Ғалабанинг 70 йиллигига ҳайкал... бузилди

Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳридаги Иккинчи Жаҳон урушида ҳалок бўлган ангренликлар хотирасига ўрнатилган ҳайкал бузиб ташланган.

Ангренлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Дмитрий Тихоновнинг айтишича, у шахсан икки марта расмийларга вайрон бўлаётган ҳайкални таъмирлашни сўраб мурожаат қилган ва шаҳар ҳокимлиги бу ҳайкални таъмирлаш яқин йиллардаги бюджетга киритилганини расман маълум қилганлар.

Бироқ аскар ҳайкалини бузишга қарор қилганлар.

Дмитрий Тихонов Би-би-сига ҳодиса тафсилотини сўзлаб берди.

Дмитрий Тихонов: Ҳайкални кеча кундузи бузишди. Бузишга тайёргарлик ишлари эса бундан бир неча кун олдин бошланган эди. Ангрен шаҳрида ҳамма "Кольцо" ёки доира деб атайдиган жой бор. Ҳайкал атрофида кўп дарахт экилган эди. Дастлаб ҳайкал атрофидаги ҳамма дарахтларни чопиб ташладилар. Кейин ҳайкал атрофидаги ҳамма мармар плиталарни қўпордилар. Буни кўрган кишилар, ҳайкални 9 май - Улуғ Ватан урушидаги ғалабанинг 70 йиллигига таъмирлашаяпти, деб ўйлашди. Чунки байрамгача кўп вақт қолмади-да. Бу ҳайкал 1967 йилда Ангреннинг энг марказига ўрнатилган эди. Мана бир неча йилдан буён аскар ҳайкали эътиборсиз ташлаб қўйилганди. Жангчи милтиғининг қўндоғини уриб синдиришган, мармар плиталари кўчиб тушган, айрим жойлари емирилган эди. Мен бу аҳволни кўриб икки йил олдин Ангрен шаҳар ҳокимлигига мурожаат қилиб, ҳайкални таъмирлаш лозимлиги ҳақида хат ёзган эдим. Менга шаҳар ҳокими ўринбосари Назарова расман жавоб ёзган ва ҳайкал чиндан ҳам таъмирга муҳтож аҳволда эканини тан олганди. Ҳайкални байрам кунигача таъмирлаш режалаштирилганини маълум қилган эди. Лекин ҳеч нарса қилишмади. Орадан бир йил ўтиб, 2014 йил баҳорида мен яна хат ёздим ва яна ҳокимликдан жавоб олдим. Бу жавоб хатида таъмирлаш ишлари Ангрен шаҳрини ривожлантиришнинг 2015 йилгача мўлжалланган бюджет режасига киритилгани ёзилган эди. Менинг аризамдан кейин Ангрен рўзномасида мақола ҳам эълон қилинди. Бу мақолада ёдгорликларни асараб-авайлаш лозимлиги ёзилган эди. Лекин яна бир йил давомида ҳайкал қаровсиз қолди. Кеча эса буткул бузиб ташлашди.

Би-би-си: Сиз ҳайкални нега бузиш қарорига келганлари сабаби билан қизиқдингизми?

Дмитрий Тихонов: Мен кеча ҳайкални бузишаётганини кўриб дарров шаҳар ҳокимлигига бордим. Мен ўз норозилигимни изҳор этдим. Шаҳар ҳокими иш жойида йўқ экан, мен ҳоким ёрдамчиси билан кўришдим. Нега бундай қилганлари сабабини сўрадим. Ҳоким ёрдамчисининг айтишича, ҳозир бутун шаҳарни қайта таъмирлаш ишлари олиб борилаяпти. Кўп жойларни ободонлаштиришга тўғри келипти. Ҳайкал ана шу Ангренни қайта таъмирлаш меъморчилик режасига тўғри келмаган эмиш, бу режани бузиб турган эмиш. Мен унинг юзига тўғри айтдим: Ҳайкал шаҳар меҳморчилигига эмас, мамлакатнинг мафкуравий сиёсатига тўғри келмаган. Шунинг учун уни бузишга қарор қилинган, деб айтдим.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Your contact details
Disclaimer