Шайх ўлимидан мусулмонлар қайғуга чўмдилар

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

11 март куни Пешин намози пайти Тошкентдаги Шайх Зайниддин масжидида бутун Ислом оламида нуфузли уламо Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг жаноза маросими бўлди.

Шайх ҳазратлари 10 март куни тушдан кейин ҳаётдан кўз юмган.

Ҳазратнинг ўлими ҳақидаги хабар яшин тезлигида Интернет ижтимоий тармоқлари орқали тарқалди.

Кечга яқин Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг Тошкентдаги хонадони ташқарисида юзлаб кишилар тўпланди.

10 март тунида Шайх асос солган islom.uz веб-cайти хакерлар ҳужумига учраган.

islom.uz сайти фаолияти ишдан чиққан.

63 ёшда вафот этган шайхнинг жаноза маросими Тошкентдаги Шайх Зайниддин масжидида бўлиб ўтиши хабари ортидан пойтахтнинг Кўкча мавзесига элтувчи йўлларда автомобил қатновлари тўхтатилди.

Шаҳар кўчаларига қўшимча милиция кучлари жойлаштирилган.

Минглаб одамлар эрталабдан масжидга йўл олдилар.

Интернет ижтимоий тармоқларида маросимдан бир неча соат олдин масжид ичкарисида бўш жой қолмагани ҳақидаги хабарлар тарқалди, фотосуратлар эълон қилинди.

Ўзбекистон Дин ишлари қўмитаси Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ўлими муносабати билан таъзия изҳор қилди.

Ушбу таъзияда Шайх ҳазратларининг юрак хуружидан вафот этгани хабар қилинди.

Шайх ҳазратларининг ўлими дунёдаги кўплаб мусулмонларни қайғуга солди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф дунёдаги нуфузли Ислом ташкилотлари аъзоси эди, Диний қўмита бу ташкилотлардан айримларини эслатган.

Жумладан, улар, Макка шаҳридаги Ислом олами уюшмаси, Дунё тасаввуф уюшмаси, Дунё мусулмонлар уламолари кенгаши, Исломобод шаҳридаги Бутундунё ислом уюшмаси, Дунё масжидлари уюшмаси ва Иорданиядаги Оли Байт ташкилотига қарашли Исломий фикрлар академияси.

Михаил Горбачёв бошқаруви даврида Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф махсус элчи сифатида Афғонистонда асирга олинган совет аскарларини озод қилиш бўйича музокараларни бошқарган.

2004 йилда Бесландаги мактабда жангарилар одамларни гаровга олганда, Шайх ҳазратлари Россия Президенти Владимир Путинга маслаҳатчи бўлгани маълум.

Айни пайтда дунёнинг турли бурчакларидан Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф вафоти муносабати билан таъзиялар изҳор қилинмоқда.

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров бутун республика ҳудудида Шайх ҳазратлари руҳига тиловатлар қилиниши ҳақида, пойтахт Грознийдаги кўчалардан бири бундан кейин Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номи аталишини эълон қилди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ