Россиядан пул камайса, Марказий Осиё давлатларига нима бўлади?

Сўнгги маълумотларга кўра, ўтган бир йил ичида марказий осиёлик меҳнат муҳожирлари ортга юбораётган пулнинг ҳажми анчагина камайган.

Айрим Ғарб матбуотининг ёзишича, Россия рублининг инқирози иқтисоди шу каби фуқароларининг миллиардлаб доллар маблағларига қараб қолган тўққиз собиқ Шўро давлатига жиддий таҳдид солади.

Яқинда Британиянинг нуфузли “Гардиан” нашрида чоп этилган мақолада янграган фикрларга таянилса, жаҳон бозорида нефть қиймати тушиш ва рубл қадрсизланишда давом этаверса, меҳнат муҳожирлари ортга қайтишни бошлашади. Бу эса, яқин йилларда ичида бу каби давлатларда ижтимоий портлашга сабаб бўлиши мумкин.

Ўз ўрнида эслатиб ўтиш жоиз, расмий Кремлнинг Украина инқирозида тутган ўрни сабаб, Ғарб томонидан Россияга киритилган устма-уст иқтисодий жазо чоралари ва жаҳон нефть бозоридаги арзончилик шу яқин ойлар ичида рублнинг АҚШ доллари ва еврога нисбатан кетма-кет рекорд даражада қадрсизланишига сабаб бўлган.

Британ нашри худди шу ўринда fergana.ru ахборот агентлиги раҳбари Даниил Кисловнинг, “Россияда 2.4 миллион ўзбекистонлик меҳнат муҳожирининг борлиги айтилади. Шунда ҳам, бу – фақат расман келтирилаётган рақамлар. Бунча одамнинг ўзи ва оиласининг тирикчилиги улар Россияда ишлаб топаётган пул орқасидан ўтади. Ўзбекистон ва Тожикистонни, аслида, Россия инқилобдан асраб қолди. Агар ана шу одамларнинг ҳаммаси ортга қайтгудек бўлишса, бу – ижтимоий портлашга сабаб бўлиши мумкин. Балки, ҳозирнинг ўзида эмасдир, аммо бир, икки ёки беш йили ичида шундай бўлиши эҳтимоли йўқ эмас”, - деган сўзларидан иқтибос келтиради.

Агар, мақолада тилга олиб ўтилган Жаҳон Банкининг маълумотларига таянилса, ҳозир Арманистон иқтисоди (21%), Гуржистонники(12%), Қирғизистонники (31.5%), Молдованики (25%), Тожикистонники (42%), Украинаники (5.5%), Литваники (4.5%), Озарбайжонники (2.5%) ва Ўзбекистонники (12%) га меҳнат муҳожирлари четдан юбораётган пулга қарам.

“Гардиан”нинг мазкур маълумотлардан хулоса қилишича, бу кўрсаткичлардан айримларини, ҳатто, бутун дунёда ҳам энг юқориси, деб айтса бўлади. Яъни, Йиллик Ялпи Ички Маҳсулот Ишлаб Чиқариш кўлами меҳнат муҳожирларининг даромадларига энг кўп қараб қолган жаҳондаги бешта давлатнинг учтаси собиқ Шўро Республикалари ҳиссасига тўғри келади.

Мақолада ёзилишича, Россия рублининг кескин арзонлаб кетиши аллақачон Туркманистонда манатнинг қадрсизланишига сабаб бўлиб улгурган. Қозоғистон тангасининг ҳам долларга нисбатан ўз қийматини янада йўқотишига оид гап-сўзлар йўқ эмас.

“Минтақа давлатларининг иқтисоди бир-бирига жуда боғлиқ. Дейлик, Беларус четга чиқараётган маҳсулотларининг ярмидан кўпроғи Россия ҳиссасига тўғри келади. Бундан ташқари, Россия, Беларус ва Қозоғистон Оврўосиё Иқтисодий Иттифоқи остида ягона блокка бирлашишган. Бунга қўшимча, Арманистон ва Қирғизистон ҳам. Рублнинг қадрсизланишига қўшимча, бу давлатлар энди меҳнат муҳожирлари орқасидан келаётган улкан даромадларнинг кескин қисқариши эҳтимолига ҳам тайёр бўлишлари керак. Бу эса, уларнинг ЯИП сига таъсир этмай қолмайди”, - дейди “Гардиан”.

Агар, Жаҳон Банкининг ўтган йил якунида эълон қилган маълумотларига таянилса, бу тўққиз собиқ Шўро давлатилик меҳнат муҳожирларининг йиллик даромадлари 33.3 миллиард АҚШ долларининг ташкил қилган. Шунинг ярмидан кўпи Россиядан юборилаётган маблағлар ҳисобига тўғри келган.

Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон эса, юқорида тилга олиб ўтилган тўққиз собиқ Шўро Республикаси орасидан мавжуд хавфдан энг кўп зиён кўриши мумкин бўлган давлатлар сифатида тилга олинган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

“Агар, Ўзбекистонни оладиган бўлсак, Ислом Каримов Россияга ишлаш учун борган меҳнат муҳожирларини “ялқовлар”, деб атаган ва ўз юртларида иш топишлари лозимлигини айтганди. Аммо реал воқеъликка назар ташланса, Ўзбекистонда иш тиқилиб ётгани йўқ. Ойига 100 АҚШ доллари яхши маош саналади. Мамлакатнинг аксарият шаҳарларида ишнинг ўзи йўқ. Минтақавий экспертларга кўра, агар, меҳнат муҳожирлари юбораётган пуллар тўхтайдиган бўлса, Каримовга ўхшаш раҳбарлар жиддий муаммога юз тутишлари мумкин”.

Британ нашрига кўра, биргина футбол бўйича 2018 йилги Жаҳон чемпионати мезбони эканининг ўзи назарда тутилса, мавжуд вазиятдан Россия ҳам жабр кўрмай қолмайди. Чунки биринчилик учун лозим бўлган иншоотларни барпо этишда уларга меҳнат муҳожирларининг кўмаги лозим бўлади.

Худди шу манзарада Москвадаги CONTACT пул ўтказиш тизими таҳлилий маркази куни-кеча эълон қилган маълумотларга ишонилса, ўтган бир йилда Россиядан Ўзбекистонга пул ўтказмалари ҳажми 10 %, қўшни Тожикистонга эса, 6 камайган.

Агар, минтақавий экспертларнинг хулосаларига таянилса, мавжуд ҳолатга Россия рублининг қадрсизланишидан ташқари, ноқонуний меҳнат муҳожирларига қарши кўрилаётган кескин чоралар ҳам сабаб бўлмоқда. Улар катта сонда Россиядан чиқариб ҳам юборилмоқда.

Айрим хабарларда бу йил Россияда меҳнат муҳожирлари сонининг қарийб 10 фоизга камайиши ва бу Россиядан юборилаётган пул ўтказмалари ҳажмига ҳам яхшигина таъсир қилиши мумкинлиги айтилади.

Аммо мавжуд ҳолатга оид аниқ рақамларнинг шу ой охирида Россия Марказий Банки томонидан эълон қилиниши кутилмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ