Марказий Осиё: 'Исломий Давлат" сафидаги энг кўп жангарилар ўзбекистонликми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Агар, ICSR (Радикаллашиш ва Сиёсий Зўравонликни тадқиқ этиш халқаро маркази) ва АҚШ Марказий Жосуслик Хизматининг расмий маълумотларига таянилса, худди шундай.

Бу икки ташкилот маълумотларига асосланиб, илк бор "Исломий Давлат" сафидаги жангариларининг сони 500 дан юқори бўлган давлатлар рўйхати тузилган.

Жаъми дунёнинг 13 давлати киритилган ушбу рўйхатдан собиқ Шўро Республикалари орасидан фақат Россия ва Ўзбекистон жой олган.

1.500 та экани айтилган жангариларининг сони бўйича Россия рўйхатда учинчи ўринни эгаллаган.

"Исломий Давлат" сафидаги "500 нафар жангариси" билан Ўзбекистон энг қуйи ўринда келган.

Аммо, таъкидлаш жоиз, Сурия ва Ироқда жанг қилаётган фуқароларининг сони бир неча ўндан бир неча юзгача эканини расман айтиб келаётган қолган Марказий Осиё давлатларидан бирортаси ICSR ва АҚШ Марказий Жосуслик Хизматининг янги рўйхатига тушмаган.

Бошқа томондан, бу - "Исломий Давлат" сафида жанг қилаётган ўзбекистонлик жангариларнинг сонига оид илк бор расман эълон қилинган маълумот бўлади.

Яъни, сўнгги йилларда мамлакат раҳбари даражасида “Исломий Давлат” хавфидан ошкора ва жиддий хавотир билдириб келаётганига қарамай, аксарият минтақа давлатларидан фарқли тарзда, Ўзбекистон томони шу пайтгача бу хусусда бирор бир расмий рақамларни келтирмаган.

Агар, янги рўйхат тафсилотларига таянилса, “Исломий Давлат” сафида жанг қилаётган фуқароларининг сони бўйича Тунис дунёнинг қолган барча давлатларини ортда қолдириб кетган.

Яъни, бу икки ташкилотнинг маълумотларидан жорий пайтда 3.000 тунисликнинг Сурия ва Ироқдаги жанг жабҳаларида экани маълум бўлган.

Иккинчи ўринда эса, “Исломий Давлат” сафларидаги 2.500 фуқароси билан Саудия Арабистони келган.

Юқори учликни тўлдирган Россиядан кейин Иордания, Марокаш, Франция, Ливан, Олмония, Британия, Ливия ва Туркия рўйхатни давом этдиришган.

Яқинда “Исломий Давлат” гуруҳи ўзининг минтақадаги янги тармоғига асос солган Покистон эса, 500 нафар фуқароси билан бу рўйхатда Ўзбекистон билан сўнгги ўринларни бўлишган.

Янги маълумотларнинг яна бир қизиқ жиҳати шундаки, сўнгги ойларда “Исломий Давлат” гуруҳи ҳар томондан сизиб киришга уринаётган ва маҳаллий толиблар ҳисобига юзлаб жангарилар ёллагани айтилаётган қўшни Афғонистон ҳам унга тушмаган.

Аммо жорий пайтда дунёдаги энг қудратлиси бўлган бу гуруҳнинг фаолияти ўз мамлакатида жадаллик билан уюшиш, мўлжал олиш, қарор бериш ва ҳужум қилиш даражасига етиб бораётганидан жиддий ташвишда эса-да, Афғонистон ҳукумати ҳам “Исломий Давлат”га ёлланган фуқаролари ҳақида шу пайтгача бирор бир аниқ маълумот бермай келади.

Бошқа маълумотлар нима дейди?

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, ICSR ва АҚШ Марказий Жосуслик Хизмати ўзининг янги рўйхати қандай манбаларга асосланганини очиқламаган.

Худди шу ўринда, ўзбекистонлик масъулларнинг ушбу идора томонидан эълон қилинган маълумотларга муносабати ҳам, ҳозирча, маълум эмас.

Сўнгги йилларда минтақа ичкариси ва ташқарисидаги турли нашрларда Сурия ва Ироқда жанг қилаётган ўзбекистонликларга оид айрим мақолалар ҳам бўй кўрсата бошлаган, интернетда эса, ўзбекча сўзлашувчи жангарилар акс этган қисқа видеолар ҳам пайдо бўлган.

Улардан айримлари Би-би-си дохил айрим бошқа Ғарб нашрлари билан алоқага чиқиб, ўзларининг "Исломий Давлат" гуруҳи сафида жанг қилаётган ўзбекистонлик эканликларини ҳам иддао қилишганди.

Имконли бўлган янги маълумотлар эса, худди шу каби ўзбекистонликлардан айримлари ўз суҳбатларида тилга олиб ўтган рақамлардан кескин фарқ қилади.

Яқинда ўзини Хуршид Мухторов, деб таништирган ўзбекистонликлардан бири Суриядан Би-би-си Ўзбек Хизматига берган суҳбатида ҳозир "Исломий Давлат" сафларида жанг қилаётган марказий осиёликларнинг сони минглаб экани, уларнинг аксариятини ўзбеклар ташкил қилишини иддао қилганди.

Агар, Халқаро Инқироз Гуруҳининг куни-кеча эълон қилган янги ҳисоботларига таянилса, ҳозир икки мингдан тўрт мингтагача марказий осиёлик "Исломий Давлат" гуруҳи сафларида жанг қилишмоқда.

Аммо бу халқаро ташкилот ҳам бу жангариларнинг энг катта сондагиси этник ўзбеклардир, дейди.

Янги ҳисобот муаллифларига кўра, "Исломий Давлат" Ироқ ва Сурияда олиб бораётган жангларига янада кўпроқ марказий осиёликларни ҳам жалб этишга муваффақ бўлмоқда.

Худди шу ўринда Халқаро Инқироз гуруҳининг таъкидлашича, Марказий Осиё ҳукуматлари "Исломий Давлат" жозибасининг кучини етарлича баҳолай олишмаган.

Гуруҳ эса, минтақадан эркагу аёл, ёшу кекса ва саводлию саводсиз, турфа тоифа кишиларнинг эътиборини ўзига тортмоқда, дейди халқаро ташкилот.

Сабаб ва жозиба

Халқаро таҳлилчиларга кўра, чуқур илдиз отган коррупция, авторитар бошқарув услуби, фуқаролар эркинлигини чеклаш, диний-сиёсий таъқиблар, қашшоқлик ва ишсизлик минтақа фуқароларини радикаллашишга ундаётган асосий омиллар бўлмоқда ва худди шу сабабдан ҳам, бунга ўша ҳукуматларнинг ўзлари сабабчи бўлишаётир.

Халқаро Инқироз Гуруҳининг огоҳлантиришича эса, агар, барча Марказий Осиё ҳукуматлари бир ёқадан бош чиқариб, бунга қарши ҳамкорликда чора-тадбир ишлаб чиқишмаса, жумладан, хавфсизлик чораларини кучайтириш билан бирга, ижтимоий ва сиёсий ислоҳотларга қўл уришмаса, диний радикализм бориб, бориб Марказий Осиёдаги барқарорликка таҳдид солади.

Таҳлилчиларга кўра, жорий пайтда “Исломий Давлат” Яқин Шарқда эришаётган муваффақиятлар, аллақачон қўл остида бўлган жуда катта ҳудуд, глобал исломий халифат қуриш ғояси ва эга бўлган улкан молиявий ресурслари қолган жиҳодчиларни ўзига жалб этувчи энг муҳим омиллар бўлиб қолмоқда.

Яъни, уларнинг таъкидлашларича, ҳозир бу каби жиҳодчилар глобал исломий давлат қуриш ва Ғарбга қарама-қарши туриш мафкураси атрофида бирлашишмоқда.

Таҳлилчиларга кўра, худди шу сабабдан ҳам, жиҳодчилар ўз олдларига ана шу жанг жабҳасига қўшилиб, ғарбга қарши курашиш каби вазифани қўяётган бўлишлари мумкин.

Уларнинг айтишларича, худди шу омиллар туфайли, бундан кейин ҳам жиҳодчиларнинг Ироққа йиғилиш тенденцияси давом этади ва яқин йиллар ичида асосий жиҳод жабҳаси ҳам айнан ана шу Ироқ бўлади.

Хавотирлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Худди шу манзарада, ҳатто, халқаро таҳлилчилар орасида ҳам жиҳодчилар сафларида жанг қилиб, ватанларига қайтаётган бу каби фуқароларнинг ўз давлатлари хавфсизлиги учун асосий муаммога айланишлари мумкинлиги ҳақидаги хавотирлар йўқ эмас.

Айрим минтақа давлатлари эса, аллақачон ўз фуқароларининг "Исломий Давлат" назорати остидаги ҳудудларга сафар қилишларининг олдини олиш йўлида қатор чора-тадбирларга ҳам қўл ура бошлашган.

Ўтган бир неча ойнинг ўзида Ироқ ва Суриядаги каттагина ҳудудларни босиб олиб, ўз исломий халифалигини эълон қилган "Исломий Давлат" эса, жорий пайтда барча жангари гуруҳлар орасидан "энг бойи" ва қудратлиси сифатида эътироф этилмоқда.

Жорий пайтда бу мутаассиб жиҳодий гуруҳ аъзоларининг сони 30 мингдан ортиши ва улар сафларида дунёнинг деярли ҳар бурчагидан жанг қилиш учун келаётган инсонларнинг борликлари айтилади.

Ўз ўрнида шуни ҳам таъкидлаш керакки, ICSR ва АҚШ Марказий Жосуслик Хизматининг янги рўйхатидаги давлатларнинг жўғрофий ранг-баранглиги ҳам худди шу нарсага далолат қилади.

Яъни, уларнинг орасида Шимолий Африкадан тортиб, Яқин Шарқ, Оврўпо ва Жанубий Осиё минтақаси вакилларигача учратасиз.

Фото муаллифлик ҳуқуқи

Ҳам халқаро ва ҳам минтақавий таҳлилчиларга кўра, Яқин Шарқдаги бу қудратли гуруҳ яқинда Покистонда асос солган “Хуросон Исломий Давлати” тармоғи орқали бундан буёғига ҳам янги жангарилар ёллаш ҳисобига минтақага чуқурроқ кириб боришга ҳаракат қилаверади.

Бошқа тарафдан, минтақавий таҳлилчиларга кўра, қўшни Афғонистон ва Покистон Толибон ҳаракати сафларидаги тарқоқлик, сўнгги йилларда "ал-Қоида" ва Ўзбекистон Исломий Ҳаракати юз тутган парокандаликлар минтақада жангари тармоқларнинг янги иттифоқлари юзага келиши эҳтимолини ҳам пайдо қилган.

Уларнинг айтишларича, агар, Ўзбекистон, Тожикистон, Афғонистон, Покистон, Ҳиндистон ва Эрондаги жангари гуруҳлар "Исломий Давлат"га қучоқ очгудек бўлишса, гуруҳ, ҳақиқатан ҳам, минтақа учун йирик таҳдидга айланиш потенциалига эга.

Асл мақсади Ўзбекистонда амалда бўлган тузумни ағдариб, исломий халифат қуриш бўлган Ўзбекистон Исломий Ҳаракати эса, бутун МДҲ давлатлари орасидан биринчилардан бўлиб "Исломий Давлат"ни дастаклашини ошкора баён этган жангари гуруҳлардан бири бўлади.

Биргина ўтган ойнинг ўзида Ўзбекистон интернет нашрлари мамлакат Миллий Хавфсизлик хизмати “Исломий Давлат” гуруҳининг ўз ҳудудларида террорчилик хуружларини режалаганидан хабар топишгани ҳақида ёзишганди.

Воқеаларнинг сўнгги ойлардаги ривожи манзарасида эса, Россия Яқин Шарқдаги икки энг жангари гуруҳ – “Исломий Давлат” ва “Жабҳат ал-Нусра ли-Аҳлаш аш-Шом” (Сурия Аҳлини Ҳимоя Қилиш Жабҳаси)ни “террорчи ташкилотлар” рўйхатига киритган биринчи собиқ Шўро давлати бўлганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ