Гулнора Каримованинг “йўқолгани”га бир йил бўлди

Image caption Гулноранинг "ўтган кунлари"...

Ўзбек президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова омма кўз ўнгидан йўқолиб, ўзининг барча фоалиятларини тўхтатганига бир йил тўлди.

Бу вақт мобайнида уй қамоғида сақланаётгани айтиладиган Каримова афтидан ташқи оламдан буткул узиб қўйилган.

“Йўқолиб” қолишидан аввал Ўзбекистон ижтимоий тармоқларида ўзига хос “инқилоб” ясаган Каримова хоним ҳозир ҳатто интернетда ҳам кўринмай қолган.

Каримова ўз фаолияти чўққисида кўплаб тарафдорларга эга эди, бироқ бу воқеалардан бир йил ўтиб ушбу мухлислар армиясининг овози бутунлай тинган.

Жумладан ўзларига янги яратилган имкониятларни, бир вақтлар Каримова ҳомийлик қилган Ўзбек шоу-бизнес вакиллари бугун қувонч билан кутиб олмоқдалар.

Бунга мисол сифатида Каримова ташаббуси билан яратилган М&ТВА Авардс ўрнига келган Эътироф, ҳамда ТВ Марказ ўрнини эгаллаган янги Мy5 каналини келтириш мумкин.

Қолаверса,Тwitter ни ҳалигача фаол ишлатиб келаётган қўшиқчи ва актёрлар Гулнора Каримова мавзусини четлаб ўтишмоқда.

Ўтган йили Каримованинг қўллаб-қувватлаш учун учун чет элда ташкил қилинган Free Gulnara.com Интернет саҳифаси фаолияти ҳам секин-аста сусаймоқда.

Сайтдаги о[ирги ҳабар ўтган йилнинг октябр ойида жойлаштирилган.

Онасининг беайб эканлигини бир неча бор такрорлаган кичик Ислом Каримов ҳам 2014 йилнинг ноябр ойида Би-Би-Cи билан суҳбатдан кейин яна сукутга чўмган.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти HRW Вотч вакиллари Андреw Штролайн ва Стив Свердлов фикрича, уй қамоқида бўлса ҳам Каримованинг аҳволи бошқа кўплаб ҳуқуқлари топталаётган ўзбекистонликлар ҳолидан кўп чандон яхшироқдир.

Шунинг учун ҳам Гулнора Каримованинг бошига тушган ташвишлардан бохабар бўлган кўплаб инсонлар бундан куюнаётганлари йўқ.

Ўзига қарши жиноий ишлар очилганига қадар Каримова Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун бирор-бир тайинли иш қилмаган, дейди ҳалқаро ҳуқуқ фаоллари.

Собиқ элчи, қўшиқчи, дизайнер, тадбиркор ва ижтимоий тармоқлар фаоли сифатида танилган Каримова коррупцияда айбланиб 2014 йилнинг феврал ойида қўлга олинган.

У уй қамоғидан туриб бир неча марта оммавий ахборот воситаларини ўз ҳолидан хабардор қилишган муваффақ бўлган эди.

Ҳукуматнинг Каримовага қарши ҳаракатлари 2013 йилда бошланган эди.

2014 йил бошларидан унинг бир қанча яқин шериклари қамоққа олинди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ