Би-би-си меҳмони - таниқли раққоса Санъат Маҳмудова

Фото муаллифлик ҳуқуқи sarahselwood iancartlidge

Би-би-си меҳмони - ўзбек рақс санъатини Ғарбда тарғиб қилаётган раққоса Санъат Маҳмудова.

Санъат Маҳмудова Тошкентда санъат шинавандалари оиласида туғилиб ўсиб, пойтахтдаги Миллий рақс ва хореография олий билим юртида таълим олган.

Тўрт йиллик таълими ортидан у Ўзбекистондаги Муҳиддин Қориёқубов номидаги академик ва халқ бадиий жамоалар дирекцияси қошидаги "Шодлик" рақс ансамбли, сўнгра "Ўзбекистон" рақс ансамблида фаолият юритган.

1994 ва 2002 йиллар ўртасидаги фаолияти ва яккахон раққоса бўлиб танилиши ортидан унинг номзодлиги бир қанча мукофотлар, хусусан "Ниҳол" мукофоти ва Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвонларига илгари сурилган.

Санъат Маҳмудова сўнгра Британиядаги Салфорд Университетида уч йил ўқиб, жисмоний театр ва рақс мутахассислиги бўйича бакалавр дипломини олди.

Бугунда Маҳмудова хоним Манчестер шаҳрида ўз шарқона рақслар мактаби ва 60дан зиёд ўқувчиларига эгадир.

У ўзининг мумтоз ва янги саҳналаштирган рақсларини АҚШ, Япония, Франция, Голландия, Юнонистон, Олмония, Малайзия ва Британиянинг кўплаб шаҳарларида ижро этиб келади.

Меҳмонимиз шу кунларда ўзбекистонлик бошқа санъаткорлар, жумладан машҳур доира устаси Аббос Қосимов, актёр ва раққос Рашид Шадат, қўшиқчи Сардор Мирзахўжаевлар билан катта концерт дастурини ўтказишга тайёргарлик кўрмоқда.

Концерт 18 апрелда аввало Манчестердаги мухлисларга, 24 апрелда эса Лондонда тақдим этилади.

Маҳмудова хоним ўзининг жозибали чиқишлари билан Британия шимолидаги матбуотда "Йоркшир графлиги дурдонаси" номини олган.

Санъат Маҳмудова Ўзбекистондаги таълими ва тажрибаси учун беҳад миннатдор, бироқ аёл сифатида ижод қилиш унинг учун Ғарбда анча осонроқ эканини айтади.

Меҳмонимизга савол йўлламоқчи бўлсангиз, матн остидаги боғланиш формасини тўлдиринг, ёки фейсбукдаги саҳифамизда ўз саволларингизни ёзиб қолдиринг.

Санъат Маҳмудова билан суҳбатни жума куни тинглашингиз мумкин.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ