«Президент Каримов режими анча нураб қолган…»

Image caption "Каримов тузуми анчайин нураб қолган..."

Ўзбекистонда 29 мартга белгиланган президентлик сайлови мустақиллик йилларидаги аввалги сайловлардан деярли фарқ қилмаслиги тайин.

Ҳеч ким бир неча марта ўзининг қудратда қолиши учун конституцияни ўзгартириб келаётган Ислом Каримовнинг «ғалаба» қилишига шубҳа қилмайди.

Аммо нима учун Ўзбекистон ҳукумати сайлов деган театр томошасини ўтказмоқда?

Айни савол билан Би-би-си Марказий Осиё бўйича мутахассис, Лондонда Уруш ва Тинчлик масалаларини ёритувчи институт муҳаррири Жон Маклаудга мурожаат қилган.

Жон Маклауд: Бу демократик қадриятлар устивор бўлмаган собиқ Шўро давлатларидаги ғалати ҳолатдир. Бир қараганда қоғозда ва ёки расман мустақил маҳкама мавжуд, Ўзбекистон мисолида бир неча партиялар ҳам фаолият кўрсатади, сайланган парламент ва маҳаллий кенгашлар мавжуд…Ёки президент сайловлари ўтказилиб турилади. Мақсад, менинг назаримда, ўзларига қандайдир легитимлик бахшида этиш, яъни, мана қаранглар, бизда парламент бор, партиялар бор, сайловлар ўтказилади дея кўзбўямачилик қилишади…Аммо нима учун деган саволга тўла жавоб бериш қийин. Эҳтимол, уларда тахайюл тақчиллиги бордир, яъни бунақа бош оғритиб ўтиргандан кўра, монархия тузумига ўтган маъқулроқ, чунки сайловларнинг ҳақиқийлиги, адолатли кечиши ва ё маҳкамаларнинг мустақиллигига ҳеч ким ишонмайди. Бошқа томондан ҳатто Шўролар даврида сайловлар бўлган. Бир кишини номзодини қўйишгани, тамом, шуни сайлаймиз дейишган. Ҳақиқий танлов бўлмаган. Менимча, ана шу Шўро анъанасини Ўзбекистон сақлаб қолган.

Би-би-си: Демак, бу сайловлар ташқи дунёга, айниқса, ташқаридан келадиган кузатувчиларга кўрсатиб қўйиш учун уюштирилмоқдами? Бу сайловда овоз бериши кутилаётган ўзбекистонликлар учун ҳам бирор мужда борми?

Жон Маклауд: Табиий, бу албатта ташқи дунёга кўз-кўз қилиш учун қилинмоқда. Лекин бошқа томондан бу Шўро анъаналарининг инерция кучи билан давом этишидир. Яъни, сайлов ўтказиб қўйсангиз, ҳаммаси яхши бўлади ва бу гўё халқнинг ҳоҳиш-иродаси... Мухолифат йўқ, мустақил ва муқобил номзодлар ҳам йўқ...Мустақил омма фикрини ўрганадиган агентликлар ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Аммо табиийки, Ўзбекистоннинг ўзида ва мамлакат ташқарисида кўкрак кериб мақтанилинади, қаранг, мен қанчалар машҳурман, мени халқ яхши кўради қабилида йўл тутилади.

Би-би-си: Ўзбекистон парламентидаги партиялардан бири ўзини бошқаларига мухолиф деб эълон қилиб юборди, яъни, бири биридан деярли фарқ қилмайдиган, ҳукуматга мухолиф бўлмаган ва ҳеч қачон ҳукуматдан ўзгача фикрни илгари сурмаган партиянинг ўзи нимаю мухолифати нима бўлар эди, шундай эмасми?

Жон Маклауд: Мен бу ҳолатни уюштирилган деб биламан, яъни, бўлди, тамом, сиз ўзингизни мана бу партияга қарши мухолифман деб эълон қиласиз дейилади, улар ҳам, “хўп бўлади” дейишади, тамом. Аммо хавотирли томони шуки, бу каби ҳолатлар алал-оқибат халқнинг ишончини ўлдиради, бирор бир инқироз юзага келадиган бўлса улар бу каби “демократия ва дунёвий тузум”дан ҳафсалалари пир бўлиб, бошқа бир ғоя ва ёки оқим ортидан кетишлари мумкин. Мен Ўзбекистонда дейлик, инқилоб ва ё ҳатто Исломий инқилоб бу яқин ўртада рўй беради деган хаёлдан узоқман, аммо халқнинг нафрати экстремистик кайфиятларни кучайтириши мумкин... Масалан, Британияда биз полицияга ишонамиз, маҳкамалар, ҳатто нисбатан десангиз ҳам адолатли ҳукм чиқаради деб биламиз, аммо Ўзбекистонда милицияга ишонадиганлар борми? Одил маҳкамага-чи? Ўзбекистон милиция ва маҳкаманинг коррупцияга ботгани бир неча марта айтилди, мамлакатда бунга шубҳа қиладиган одамларни топиш мушкул.

Би-би-си: Аммо мана шундай ҳамма нарса назорат остида бўлган мамлакатда яқинда мисли кўрилмаган манзара кузатилди. Таниқли улама, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг дафн маросимига ўн минглаб одамлар қатнашишди. Тошкент кўчалари одамга тўлди. Ҳукумат уюштирадиган тадбирларда бу каби кўплаб одамлар иштирокини тасаввур қилиб бўлмайди. Сизнинг назарингизда, айни ҳолат нимадан далолат бериши мумкин?

Жон Маклауд: Биласизми, одамлар диний бир сабаблар билан кўчага чиқишди деб айтмаган бўлардим. Улар бир ғоя атрофида бирдамлик изҳор қилишгандай эди. Бу ғоя самимийлик, адолатпарварлик ва ҳозирги тузумда бўлмаган барча ижобий хислатларга эга бир ғоя эди. Бу тузум учун хавфдир. Яъни, сиз ҳар доим ҳам халқнинг истагига қарши бориб, ўз билганингизча сайловлар ўтказиб, сизга қаршиларни яксон қилиб юролмайсиз...Одамлар бирлашиши мумкин. Улар нафақат ўз Шайхларининг дафн маросимларида, балки қашшоқликка қарши, адолатсизликка қарши ҳам бирлашишлари мумкин. Ҳозир Россиядан меҳнат муҳожирлари қайтишмоқда. Уларнинг аксарияти қўлларида ҳунари бор инсонлардир, аммо уйда қиладиган ишлари йўқ. Ҳар бир мамлакатда маълум бир муаммолар бор, ҳатто энг тазйиқкор давлатда ҳам халқни жунбушга келтирадиган ҳолатлар бўлиши мумкин. Бу масалага сиёсий Исломнинг алоқаси бўлмаслиги мумкин, аммо бу бир муҳим масалани аниқ кўрсатди. Одамлар тузум ўйлаганчалик омию гўл эмас, сиёсатдан хабарлари бор, улар ўз рўзғорлари ва ҳаётларининг қадрига етишади. Фарзандларининг келажагидан ташвишга тушишлари мумкин ва бошқа ҳар қандай инсон каби мавжуд сиёсий тузумдан ҳафсалалари пир бўлиши ҳам табиий. Ҳозирги тузум Шўроларникидан фарқ қилмайди ва йигирма йилдан ортиқки давом этиб келмоқда. Аммо ҳозирги тузум боши берк кўчага кириб қолгандай, нима қилишини билмайди, бирор бир янги нарса таклиф қилмайди...Афсуски, бу хавотирланарли ҳолатдир. Чунки Ўзбекистонда фуқаролар ўз норозилигини ифодалаш учун мухолиф ва ё муқобил йўллар йўқ, ҳақиқий сиёсий партиялар, касаба уюшмалари ҳақида гап бўлиши мумкин эмас бу ҳолатда...

Би-би-си: Ўзбекистонда эртами-кечми долзарб бўладиган ва ҳозирданоқ баҳсу мунозараларга сабаб бўлаётган масала Каримовдан кейин қудратга ким келиши билан боғлиқ...Бу масалада ҳам тайин бир тизим йўлга қўйилмаган, шундай эмасми?

Жон Маклауд: Биласизми, бу анчайин қалтис масала, яъни Ўзбекистон учун қалтис...Каримовнинг атрофидаги одамлар бир-бирларига ва ёки унга тўла лойиқ инсонлар эмас. Шунданми, Каримовнинг тузуми ташқаридан кўринганидан кўра, анчайин нураб қолган. Ташқаридан жуда мустаҳкам кўринади, аммо унинг катта қизи билан ўртага чиққан муаммолар урчиб кетиши кўп нарсадан дарак беради...Аниғи шуки, ҳозир биз бир кишини кўрсатиб, Каримов кетса мана шу меросхўр деб айта олмаймиз. Чунки Каримовнинг ўзида шундай бир одам йўқ. Бу катта муаммодир. Каримовда иттифоқчилар қолмади ҳисоб, уни анча яккалаб қўйишган... Каримов ўзидан кейин бир меросхўр деб тайинлайдиган, ишончли бир ўринбосарга эга эмас. Шунинг учун ҳам сиёсий меросхўр масаласи хатарлидир, агар Каримовга нимадир бўлса ва бу масала тез ҳал этилмаса, унда воқеалар ривожи анча танглашиб кетиши тайин...

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02