Ўзбекистонда сайлов уйқусими ё бедорлиги?

Image caption Ислом Каримов Ўзбекистонда қарийб 26 йилдан бери қудратда қолмоқда

Ислом Каримов Ўзбекистонда қарийб 26 йилдан бери қудратда қолмоқда.

Якшанба куни мўлжалланган сайлов натижаларини тахмин қилишдай осонроқ иш йўқ.

Аммо ўтган бир ой ичида ўзининг барқарорлиги билан маст уйқуда бўлган Ўзбекистон ҳукуматини халқ бир “туртиб” қўйди.

Ислом Каримов ва унинг атрофидагилар бу туртишдан қанчалар бедор бўлишди деган савол эса очиқ қолмоқда.

Ўзбекистоннинг айримлар назарида авторитар, бошқалар таърифида диктатор президенти Каримов расман учинчи, норасман тўртинчи муддатга номзод бўлар экан, ҳеч ким бу сайлов натижалари аллақачон унинг фойдасига ҳал бўлганига шубҳа қилмайди.

Аммо март ойида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг жанозасига ўн минглаб, айрим хабарларда қарийб 200 минг кишининг қатнашиши Каримов режимини бир чайқатиб қўйгани аниқ.

Президентлик сайлови эса бу воқеа олдида ўлик бир манзарадир.

Тошкент кўчаларида номзодларнинг билбордлари кўриниши, шиорлари ва моҳияти икки томчи сувдай бир-биридан фарқ қилмайдиган даражада юпун...

Каримовнинг тинчлик, фаровонлик ва демократия ҳақида аҳдлари эса ўша билбордлардан пастга тушмайдиган ваъдалар такрори каби умидсиз эди.

“Рақиби” Каримовни қарийб Амир Темурга тенглаштирган бошқа бир номзод Акмал Саидов эса “миллий тикланишдан миллий юксалиш сари” деган жўн китобийликни шиорга айлантирган.

Энг қизиғи, бу номзодларнинг бирор нафари ўз тарғиботини 26 йилдан бери қудратда қолаётган Каримовни нафақат танқид, балки, ақалли мақтамасдан ўтказаётгани йўқ.

Энг бемаъни сайлов тарғиботи

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Каримов Амир Темурга тенглаштирилмоқда...

Акмал Саидов “рақиби” Ислом Каримовни Амир Темурга тенглаштирар экан, “Темур тузуклари”ни тилга олди.

“...кўп минг йиллик миллий давлатчилигимиз ўз олис тарихи давомида иккита том маънода мустақил ва ҳақиқий Конституцияга эга бўлган. Булардан бири – Соҳибқирон Амир Темурнинг “Темур тузуклари” бўлса, иккинчиси – Президентимиз раҳбарлигида ишлаб чиқилган амалдаги Конституциямиздир”, деди у.

Барча номзодлар том маънода ҳукуматпараст, Каримовнинг соясига салом берадиган шахслардир.

Сенаторга айланган собиқ ўқитувчи, геолог, ҳуқуқ ҳимоячиси... Уларнинг бари маълум бир лавозимларни эгаллашган мулозимлардир.

Марказий Осиё масалалари бўйича мутахассис Жон Маклеудга кўра, сайловлар масаласида вазият Шўролар даврида қандай бўлса, ҳозир ҳам ўшандай, ўзгаришсиз қолмоқда...

“Ҳатто Шўролар даврида сайловлар бўлган. Бир кишини номзодини қўйишгану, тамом, шуни сайлаймиз дейишган. Ҳақиқий танлов бўлмаган. Менимча, ана шу Шўро анъанасини Ўзбекистон сақлаб қолган», дейди у.

Уйқудан чарчаган халқ

Image caption Бедорлик сари

Нурсиз ва дилни ўрташ даражасида зерикарлик сайлов тарғиботи кунларидан бири ўзбекистонлик уламо, Ислом илм дунёсининг ҳурматини қозонган Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф оламдан ўтди.

Унинг ўлими бир маънода халқ бедорлигидан нишона бўлди.

Сайлов тарғибот тадбирлари ва ё ҳукумат уюштирган анжуманлар билан мутлақо солиштириб бўлмайдиган дафн маросими натижасида Тошкентнинг бир қисми фалаж ҳолати келди.

Ўн минглаб одамлар кўчаларга чиқишди.

Жанозада қатнашган зиёлилардан бири ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида, “миллат уйқуда деб ноумид эдим, ноумид шайтон экан”, деб ёзди.

Ўзбекистонда ҳукумат тадбирларидан бошқа ҳар қандай йиғинга одатда рухсат берилмайди.

Каримов режимининг мустақил диндорлар ва ё умумиятла Ислом билан муносабатлари ҳеч қачон силлиқ бўлмаган.

Аммо мутахассис Жон Маклеудга кўра, бу каби оммавий йиғинларни фақат дин билан боғлаб бўлмайди.

“Бу масалага сиёсий Исломнинг алоқаси бўлмаслиги мумкин, аммо бу бир муҳим масалани аниқ кўрсатди. Одамлар тузум ўйлаганчалик омию гўл эмас, сиёсатдан хабарлари бор, улар ўз рўзғорлари ва ҳаётларининг қадрига етишади. Фарзандларининг келажагидан ташвишга тушишлари мумкин ва бошқа ҳар қандай инсон каби мавжуд сиёсий тузумдан ҳафсалалари пир бўлиши ҳам табиий”, дейди мутахассис.

Аксарият ўзбекистонликлар бугун иқтисодий ночор, миллионлаб муҳожирлар Россияга иш қидириб кетишган.

Аммо Россия иқтисоди тобора оқсаб борар экан, юз минглаб ўзбекистонлик муҳожирлар ватанга қайтишмоқда.

Уларга иш йўқ. Россиядан меҳнат муҳожирлари жўнатаётган пуллар ҳам кескин камайиб бормоқда.

Жон Маклеудга кўра, айнан мана шу масала йирик муаммога айланиши мумкин.

“Одамлар нафақат ўз Шайхларининг дафн маросимларида, балки қашшоқликка қарши, адолатсизликка қарши ҳам бирлашишлари мумкин. Ҳозир Россиядан меҳнат муҳожирлари қайтишмоқда. Уларнинг аксарияти қўлларида ҳунари бор инсонлардир, аммо уйда қиладиган ишлари йўқ. Ҳар бир мамлакатда маълум бир муаммолар бор, ҳатто энг тазйиқкор давлатда ҳам халқни жунбушга келтирадиган ҳолатлар бўлиши мумкин”.

Опа-сингиллар уруши ва...

Image caption Каримов оиласидаги кураш қаҳрамони

Сайлов тарғиботи ташқаридан силлиқ ва зерикарли кечаётгани билан, кўплаб кузатувчиларга кўра, режимнинг ичида кураш авжига чиққан.

77 ёшга кирган ва саломатлиги ҳам тобора ёшига яраша бўлиб бораётган Каримовни ҳеч ким курсисига боғлаб қўйгани йўқ.

Каримовнинг тўнғичи Гулнора отасининг ўрнига келиши ҳақидаги назария ҳам ўтган йил чиппакка чиқди.

Унга нисбатан коррупция айбловлари ҳам Ўзбекистонда ва ҳам Ғарбда тобора баландроқ янграр экан, Гулноранинг бизнес салтанати қулатилди, ўзи уй қамоғига ташланди.

Гулнора, унинг ўғли Ислом ва қисман синглиси Лола нафақат Каримовлар оиласидаги, балки режим ичидаги муҳорабани бир маънода дунёга достон қилишди.

Айни можаро Каримов қудрати емирилиб бораётганидан дарак ўлароқ талқин этилди.

Аксарият кузатувчилар, Каримов тобора яккаланиб қолаётгани ҳақида якдиллар.

У ўзига меросхўр тайин қилгани йўқ.

Якшанба куни кечадиган президентлик сайловлари эса, ҳар ҳолатда ҳам Каримов ва унинг режими учун “порлоқ келажак” кафолати бўлмаслиги аниқ...

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ