Жиззахлик фермер мажбуран руҳий касалликлар шифохонасига ётқизилган

2015 йилнинг 3 март куни Тошкентнинг Чорсу бекати ёнидан изсиз йўқолган Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Алянси фаоли Алиқул Саримсоқовнинг орадан 8 кун ўтиб дараги чиққан.

Фаол мажбурий ва ноқонуний тарзда руҳий касаллар шифохонасига олиб бориб ётқизилган, деб хабар беради Саримсоқовнинг ҳамкасблари.

"10 март куни Алиқул Саримсоқов менга нотаниш рақамдан қўнғироқ қилиб қолди. Айтишича, бир илож қилиб, кимларнингдир телефонидан фойдаланган. Алиқул Саримсоқов айни дамда Жиззах шаҳар руҳий касалликлар шифохонасида сақланмоқда экан", — дейди алянс аъзоси Шуҳрат Рустамов.

Рустамовнинг сўзларига кўра, 3 март куни Алиқулга кутиб туришини айтиб, ўз иши билан кетгач, Яккасарой туман ички ишлар бўлимининг терроризим ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлими ходимлари уни ушлаб, махсус машинада Жиззах вилоятига қараб қочишган. Терроризм бўлими ходимлари Алиқул Саримсоқовни Жиззах вилоят ички ишлар бошқармаси ихтиёрига элтиб, топширишган.

Ўз навбатида, Жиззах вилоят ички ишлар бошқармаси фермерни ҳеч бир суд қарорисиз, мутлақо ноқонуний тарзда, мажбуран руҳий касалликлар шифохонасига ётқизишга қарор қилган.

"Жиззахлик фермернинг саломатлиги қай аҳволда? Унга нисбатан куч, жисмоний қийноқ қўлланилганми, йўқми?"- бу каби саволларга ҳали жавоб йўқ, — дейди ҳуқуқбон Шуҳрат Рустамов.

Ўзбекистонда амалдаги ҳукумат бошқарувига нисбатан мухолиф фикрда бўлган, танқидий қарашларини очиқча изҳор этган мухолифат ва ҳуқуқ фаоллари, мустақил журналистлар, ҳур фикрли фуқаролар, улар ким бўлишидан қатъий назар таъқиб ва босимлар остида қолмоқда.

Режимга нисбатан танқидий қарашда бўлган шахсларни ноқонуний тарзда руҳий касалликлар шифохонасига мажбурий тарзда ётқизиш, безорилар ёллаб, кўча-куйда калтаклатиш, мунтазам таъқиб қилиш анъанага айланган.

Ўзбекистонда фаолият юритаётган саноқли ҳуқуқ фаоллари билдиришича, инсон ҳақларини таҳқирловчи бундай салбий ҳолатлар, айниқса, президент сайлови арафасида кучайган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02