Марат Ахмеджанов: бир кун келиб биз чиқарган китоб Нобел олгани билан фахрланамиз

Би-би-си меҳмони - Лондондаги Silk Road Media нашриёти раҳбари Марат Ахмеджановга савол беринг!

Марат Ахмеджанов 1976 йил Жиззахда туғилган.

Ўзбекистондаги маҳаллий даврий нашрларда фаолият юритган.

2002 йилда Silk Road Media нашриёти таъсисчиларидан бири бўлган.

Ушбу нашриёт инглиз тилида Open Central Asia журналини мунтазам нашр қилиб келади.

Бу журнал инглиззабон ўқувчиларнинг Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистоннинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва маданий ҳаёти билан яқиндан танишишларида муҳим роль ўйнаб келмоқда.

Шунингдек, Марат Ахмеджанов "Hertfordshire Press" матбаа уйи асосчиси.

У, қатор йиллардан буён Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва туркманистонлик ижодкорларнинг ижодий асарларини тарғиб этиш мақсадидаги Марказий Осиё китоб форуми ва адабиёт фестивалларини ташкил қилиб келади.

Минтақа шоир ва ёзувчиларининг ўз она тилларидаги асарларининг энг яхшиларини топиш ва инглиз тилига таржима қилиш ҳамда тарқатишга эътибор қаратган ушбу тадбирлар Бишкек ва Лондон шаҳарларида ўтказилди.

Китоб форумларига бутун минтақадан ёзувчи ва шоирлар қатнашишди.

Би-би-си меҳмони Марат Ахмеджанов билан суҳбат

Лондондаги студиямизга ташриф буюрган Марат Ахмеджановдан суҳбатимиз бошида Ўзбекистондаги матбаачилик фаолияти ҳақида гапириб беришни илтимос қилдик.

Марат Ахмеджанов: Катта раҳмат. Мен Ўзбекистондаги илк хусусий безакли хотин-қизлар журнали ношири сифатидаги тажрибам билан ўртоқлашсам. 1998 йилда биз Pery деб номланган журнални нашр қилишни бошладик. Бу ўша пайтдаги Ўзбекистондаг илк хусусий аёллар журнали эди. Шундан кейин бошқа хусусий журналлар - "Саида", "BellaTerra"ларни нашр қилиш бошланган. Бу журнални нашр қилиш даври қизиқарли бўлган. Ва жуда қисқа вақт ичида биз оммавий ва машҳур журналга айланишга муваффақ бўлганмиз. Журналимиз энг машҳурликка эришган вақтида биз 50000 ададга чиққанмиз. Биз билан жуда кўп фототасвирчилар, журналистлар ва ёзувчилар билан ҳамкорликни йўлга қўйганмиз. Журналимиз хизмати давлат томонидан ҳам эътироф этилган, бизни Олий Мажлис Ёшлар қўмитасига, бошқа давлат идораларига тез-тез таклиф қилишар эди. Кейин баъзи қийинчиликлар юзага келди. Ва 2005 йили биз журнални нашр этишни тўхтатишга қарор қилдик.

Би-би-си: Мана ҳозир эса сиз Open Central Asia журналини чиқараяпсиз. Марказий Осиёга бағишланган инглиз тилидаги журнални нашр қилиш ғояси қандай туғилган?

Марат Ахмеджанов: Журнал нашр қилиш ғояси мен бу ерда Лондонда магистратурада ўқиб юрган пайтларим туғилган. Мен 2005 йил сентябрида University of the Arts London да матбаачилик бўйича магистратурада таҳсил олишни бошладим. Мен нашриёт иши бўйича халқаро тажрибани ўрганишни хоҳлаганман. Мен ўшанда журналимизнинг бош муҳаррири Ник Роуван билан танишдим. У Оксфорд ва Итон университетларини тамомлаган. У саёҳатни яхши кўради ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича саёҳат қилган. У ўша сафарлари пайти минтақани севиб қолган. Ва иккимиз, "Лондонда шундай журнал чоп қилиш керакки, бу журнал британияликларга Ўзбекистон, Марказий Осиёда юз бераётган ҳодисалар ҳақида ахборот берсин, минтақадаги инглиз тилида журнални ўқий оладиганлар эса расмий нуқтаи назар ифодаланмаган, мустақил маълумот ола олсинлар", деган фикрга келганмиз. Мана Open Central Asia журналини нашр қила бошлаганимизга олти йил бўлди. Журналимиз муваффақиятли чиқди. Ҳозирги пайтда журналимизнинг 2000 дан ортиқ доимий обуначиси бор. У минтақанинг ҳамма мамлакатларида ва Буюк Британияда ҳам тарқатилади.

Би-би-си: Журнал таҳририяти ёритишда қайси мавзуларга кўпроқ эътибор қаратади?

Марат Ахмеджанов: Бу, албатта, биринчи навбатда британиялик ўқувчини қизиқтирган мавзулар. Биз бу мамлакатдаги ўқувчи Ўзбекистон ёки Марказий Осиёда юз бераётган воқеа-ҳодисалардан қайси биридан хабардор бўлишини хоҳлар эди, деган саволдан келиб чиқиб мавзуларни танлаймиз. Журналимизда сиёсий янгиликлар кам бўлса-да, ёритилади. Минтақадаги жорий вазият ҳақида ахборот беришга ҳаракат қиламиз. Ўзбекистон билан Буюк Британия ҳамкорликда амалга ошираётган лойиҳаларни ёритамиз. Маданият, адабиёт ва анъаналар ҳақида, сайёҳлик имкониятлари ҳақида мақолалар эълон қилиб борамиз. Минтақадаги мавжуд муаммолар, хусусан, сув билан боғлиқ мушкулликлар мавзусини биз кўп маротаба ёритганмиз. Биз маданий қадриятлар, музейлардаги қадрли экспонатларни асраб-авайлаш масалаларига эътибор қаратганмиз.

Би-би-си: Минтақамиз мамлакатлари мустақил бўлганига 23 йилдан ошди, бироқ ҳозиргача ҳам Марказий Осиё мамлакатларини дунёга таништириш долзарб масала бўлиб турибди. Сиз нима деб ўйлайсиз, сизнинг Open Central Asia журналингиз минтақани дунёга таништиришда қанчалар кўмак бера олаяпти?

Марат Ахмеджанов: Менинг ишончим комил, журнал Британия жамоатчилиги, экспертлар, сиёсатчиларнинг эътиборларини Марказий Осиёдаги вазиятга жалб қилишга ижобий таъсир кўрсатди. Буни минтақага расмий сафар билан бораётганларнинг сони ортганига таяниб ҳам айтиш мумкин. Мисол учун, Британия Ташқи ишлар вазирлиги мулозимлари минтақадаги бирор мамлакатга сафар қилишдан олдин бизга мурожаат қилиб, журналимизнинг барча сонлари тўпламини сўрашади. Журналимиздаги мақолалар билан танишиб, ўзлари учун кўпроқ маълумот олишга интиладилар. Улар бизга маълумот бюроси, референс маъносида мурожаат қилишади. Бизга қўнғироқ қилишиб, "журналингизда мана шу мавзуда мақола эълон қилганмисизлар", деб ҳам сўрашади. Қизиқиш ортганини журналимизнинг расмий веб-сайтига кирувчилар сони кўпайгани ҳам яққол намоён этади: ҳар йили сайтимизга бир миллиондан ортиқ муштарий ташриф буюради. Биз ўзимиз қизиқиш бунчалик кучли бўлади, деб кутмаган эдик. Интернет ижтимоий тармоқлари борасида ҳам шу гапни айтишимиз мумкин. Мисол учун, Facebookда мавжуд Британиядаги Марказий Осиёга бағишланган, иштирокчиларининг сони энг кўп гуруҳ ҳам бизнинг гуруҳимиз. У ердаги гуруҳимиз иштирокчилари сони 12 мингдан ортиқ. Муштарийлар бизнинг ўзимиз эълон қилган мақолалар ёки гуруҳимиз тарқатган мақолаларни ўқишади. Буни минтақадаги бадиий адабиётга бўлган қизиқишда ҳам кўриш мумкин. Бир неча йил олдин биз Hertfordshire Press матбаа уйини ташкил қилдик. Бу нашриётдан кўзланган мақсад, Марказий осиёлик муаллифларнинг китобларини нашр қилиш эди. Биз бу муаллифларни Open Central Asia журналимиз саҳифаларида тарғиб қила бошладик. Журналимиз бу нашриётнинг ҳамда муаллифларнинг минбарига айланди. Натижада минтақа ижодкорларининг асарлари ва китобларига қизиқадиган, уларнинг китобларини сотиб оладиган одамларнинг сони ҳам кўпайди. Ҳали 10 йил олдин ҳам Британияда таниқли бўлган Марказий осиёлик муаллифларнинг сони бармоқ билан санарли эди. Бугунга келиб эса, бу ерда бизнинг ҳиссамиз ҳам бор, Британияда билишадиган минтақалик ёзувчи-шоирлар сони ўнлаб кишини ташкил этади. Фақат бизнинг нашриётимизнинг ўзи 28 ижодкор китобини нашр қилди. Яна бошқа нашриётлар ҳам китобларни чиқараяпти. Шунинг учун ҳозир беш ёзувчини эмас, 50 ижодкорни билишади. Ахборот дастагисиз бундай натижага эришиб бўлмас эди. Ҳаммага маълумки, бир китобни чоп этиб, "мана қаранг, қандай яхши китоб" дейишнинг ўзи етарли эмас. Ахборо макони зарур. Бу ўзи қандай мамлакат, дунёнинг қайси бурчагида жойлашган, у ерда нималар бор, қандай жараёнлар кечаяпти у ерда? Журналимиз мана шу ахборот макони ролини ўйнамоқда. Мисол тариқасида Нукусдаги Савицкий музейини тилга олиш мумкиндир. Бизнинг журналимиздаги мунтазам эълон қилиб бориладиган мақолалар натижасида ҳам музей халқаро қўллаб-қувватловга эга бўлмоқда. Ҳозир Савицкий музейи ҳақида ҳужжатли фильмлар тасвирга олинмоқда, оммавий ахборот воситаларида мақолалар эълон қилинаяпти, китоблар нашр қилинаяпти, турли тадбирлар уюштирилаяпти. Ўшандай пайтда бизга ҳам мурожаат қилишади. Шунинг учун ҳам мен ижобий таъсири катта бўлаяпти, деган фикрдаман. Бу таъсирни биз бу ерда Лондонда ҳам, минтақада ҳам ҳис қилаяпмиз. Мана охирги пайтларда бизга минтақадаги турли университетларнинг тадқиқотчилари, ўқитувчилари мурожаат қилиб, ўзларининг мақолаларини журналимизда эълон қилишимизни сўрашаяпти. Биз ўз журналимизни университетларга тарқатмаймиз. Бу дегани, журналимизни одамлар ўқияпти, қўлдан-қўлга узатмоқдалар. Демак, одамлар учун биз ишончли ахборот манбасимиз.

Би-би-си: Энди Hertfordshire Press нашриёти ҳақида гапириб берсангиз. Нега мана шундай нашриётга эҳтиёж бор, деган фикрга келгансиз?

Марат Ахмеджанов: Айнан Open Central Asia журналимизни бир неча мобайнида нашр қилганимиздан кейин кўрдикки, биз ахборот маконини тўлдираяпмиз. Ва бу ахборот маконини адабиёт билан, жиддий адабиёт билан тўлдириш керак, бир муаллифга журналнинг фақат икки саҳифасида эмас, балки тўлақонли минбар шаклида шароит яратиб беришимиз керак, деган фикрга келдик. Муаллифга ўзининг асарини нашр қилишга ёрдам бериш лозим, деб ўйладик. Бу йўлдаги илк лойиҳалардан бири яна Савицкий билан боғлиқ бўлди - биз 2011 йилда Савицкий таржимаи ҳолини нашр қилдик. Биз буни нашар қилишдан олдин бунчалар муваффақият қозонади ва бунга талаб бунчалар катта бўлади, деб кутмаган эдик. Шундан сўнг биз муаиллифларнинг асарларини танлаб олиб, нашр қилишни, бу китобларнинг тақдимотларини ташкил қила бошладик. Уч йил олдин биз адабий танлов эълон қилдик. Ҳозир биз ҳар йили "Очиқ Марказий Осиё ва Овросиё" деб номланган адабиёт фестивалларини ташкил қилиб келмоқдамиз. Ушбу тадбиримиз ҳам муваффақиятли бўлди. Бундай фестивалимизнинг энг охиргиси ўтган йили Олма-Ота шаҳрида ўтказилди. Унда МДҲ мамлакатларидан 456 ёзувчи-шоир иштирок этди. Бу фестиваль ўзининг дилидагисини айтишни хоҳлайдиган, ўзи ҳақида дунё билишини истайдиган, асари инглиз тилида нашр қилиниши истагидаги мана шунча кўп сондаги ижодкор борлигини намойиш этди. Open Central Asia мана шу ижодкорларни дунёга кўрсатишга ҳаракат қилаётган бир минбар ролини ўйнаяпти. Ва яна 10-15 йилдан кейин, менинг ишончим комилки, минтақа маданияти ва адабиёти ҳақида 100 миллионлаб одам хабардор бўлади. Чунки сотилган битта китоб йиллар давомида бериб берилган янгилик ёки ахборот дастуридан кўра кўпроқ маълумот берадиган манба ва камида бир одамни бохабар этади. Асардаги қаҳрамон кечинмаларини ўз бошидан кечирган, минтақа маданияти, урф-одатлари билан яқиндан танишган одам маълумоти кўп бўлади ва унинг хотирасида бир умр сақланиб қолади. Hertfordshire Press ана шундай минтақа ёзувчи-шоирлари асарларини дунёга таништириб келаётган матбаа уйидир.

Би-би-си: Мана ҳозир сиз ўзларингиз ташаббускори бўлган адабиёт фестивали ҳақида гапирдингиз. Адабиёт фестивали ва китоб форумлари қанча ижодкорни инглиззабон муштарийларга "кашф қилди" шу кунгача?

Марат Ахмеджанов: Боя айтганимдай, 2011 йилда илк китобимизни нашр қилганимиздан кейин ўйланиб қолдик: "ҳа, биз Марказий осиёлик ёзувчи-шоирларнинг китобларини инглиз тилида нашр этишни хоҳлаймиз. Лекин кимни? Кўпчилик ичидан кимни танлаб олиш керак?" Ахир биз тўғри келган кишининг асарини нашр қила олмас эдик-ку. Шунинг учун адабий танлов ва фестивал ўтказиш ғояси туғилди. 2011 йилнинг майида биз ўзимизнинг илк адабий танловимизни эълон қилдик. Конкурсда иштирок этишга Марказий Осиё ва МДҲ мамлакатларидан 140 дан зиёд ариза келиб тушди. Бизнинг минтақавий идорамиз Бишкек шаҳрида жойлашгани, Қирғизистон маданият вазирлиги, бошқа Қирғиз расмийлари билан дўстона алоқаларимиз йўлга қўйилгани учун ўзимизнинг биринчи адабиёт фестивалимизни Бишкек шаҳрида ўтказишга қарор қилдик. Бу фестивалга 1500 дан ортик иштирокчи келди, 140 ёзувчи-шоир чиқиш қилдилар. Улар орасида Януш Вишневский, Элчин Сафарли сингари таниқли ижодкорлар бор эди. Фестивалимиз меҳмони сифатида Ҳамид Исмоилов ҳам иштирок этганди. Бу фестивалимиз минтақа ёзувчи-шоирлари чиқиш қиладиган, ўзларини дунё ўқувчиларига тақдим этадиган пойдевор бўлиб хизмат қилди. Бизнинг эса ана шу фестивал иштирокчилари орасидан инглиз тили ўқувчиси учун қизиқ бўладиган шоир-ёзувчининг асарини танлаб олишимиз учун имконият яратилди. Бизнинг экспертларимиз ҳайъати 12 британияликдан таркиб топган. Улар орасида журналистлар ҳам, таржимонлар ҳам, ноширлар, муҳаррирлар ҳам бор. Улар Британияда нашр қилинганида кўпроқ муштарийларни жалб этиши мумкин бўлган ижодкор ёки асарни танлаб олишда ёрдам берадилар. Шунинг учун бу танловнинг бош ютуғи - ғолиб топилган ижодкорнинг асарини бизнинг ҳисобимиздан инглиз тилига ўгириш, нашрга тайёрлаш, китоб қилиб чиқариш ва Лондонда тақдимотини ташкил қилишдир. 2012 йили танловимиз ғолиби деб ўзбекистонлик ёзувчи Галина Долгая топилган. Биз фақат битта китобни чоп этмаймиз. Фестивал якунида бир неча китобни нашр этишга қарор қилинади. Биз танловда иккинчи ва учинчи ўринни олган ижодкорларнинг ҳам китобларини Британияда чоп этганмиз. Иккинчи фестивалимизни Лондонда ўтказдик ва унда 180 ижодкор қатнашди. Бу танловда озарбайжонлик ёзувчи Заур Ҳасановнинг биринчи Чечен урушига бағишланган асари ғолиб деб топилди ва биз бу китобни инглиз тилида нашр қилдик. Юқорида айтганимдек, Олма-Отадаги учинчи фестивалимизда 456 ёзувчи-шоир асари орасида тожикистонлик ёзувчи Толибшоҳ Давлат ғолиб чиқди. Ҳозир биз унинг китобини нашрга тайёрлаяпмиз. Китоб шу йилнинг октябр ойида чоп этилади ва уни биз ўзимизнинг тўртинчи фестивалимизда тақдимотини ўтказамиз. Биз бу фестивалимизни истеъдодларни қидириб топиш учун, уларнинг инглиззабон муштарийларга қизиқарли бўлганларини тарғиб этиш мақсадида ташкил қилганмиз.

Би-би-си: Ноширлик осон иш эмас. Сиз бир томондан Марказий осиёлик ижодкорларга уларни дунёга танитиш учун ёрдам кўрсатмоқчисиз, иккинчи тарафдан эса ўша шоир-ёзувчининг асарини инглиз тилига ўгириш ва китоб қилиб нашр этиш учун харажат ҳам қилишингизга тўғри келади. Моддий томондан ўзини-ўзи оқлайдими?

Марат Ахмеджанов: Бу мураккаб масала. Дунё миқёсида ноширлик жуда даромадли соҳа ҳисобланади. Аммо биз ҳали кўпчиликка таниш бўлмаган минтақа ижодкорларининг китобларини нашр қилаётганимиз учун бу молиявий таваккалчилик бўлиб турипти. Ноширликда даромад топиш учун камида 10 минг нусхада китоб сотиш лозим бўлади. Ундан кам бўлса, даромад қилиб бўлмайди. Ноширнинг даромади, энг яхши ҳолатда, китоб баҳосининг 10 фоизини ташкил қилади. Сиз энг оддий харажатларингиз - офис ижара ҳақи, омборхона ижараси, кмида икки ходимингиз маошини қоплашингиз учун камида 10 минг ададда китоб сотишингиз лозим бўлади. Мен шуни айтишим мумкинки, ўтказган уч фестивалимиз асосида нашр қилган беш китобимиздан ҳали бирортаси ҳам биз кутган даромадни келтиргани йўқ. Лекин биз тушкунликка тушганимиз йўқ. Чунки бирор иш осон ва тез бўлмайди. Биз бу китобларни нашр қилишга ўзимизнинг маблағимизни сарфлаяпмиз, вақтимизни кетказаяпмиз. Биз қўшимча молиялаш йўлларини қидирмоқдамиз. Грант ёки ҳомийлик лойиҳаларини, ҳукуматлар ёки университетлар молиявий дастагини ишга солишга ҳаракат қилаяпмиз. Биз бошқа тужжорий лойиҳаларимиздан тушган даромадимизнинг бир қисмини чиндан ҳам истеъдодли, ижодкор инсонларга йўналтираяпмиз. Анча мушкул. Ҳозирча биз даромад қўлга кирита олганимиз йўқ. Лекин биз чоп қилган ижодкорларнинг китоблари сотилиши ва яхши даромад келтиришига ишонамиз. Фақат бунинг учун вақт керак. Ишончим комил, бир кун келиб бизнинг ёзувчиларимиз ҳам тужжорий жиҳатдан фойдали бўладилар ва Нобел мукофоти ёки бошқа нуфузли адабий мукофотларни қўла киритганлари билан биз фахрланамиз.

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ