Ўзбекистон ва Олмония қарийб 3 миллиардлик сармоя шартномасига эришгани ростми?

Image caption Ўзбек қишлоқ хўжалиги ислоҳот ва сармояларга муҳтожлиги айтиб келинади

Ўзбекистон матбуотида пайдо бўлаётган хабарларга кўра, Ўзбек ва Олмон ширкатлари Берлиндаги учрашувлар чоғида 2,8 миллиард долларга тенг сармоя, қарз ва ўзаро савдога доир шартнома имзолаган.

Айни шартномага Олмон-Ўзбек бизнес кенгашининг илк тақдимот йиғинида эришилгани айтилмоқда.

Бу йиғинда Молия вазири Рустам Азимов етакчилик қилаётган Ўзбекистон вакиллари иштирок этишган.

Олмон ширкатлари Ўзбекистон билан бир неча йиллардан бери савдо алоқаларини давом эттириб келади.

Айнан шу ширкатлар ва уларнинг маҳаллий ҳамкорлари -мамлакат компаниялари орасида бевосита иш муносабатларини йўлга қўйиш ғоясини дастаклашади.

Ўзбекистоннинг Берлиндаги элчихонасида 25 февралда кечган илк йиғинда, Олмон-Ўзбек бизнес кенгаши раисдоши, CLAAS қишлоқ хўжалиги машинасозлиги ширкати бошқарув кенгаши аъзоси Jan-Hendrik Mohr ўз режаларини баён қилди.

Унга кўра, ширкат УзАгроПромМаш билан биргаликда Ўзбекистон ва бошқа собиқ Шўро давлатлари учун уч ғилдиракли тракторлар ишлаб чиқаришга умид қилади.

Ўзбекистон ширкатлари билан ҳамкорликка доир шартнома имзолаган йирик Олмон ширкатлари орасида BASF, ThyssenKrupp ва MAN лар бор.

Аммо 2,8 миллиард доллар сармоялар ҳақида хабарлар анчайин чалғитувчидир.

Чунки Олмониянинг Ўзбекистонга экспорти ўтган йил фақат ярим миллиард доллар атрофида бўлган, холос.

Ўзбекистон эса ўтган йил Олмонияга 20 миллион АҚШ долларига тенг маҳсулот жўнатган.

Иккала мамлакатнинг ўзаро савдо ҳажмидан кўра тўрт каррадан кўпроқ келишув ақлга сиғмайди.

Олмон бизнес доираларида Ўзбекистон билан ишлайдиган манбаларга кўра, Берлинда келишилган айни шартнома аслида икки томон истакларини акслантирган, зинҳор аниқ келишувларни эмас.

Марказий Осиё бўйича Олмон Бизнес федерацияси эса яқинда Ўзбекистонга Олмон экспорти мушкул бизнес вазият туфайли муаммоларга дуч келаётганини баён қилганди.

Шунга қарамай, Ўзбекистон Олмония учун тобора ўсиб бораётган савдо ҳамкори экани тайин.

Ўтган ой "UzBuild" кўргазмасида ўнлаб Олмон ширкатлари ўз маҳсулотлари билан иштирок этишди.

Январ ойида эса Ўзбекистон ширкатлари Берлиндаги йирик қишлоқ хўжалиги кўргазмасида меҳмонларга ... палов тайёрлаб беришганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ