Россияда сохта никоҳ ўзбекистонликларга керакми?

Ўзбекистондаги интернет нашрлларининг хабар беришларича, Россиянинг Ленинград вилоятида бир аёл билан соҳта никоҳ қайд этиш йўли билан у ерда қолишга уринган ўзбекистонлик ишини маҳкама кўриб чиқиб, никоҳни ноқонуний дея тан олиш борасида прокурор сўровини қондириши кутилмоқда.

Шу йил бошидан Россияда ишловчи муҳожирлар учун қайддан ўтиш ва ишлаш рухсатини олиш чоралари қатъийлаштирилган бўлиб, бу ҳолат уларнинг ўз мавқеларини қонунлаштиришнинг шу каби турли йўлларини излашга мажбурлаётгани айтилади.

Бундан ташқари уларнинг сони камайганлиги ҳам кузатилмоқда.

Москвадаги мустақил журналист Соҳиба Ҳайитбоева муҳожирлар сонининг камайгани, уларнинг ҳозирги аҳволи, нега сохта никоҳга киришга уринишлар борлиги ҳақида гапиради.

"Аввал ҳар қадамда Ўрта осиёликни учратиш мумкин эди. Ҳозир меҳнат муҳожирлари камайгани ҳамма ёқда сезилади. Бундан ташқари бўш иш ўринлари кўпайган. Олдин одамлар иш топа олмасди. Муҳожирлар бир-бирларига бўш иш ўринларини таклиф қилиб юрганларини ҳам кўриш мумкин".

Бунга сабаб талаб қилинадиган ҳужжатлардаги кескин ўзгаришлар бўлса, иккинчидан пул қадри камайгани таъсир қилган.

Лицензия олиш билан муаммолар ҳам муҳожирларнинг оқимини камайтирди. Мисол учун, ўтган йил декабрда лицензия олганлар ҳам мартга келиб ҳамма ҳужжатларини қайтадан тахлаши керак бўляпти. Янги патент олиш учун чегарага чиқиб келиш талаб этилади. Муҳожирлар учун пайдо бўлган бу катта муаммо ҳам маблағга тақалади, ҳам сарсонгарчиликларни келтириб чиқаряпти. Икки ой муҳлат миллион-миллион муҳожирлар учун жуда қисқа муддат, аксарияти улгура олмай ортига қайтиб кетяпти.

Россияга энг яқин чегара Украина билан. У ерга чиқаётганлар чегарачиларга пул бериши керак, йўлда ҳар қадамда пора талаб қилинади. Бу чиғириқлардан ўтиб, амаллаб ҳужжат топширганларнинг муаммоси ҳам бир талай. Патент учун, рус тилидан имтиҳон топшириш учун узундан-узоқ навбатлар пайдо бўлмоқда. Имтиҳондан йиқилганлар яна пул тўлаб синовдан ўтишга мажбур.

Россияда сохта никоҳдан ўтишга ҳаракат қиладиган меҳнат муҳожирлари аввал ҳам бор эди, ҳозир ҳам кўп.

Россия фуқароси билан никоҳдан ўтиш қўшимча имтиёзлар бергани сабабли, нафақат ўзбек эркаклари балки ўзбек аёллари ҳам, бошқа миллат муҳожирлари ҳам шундай йўл тутишга уриниб кўришади.

"Шунингдек, охирги пайтларда учраётган кулгули ҳолат- катта-катта кишилар сохта талаба ҳужжатини расмийлаштириб оляптилар. Чунки Россияда ўқиётган талабаларга ҳам имтиёзлар берилади", дейди журналист Соҳиба Ҳайитбоева.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02