Ўзбекистон телевидениесига қарши шикоят аризаси қондирилмади

Мустақил Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташаббус гуруҳи хабар қилишича, 9 март куни фуқаролар иши бўйича Шайҳонтоҳур туманлараро маҳкамасида Насиба Илҳомованинг Ўзбекистон телеканалига нисбатан "бўҳтон ва таҳқирлаш" ҳамда 2014 йил 11 декабрда намойиш этилган "Хиёнат" филмининг ноқонуний эфирга узатилиши бўйича топширган шикоят аризаси кўриб чиқилган.

Аризада келтирилишича, филм эфирга берилганда Тошкент вилоят маҳкамасида Норвегияда меҳнат муҳожирлигида бўлиб қайтган ва сўнгра маҳкама томонидан 12-13 йилга озодликдан маҳрум қилинган олти фуқаро устидан диний экстремизм айблови бўйича маҳкама жараёнлари ниҳоясига етмаган бўлган.

"Хиёнат" филмида Насиба Илҳомованинг ўғли Шуҳрат Илҳомов ва шериклари жиноят кодексининг 120 моддаси-бесоқолбозликда айбланган. Бироқ маҳкама жараёнида ҳам, ҳукм хулосасида ҳам бу айблов тўғрисида сўз бормаган.

Даъвогарнинг шикоят аризасида айтилишича, Ўзбекистон телевидениеси ҳукм эълон қилинмасдан туриб олти судланувчини диний экстремизм ва бачабозликда айблаб, оммавий ахборот воситалари ҳақидаги қонунни қўпол равишда бузган.

Лекин на айблов хулосасида, на маҳкама жараёнида бу модда бўйича айблов кўрилмаган, дейди Насиба Илҳомова.

Бироқ шикоят аризаси билан маҳкамага фақат бир маҳкумнинг оиласи мурожаат қилган. Бошқа оила аъзолари адолатли ҳукм чиқарилишига ишонмаганлари боис, буни лозим кўрмаганлар.

Шикоят аризасида Илҳомовлар оиласининг шаъни ва қадр-қимматини ҳақоратлаб, етказган маънавий зарари учун Ўзбекистон телеканалини 5 миллион сўм ( 1200 доллар) жаримага тортиш сўралган.

Илҳомованинг маҳкамада айтишича, "Хиёнат" филмини тайёрлаганлар ва терговчилар филмни суратга олиш олдидан Шуҳрат Илҳомов ва яна беш судланувчини таҳдид ва қийноқларга дучор қилганлар.

Ҳужжатли филмда ҳар бир айбланувчи ҳали суриштирув ишлари кетаётган пайтда жиноят кодексининг 120 банди "бесоқолбозлик"бўйича иқрорномалар берганлари айтилади.

Судланувчилар эса видеокамера қаршисида кўрсатма бермаганлари, видеолавҳалар яширин камера орқали суратга олиниб, монтаж қилинганини билдирганлар.

Суд- тиббий экспертиза ҳам судланувчиларга нисбатан 120 банд бўйича айблов исботини топмаганини тасдиқлаган.

Бироқ маҳкама даъвогарнинг аризасида келтирилган ушбу талабларни қондирмаган.

Маҳкамада қатнашган Ўзбекистон телевидениеси вакили шикоят аризасини рад қилишни сўраган, бироқ рад қилиш учун далил ва исботларни келтирмаган. У шунингдек, филм Ўзбекистон Республикаси ИИВ буюртмаси асосида суратга олинганини таъкидлаган.

Маҳкама 40 дақиқа давом этган. Маҳкамада АҚШ элчихонаси, Оврўпо Иттифоқи, ОҲҲТ вакиллари ва Интерфакс, Новости Ўзбекистана мухбирлари ҳамда ҳуқуқ фаоллари иштирок этишган.

15 дақиқалик танаффусдан сўнг ҳакам Дилбар Мавлонова даъвогарнинг аризаси қондирилмагани, бу бўйича шикоят аризаси 20 кун ичида топшириш мумкинлигини маълум қилган.

"Хиёнат"филмида бачабозлик айблови

Ўзбекистон давлат телевидениеси орқали намойиш қилинган "Хиёнат" номли дастурда Оврўпода гўёки жиҳодчилар сафларига қўшилаётган ўзбеклар бесоқолбозликда айбланган.

Биринчи канал орқали кўрсатилган дастур Норвегияга сафар қилиб қайтган олти ўзбекистонликнинг Оврўпода диний экстремистлар таъсири остига тушиб қолганларини даъво қилган.

"Ўзларини Исломий эътиқодда деб билган бу шахсларнинг диний экстремистик гуруҳдаги раҳнамолари фатвоси билан Ислом динида ўта оғир гуноҳ саналган бесоқолбозлик билан шуғулланиб келганлигига нима дейсиз?" - дея савол беради бошловчи.

Кўрсатувда ўзбек телевизион "тергов"ига оид анъанавий тарзда олти ўзбекистонлик кўрсатма беради. Улардан бири Асадулла Хайруллаевич Ризқиев Норвегияга келганида уни нотаниш одамлар кутиб олиб, қочқин мақомини олиш учун ёлғон гапларни айтишни тавсия қилганлари ҳақида сўзлайди.

У бир йилдан ошиқки бесоқолбоз алоқада бўлиб келгани ва жиҳодчи гуруҳ таркибида бўлганини ҳам айтади.

Шуҳрат Қодирович Илҳомов дея таништирилган яна бир шахс ҳам бир вақтнинг ўзида жиҳод ва бесоқолбозлик билан шуғулланишини айтади.

Кўрсатув "экспертлари" ўзбекистонликлар ўз ватанларида жиноят саналаган бесоқолбозликни рўкач қилиб, Оврўпода бошпана олаётганларини билдиради.

Кўрсатув уюштирувчилари нима учун жиҳодга ишонган шахслар Исломда гуноҳ деб саналган ҳамжинс алоқаларга кирганларини изоҳламайди ва бу айбловларни дастакловчи далил-исботни келтирмайди.

Кўрсатувни томоша қилганда, агар бу йигитлар ҳақиқатдан ҳам ҳамжинс бўлсалар, бесоқолбозлик йўл очиб берилган Оврўпода нега янги ҳуқуқларидан баҳра олмай, жиҳодга қўшилдилар деган савол ҳам туғилади.

Исломий Давлат сафларига қўшилаётган ўзбеклар муаммоси ҳозирда мавжуд, лекин уларга бу каби "тамға" бериб қоралаш ҳаракати аввал кузатилмаган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02