Тошкентнинг "смарт" ўтовлари кўчманчи бизнес учун яхшими?

Тошкент - нон шаҳри. Тошкентнинг донини чўқиган қуш Хиротдан ҳам қайтиб келади.

Хуллас, Тошкентда одам ҳеч қачон оч қолмайди. Ҳамма ёқ овқат, бозор-у, кафе, ресторан. Мулла жирингинг бўлса бас, чангалда шўрва. Ҳозир овқат бизнесида хизматлар чўққисига чиққан бир давр.

Уйингга бир зумда буюртмангни ҳам етказиб беришади скутердаги шоввозлар. Эээ, керак бўлса тўй ошини чет элга ҳам пахта гулли консервада экспорт қилиб юборамиз, буюртма бўлса бас.

Мижозда шунчалар танлаш имконият кўпки, энди тадбиркорлар нафақат мазали таом балки қулай ва ғайриоддий, одамни ўзига жалб қиладиган овқатланиш масканларини қуриш устида бош қотиришмоқда.

Улар ҳам ривожланган мамлакатлардаги каби ўз брендларини яратиб, унинг мавқеини оширишга куни-тун ҳаракат қилишмоқда. "Арт-кафе" деган тушунчалар ҳам ўзбекларга бегона бўлмай қолди.

Шундай муваффақиятли ғоялардан бири - замонавий ўтов. Унинг ичида улфатлар ёзу-қиш мазза қилиб ҳордиқ чиқарса бўлади. Сабаби унинг поли карейсча "кудури", яъни иситиш тизимига уланган.

Ундан ташқари кондиционерлари ҳам мавжуд. Энг асосий қулайлиги - шовқин йўқ, бемалол у ёқ-бу ёқдан гаплашиб гурунлашсанг бўлади киши. Баъзи кафеларнинг таоми сифатли бўлгани билан, мусиқаси жуда баланд бўлади. Одам бир мириқиб ёру-биродарлар билан суҳбат қила олмайди.

Ахир одам ресторанларга фақатгина овқатлангани бормайди-ку… Меҳр кўзда дегандек… Шу жиҳатдан бу каби ўтов-ресторанлар хўрандалар орасида оммабоп бўлмоқда.

Хоҳласанг ўтовнинг ичидаги телевизорда мусиқий клипларни ҳам бемалол ёстиққа ёнбошлаб, чилимни қурриллатиб томоша қилсангиз бўлади.

Жумладан Хосила Раҳимованинг шу мавзудаги қўшиғини ҳам: Бошимда бошпана ўтов, неча минг ястана ўтов…

Эндиликда ўтов нафақат бошпана балки даромад манбаига ҳам айланиб бўлди.

Сарлавҳага қайтсак, "смарт" (ақлли) телефон, уй, машина ва ҳоказо деганларидек... Тошкенда хозир "ақлли" ўтовлар ёмғирдан кейинги чиққан қўзиқориндек кўпайиб кетмоқда. Унинг ақлли эканлиги wi-fi ва замоновий қулайликларга эгалиги эмас, балки "ақлли" сармоя эканлигида кўринади.

Сабаби бор-йўғини тикиб кошона қурганларнинг аҳволи нима кечгани ҳақида кўп эшитганмиз. Яъни ҳоким келиб "йиғиштир карам шўрвангни, бу ерга йўл тушади" деганда, баъзи тадбиркорлар юрак хуружи бўлгани ҳақида.

Шундан келиб чиққан ҳолда, агар шунақа ҳолат яна рўй берса ўтов эгаси "бир оғиз сўзингиз, ҳоким бува" деб, тўртта чўпи ва кигизини ечиб олиб нарироқдаги бўш ерга ўтовини тикиб бизнесини давом эттираверади. Ҳеч қандай юрак хуружи бўлишга ҳам ўрин қолмайди. Қолаверса, миллионлаб сарфлаб кошона қуриб ўша овқатни сотиб қачон сармоянгни оқлайсан?!

Айрим холатларда Узбекистон шароитида Тошкент аҳолиси асли ўтроқ булишига карамай бизнесда кўчманчи бўлишликни тақозо этади.

Your contact details
Disclaimer