Россияда автоҳалокат натижасида 15 ўзбекистонлик муҳожир ҳалок бўлди

Россиянинг Брянск вилоятида Mercedes-Benz микроавтобусининг тўқнашуви натижасида 15 Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлган. Яна беш киши жароҳат олган. Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари паспортларига кирди-чиқди муҳрини урдириш учун Украина чегарасига боргани айтилмоқда.

Бу ҳақда ТАСС ахборот агентлиги полицияга таяниб хабар берди.

Ҳодиса 16 март куни тунда рўй берган. Ҳайдовчи билан 19 кишини ташкил қилган Mercedes-Benz микроавтобуси йўловчилари билан қарама қарши йўлга чиқиб кетади.

“Ҳайдовчи ухлаб қолган бўлиши ёки бошқа сабаб бўлиши ҳам мумкин”, - деган минтақавий Ички ишлар бошқармаси вакили Сергей Королев журналистларга.

Қарама қарши йўлга чиқиб кетиш натижасида Renault тиркамали юк автомобли билан тўқнашади. Тўқнашув оқибатида микроавтобус ҳайдовчиси билан бирга 14 йўловчи ҳалок бўлган ва 5 киши шифохонага ётқизилган.

Икки ўзбекистонликнинг турли жароҳатлар билан жонлантириш бўлимида ётгани маълум қилинмоқда. Уларнинг ҳаёти хавф остида, дейилмоқда.

Ўзбекистонлик яна бир эркак ва аёл травматология бўлимига елка ва болдир қисми синган ҳолда ётқизилган.

Юк машина ҳайдовчиси Украина фуқароси бош қисми лат еган деган ташхис билан ётқизилган.

Ҳалокат Брянск-Новозибков трассасининг 65 км масофасида Первомайск қишлоғида рўй берган.

Mercedes-Benz микроавтобусидагиларнинг ҳаммаси Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари эканлиги айтилмоқда.

Меҳнат муҳожирлари Москвада ишлаётган бўлган.

Улар Россияда яшаш қонунларини бузмаслик учун ўзларига яқин бўлган Украина-Россия чегара ўтиш нуқтасига кирди-чиқди муҳрини урдириш учун келган бўлган.

Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги келишувга кўра, икки давлат ўртасида виза алоқалари йўқ, бироқ фуқаролар ушбу давлатларда 3 ойгача рўйхатдан ўтган ҳолда яшашлари мумкин.

Ишлаш ҳуқуқи борлар эса, рухсат муддати тугагунча мамлакатда қолишлари мумкин.

Белгиланган муддат тугагач фуқаролар мамлакатни тарк этишлари ва қайтадан киришларига тўғри келади.

Россияда меҳнат қилаётган ўзбекистонликлар ўзлари ишлаб турган ерга яқинроқ бўлган чегара ўтиш нуқтасига бориб ушбу жараённи амалга ошириб келади.

Меҳнат муҳожирлари Қозоғистон, Украина ва Беларус давлатларига бир муддатга чиқиб, қайтадан Россияга киради. Уларнинг паспортига мамлакатдан чиқди ва кирди деган муҳр босилади.

Россияда рублнинг кескин қадрсизланиши ортидан ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг оқими камайгани айтилади.

Бироқ шундай бўлса ҳам Россияда турли соҳаларда миллионлаб ўзбекистонликлар тирикчилик ўтказиш учун меҳнат қилмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02