдан ўтиб туриш керак экан деб бир-бирларига шивирлашди. Лекин ҳалиги ижара ҳақини топаман деб елиб югурганингда, кўрикка вақтни қайдан топасан, қолаверса, анализ топшириш ҳам фалон пул турса…

Яқинларининг айтиши бўйича, "аренда қурғур" чарчатиб қўйибди, аввали таксисининг ичида беҳуш қолибди. Тез ёрдам келиб касалхонага олиб борибди. Инсулт бўлган экан. Бақувват бўлгани учун тез орада ўзига келибди. Лекин докторлар унга ётиб дам олинг дейишига қарамай, унинг фикри-зикри шу ижарани тўлаш бўлибди, бўлмасам шартномага асосан олиб қўяр экан эгаси. Унинг устига қиш куни бўлишига қарамай, қарзлари туфайли уйдаги газ таъминотини ҳам кесиб кетишган экан. Ундан ташқари машина бозори ҳам роса ташлади шу кунларда. Россиядаги молиявий инқироз туфайли. А бу шалдироқ арава эса 3та нархга келишиб қўйилган, майдалаб тўлагани учун. Шуларнинг ҳаммаси йиғилиб, биттада зарба бериб, қайтиб тургизмабди. Балки, ҳамма муаммолардан осон қутилгани шудир?! Лекин қабрда ётганларга боши ташвишлардан чиқмайдиган тирикларнинг ҳаваси келиши, охиратнинг аломатларидан бири дейишади.

Баъзилар кунда ҳам барака йўқ, тўлов тўлаб улгурмасингдан янги тўлов келиб туради дейишди. "Ҳеч нарсага улгурмайсан, киши… Қанақадир бебарака…," деди жанозада йиғилганлардан бири.

Шунда, қори ака бир яхши фикрни айтдилар: "Одамлар орасида силайи раҳм (қариндош уруғга яхшилик қилиш) кўтарилмоқда. Агар ҳар ким шуни тикласа, барака бўлади," дедилар. Бунда катта бир мантиқ бор. Ҳозирги кунда ҳар ким, тирикчилик кетидан қувиб, яқинларининг ҳолидан хабар олишни унутиб қўймоқда. Кун кетидан ой, ой кетидан йиллар ўтиб кетганини билмай қоламиз гоҳида, шу тирикчиликни баҳона қилиб. Хақиқатдан ҳам, агар ёши улуғларнинг суҳбатида бўлсангиз, йўл-йўриқ кўрсатишади. Ахир улар биздан-да кўпроқ кўйлак йиртишган-ку. Дардингни айтсанг, атрофдаги ўзига тўқроқ бўлган қариндош-уруғга, фалончининг ҳолидан хабар ол, деб маслаҳат беришади.

Нима бўлганда ҳам, ҳаммаси Яратганнинг иродаси! Акахоннинг охирати обод бўлсин деб дуо қилиб қоламиз.

PS. Ҳалиги шалдироқ аравага бошқа "мижоз" чиққан бўлса ажабмас. Яна ҳаммаси бошидан, яна ўша эски исботланган схемада давом этаверади...

Тошкентлик мухлис.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ