“Келди очилур чоғинг, ўзлигинг намоён қил...” футбол майдончасида!

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Футбол ўйнасакми ва кейинги расмдаги чойхона паловга борсакми?

Баҳор келиб мини-футбол майдончалари ҳам анча ғимирлаб қолди.

Бамисоли узоқ уйқудан чиққан айиқ каби, қишдан зериккан болалар, йигитлар, ҳаттоки катта ёшдаги кишилар ҳам очиқ майдончаларга ошиқишни бошлади.

Авваллари сал ёшинг каттароқ бўлиб футболга кетаяпман десанг, "хўкиздек кишига нима бор битта коптокнинг кетидан чопиб, ундан кўра у-бу фойдали иш қилинг" деган сўзларни эшитардинг.

Энди эса баъзилар фахр билан айтади буни…

Сабаби соғлом турмуш тарзини одат қилиш керак эканлигини кўпчилик англаб етгандай ҳозирги кунда…

Қолаверса, авваллари қорнинг қанчалик катта бўлса шунча ҳурматинг "авторитетинг" зўр бўлади деган тушунчалар ҳам мавжуд эди.

«Қорин эмас, савлат бу, савлат», дейишарди.

Энди эса бунинг турган битгани зарарли ёғ(холестерин) эканлиги ҳеч кимга сир эмас.

Эркаклар орасидаги ўлимга ҳам асосан юрак хуружи сабаб бўлаётгани аён бўлмоқда.

Бундан ташқари, ўтириб ишлаш туфайли кам ҳаракатлик кенг тарқалмоқда.

Масаланинг бошқа тарафи эса дори-дармон ва даволаниш қимматлигидир. Ёки бўлмаса баъзилар чойхона-пойхонада босиб ёғли таомни еб, улфатлар билан гурунглашгандан, шинам қурилган, чироқлар билан ёритилган майдончада кечки салқин мактаб даврларни эслаб тўп суришни авзал кўришмоқда.

Агар сизда ўз жамоангиз бўлмаса, лекин роса ҳам футбол ўйнашни истасангиз унинг ҳам чораси бор.

Ҳозирда Facebook ёки бошқа ижтимоий тармоқларда "Футбол ўйнаймиз" деган гуруҳлар бор. Шуларга бир қатор қилиб қачон ва қайси майдончага боришни ёзиб юборсангиз бўлгани...

Image caption "Ўлдирса ҳам, ош ўлдирсин" деган мақол эскириб қолдими?

Шунинг учун кўпчилик тадбиркорлар қиммат тўйхона ёки ресторан қургандан кўра, футбол майдончасини қуриб ижарага топширишмоқда. Майдончани бунёд қилиш учун унақа катта сармоя ҳам керак эмас, ердан ташқари қурилишга ўртача 10 минг доллар зарур бўлади. Талаб бўлгандан кейин таклиф ҳам ўз-ўзидан пайдо бўлади, албатта.

Соати 40 минг сўмдан эди кун совуқроқда, мана кунлар илий бошлаши билан у ҳам 50 минг сўмга кўтарилиб олди.

10 киши учун бу арзимага пул.

Қизиғи, телефон қилиб, кечки вақтга бўш майдонча топиш ҳам амру маҳол бўлмоқда, азбаройи талаб кучайганидан.

Одамларнинг ўз соғлиги ҳақида қайгуриши албатта қувонарли ҳол!

Қолаверса, футбол бу англияликларнинг энг яхши ихтироси бўлса керак.

У ҳақиқатдан ҳам миллионлар ўйини. Ва уни энг демократик ўйин деб атаса ҳам бўлади, чунки уни ёши, жинси, ирқидан қатъий назар барча уйнаса бўлади.

Олимларнинг аниқлашича, унинг соғлиққа фойдалилиги нафақат югуриш экан, балки энг асосий жиҳати бу – завқу шавқ ва эхтиросларни изҳор этиш экан.

Мисол учун ўйин вақтида бемалол бақириб хурсанд ёки норози бўлишингиз мумкин.

Бу эса одам ичида йиғилган ғуборларни чиқариб ташлар экан.

Айни шу каби ғуборлар эса алал-оқибат инсонни депрессияга олиб келар экан.

Дунёда энг кўп ишлайдиган ва энг узоқ умр кўрадиган миллат - японлар эканлиги ҳеч кимга сир эмас.

Бунинг сабабларидан бири уларнинг иш жойларида салбий ҳис-туйгуларни чиқариб юбориш имкони борлиги бўлса ажаб эмас.

Баъзи бир катта корпорацияларда хўжайиннинг сиймоси каби катта қўғирчиқлар бор. Бир нарсадан норози бўлиб ғазабланган ишчи шу қўғирчоқ «бошлиқ»ни бемалол дўппослаши ёки унга ўшқириши мумкин.

Шундай жараёндан кейин бемалол яна ўз ишида енгил руҳ билан давом эттаверади.

Бу ҳам соғлиққа фойда ва ҳам ишнинг самарасида ижобий натижа берар экан.

Футбол ҳам худди шу ёндашишнинг бошқа бир кўриниши десак муболаға бўлмайди…

Айниқса бугун, айниқса Ўзбекистонда…

Чунки ҳали бошлиқларнинг қўғирчоқ муқобилини дўппослайдиган куч йиғилгани йўқдай…Футбол ўйнанг!

Ўзбекистонлик мухлис

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ