Ижтимоий минбар: Наврўзни нишонлаш керакми?

Наврўз Ўзбекистоннинг янги тарихида энг кўп баҳсу мунозараларга сабаб бўлган байрамлардан бири. Ушбу баҳсу мунозаралар Наврўз давлат миқёсидаги байрам деб эълон қилинганидан сўнг ҳам тўхтагани йўқ. Айниқса, сўнгги пайтларда, хусусан, ижтимоий тармоқларда бу оташпарастларнинг байрами ва уни нишонлаш динимизга тўғри келмайди, деган фикрлар билдирилмоқда. Совет даврида Наврўзни диний байрам сифатида тақиқлашга уринишлар бўлган ё-да коммунистик партия раҳбарияти даражасида шунга ўхшаш баҳслар кечган. Ва бу баҳслар кўпинча собиқ Ўзбекистон компартиясининг мафкура бўйича котибаси Раъно Абдуллаева номи билан боғланади. Ўзбекистон матбуоти Наврўз ҳақида ёзганда унинг шўролар даврида тақиқланганини эслатмасдан ўтмайди ва бу тақиқни расман Абдуллаева номи билан боғлайди.

Би-би-си ушбу мунозараларнинг тарихчасига назар ташлаш мақсадида Ўзбекистон коммунистик партиясининг ўша пайтдаги раҳбарлари билан боғланди. Ўзкомпартиянинг собиқ биринчи котиби Рафиқ Нишонов Би-би-си билан суҳбатда Наврўзни тақиқлаш ташаббуси Раъно Абдуллаевадан чиққани, унинг ўзи эса бунга қарши бўлганини урғулади.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Аммо Раъно Абдуллаеванинг ўзи Би-би-сига гарчи саломатлиги яхши эмаслиги боис интервью беролмаслигини айтган эса-да, Наврўзни тақиқлагани ҳақидаги даъволарни рад этди. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистондаги кўпчилик СССР давридаги сиёсий қарорлар муҳокама қилинган архив ҳужжатларидан бехабар ва бу архивлар очиладиган бўлса, Наврўзни ким тақиқлагани аён бўлади. Абдуллаева хоним қайтага Наврўзни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонлашни тарғиб қилгани, буни расмий бир маросимга айлантиришга уринганини айтди. "Наврўзнинг давлат миқёсида нишонланиши тўғри қарор бўлди. Мен фурсатдан фойдаланиб барчани Наврўз билан табриклайман" деб айтди Би-би-си билан суҳбатда Ўзбекистон Компартиясининг собиқ мфкура котибаси Раъно Абдуллаева.

Мавзу Facebook даги BBCO'zbek ўқувчилари орасида ҳам қизғин баҳсу мунозараларга сабаб бўлган.

Рустамжон Абдуллаев:

Энциклопедияларга мурожаат қилсак,НАВРЎЗ, асли форсий халқларнинг қадимги байрами эканлигини ва унинг форсчадан ўзбек тилига таржимаси “Янги кун” деган маънони англатишини ва шунинг учун ҳам Умар Ҳайём иштрокида тузилган Афғонистонда ҳам амалда бўлган Эрон қуёш календарида у ҳижрий Янги йилнинг кириш куни сифатида белгиланганлигини билишимиз мумкин. Қадимдаги даврларда Форс империяси Ўрта Осиёни босиб олгач, бу тун ва куннинг вақт жиҳатидан астрономик тенглиги ва баҳорги деҳқончилик ишларини бошлаш мумкинлигини ҳам англатувчи кун, унинг ҳудудидаги халқлар томонидан, шу жумладан туркий халқлар, XIV-XV аср Ўзбекистонларида ўзбеклар бу давлатларнинг фуқаролари ва демакки, миллат сифатида тарихнинг этник майдонида пайдо бўлгач эса, у бизнинг халқимиз томонидан ҳам, байрам сифатида нишонлана бошланган. Ўзбекистон 1991 йили ўзининг давлат мустақиллигига эришгач, Наврўз ҳам, 8 март ва бошқа байрамлар каби Президент Фармонлари ва ҳукумат қарорларида белгиланган расмий ёки давлат томонидан белгиланган байрамга айланиб, дам олиш куни сифатиди календаримизда қизил ранг билан ажратиб қўйилади. Бундан ташқари НАВРЎЗ 2009 йил 30 сентябирда ЮНЕСКОнинг Инсониятнинг номоддий мерослари репрезентатив рўйҳатига киритилган Халқаро байрам ҳам ҳисобланади. Шунинг учун ҳам шахсан мен “ижтимоий тармоқларда Наврўз, бу оташпарастларнинг байрами ва уни нишонлаш динимизга тўғри келмайди” деган фикрларни: саводсиз одамларнинг мутлақо ҳато фикрларидан бошқа ҳеч нарса эмас, деб ҳисоблайман. Шунинг учун ҳам ҳаммани келаётган Наврўз байрами билан табриклайман!.

Умида Аҳмедова: "Тўпписини олиб кел деса, калласини олиб келади" -) Эронда ҳар доим Наврўз байрам қилинган нафақат Эронда. Эсимни танибманки, онам ва бувимни Наврўз ҳақидаги ривоятларни эшитиб келганман.

Sayora Yadgarhodjayeva "социализм даврида Наврўз диний байрам деб тақиқланди, қозондаги сумалаклар ўчоққа ағдарилди, яна ўша давр қайтаяптими?" дея хавотир билдиради у ва "Ислом кириб келганда ҳам Наврўз бўлган, Муҳаммад САВ ҳаттоки шундай деган жойлари бор- Оллоҳга қарши иш қилинмаса, байрам қилиш, удумларни бажариш мумкин", - деб ёзган, аммо манбаъ келтирмаган.

Иброҳим Исмоилов исмли Facebook фойдаланувчиси унга эътироз билдиради: "Наврўз мушрикларнинг диний маросими!. Исломда ҳар бир амалнинг пайдо бўлиш тарихи муҳим ахамиятга эга!".

Utkir Gulyamov: Наврўз бу- халқимиз менталитетига жуда мос келувчи қадимий анъаналаримиз, укрф-одатларимизни акс эттирувчи, фақатгина позитив ҳиссиётларни олиб келувчи байрам. Бировларнинг тазйиқи билан урф-одатларимиздан воз кечсак, бу ҳолатда манқурт бўлиб қоламиз-ку!. Наврўзни Ислом динига алоқаси бўлмаса, уни инкор қилиш зарурмикан?. Унда ҳар куни ўзининг Исломдан олдинги тарихини вайрон қилаётган ИГИЛ дан нима фарқимиз қолади?. Буюк халқимизда Ислом дини билан боғлиқ бўлмаган юзлаб яхши одатларимиз бор. Масалан, нонни, дастурхонни эъзозлаш ва ҳоказолар... Булар имонни мустаҳкамлайдики, аммо асло заифлаштирмайди!!!.

Хусен Умаров: Наврўзни нишонлаш керак деб уйлайман, бу байрам одамларга куч ва орзу бағишлайди!

Dilara Rajabova: Шахсан мен учун НАВРУЗдан гўзал байрам йўқ.

Рустам Карим: Ўзбекистонда, Навруз бизга керакмас, дуйишса,автоматик ҳолатда 159 ва 244 буйнига илинади ёки осилади!. Конституцияга қарши чиқдинг деб. Чунки Наврўз байрами .у - давлат байрами!)))). Шунинг учун ҳеч ким ҳақиқатни ёзмайди!!!. Наврўз,кони зарар халк учун,чегаралар ёпилади,бизнес тўхтайди ва вилоятдан келганлар ҳайвон каби ҳайдалади қишлоғига. Умуман, байрам Ўзбекистон халки учун зарар,байрам дегани фақат тушум, кирим йўқ халқ учун!!!.

Firuz Allayev: Наврўз бу минг йилликдан бери нишонланиб келинаётган байрам. Ушбу байрам ҳозирги чала муллалардан олдин, Ал-Бухорийларнинг даврида ҳам нишонланган. Бугун дунёвий давлатда яшаб турибмиз ва ким уни нишонолаши ё-да нишонламаслиги шахсий ҳуқуқи. Баҳорнинг бошланишини байрам қилиш, қавм-қариндошлардан хабар олиш, маҳаллада шанбалик қилиб, шу баҳона байрам ташкиллаштириш, сумалаклар қилиш ҳаммаси яхшиликка хизмат қилади. Кимнинг нишонлагиси келмаса, марҳамат, лекин босим ўтказиш керак эмас!.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002