Ўзбекистон президенти қайта сайланмасликка имконият қолдирмаган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty AFP

Ўзбекистонни узоқ йиллардан буён бошқариб келаётган Ислом Каримов 29 мартдаги президентлик сайловида қайта сайланмасликдан ўзга "чораси" қолмаган.

Ислом Каримов ушбу сайловда ҳақиқий рақобатга дуч келаётгани йўқ ва бу сайлов кенг миқёсда сохта сайлов сифатида қаралмоқда.

Аммо, бунга қарамасдан, у ўзига буткул ғалабани таъминлайдиган турли усулларни ишга солмоқда.

Бу усуллар Ўзбекистон қамоқхоналарида йиллаб сақланган айрим виждон тутқунларини озодликка чиқариш, мухолифат веб-сайтларига кибер хуружлар ва давлат томонидан кексаларга ғамхўрликни намойиш этиш кабиларни назарда тутган.

Тутқунларни озод қилиш

Жорий йил бошида президент Ислом Каримов ўнлаб виждон маҳкумларини қамоқдан озод этган ва бу амал 2003 йилдан буён илк маротаба содир этилган. Ушбу қадам жаноб Каримовнинг аҳолисининг аксар қисмини мусулмонлар ташкил қиладиган мамлакат сайловчилари овозини қўлга киритиш йўли деб кўрилмоқда.

Диний айбловлар билан қамалган маҳкумларнинг озодликка чиқарилиши Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинганининг 22 йиллиги муносабати билан эълон қилинган амнистияга мувофиқ амалга оширилгани эълон қилинган.

Айрим кузатувчилар маҳкумлар озод этилишини сайловлар олдидан жаноб Каримовнинг имиджини яхшилаш ҳаракати деб талқин қилганлар. Сайловлар олдидан Каримов режими меҳрибонлик, оддий одамларга ғамхўрлик, инсонпарварлик ва ислоҳотчи эканини кўрсатишга интилаяпти, деб айтган шарҳловчилардан бири.

Қамоқдан чиқарилганлар орасида экстремизм айбловлари қўйилган таниқли журналист Хайрулло Ҳамидов ҳам бор. Хайрулло Ҳамидов озод этилганидан сўнг хорижий оммавий ахборот воситаларига интервьюлар бераркан, такрор-такрор Президент Каримовга ташаккурлар билдирган.

Хайрулло Ҳамидовнинг қамоқдан қўйиб юборилиши инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро Human Rights Watch ташкилоти томонидан олқишланган. Халқаро ташкилот буни “ижобий қадам” деб таърифлаб, бошқа фаоллар ва диндорларнинг ҳам озодликка чиқарилишига умид билдирган.

Мухолифат веб-сайтлари ҳужумларга тутилган

Охирги пайтларда қатор мухолифат веб-сайтлари юзма-юз келган муаммолар Каримов режимининг сайлов олдидан исталмаган ахборот тарқатилиши олдини олиш ҳаракатлари деб кўрилган.

2014 йилнинг охирида машҳур Uznews.net веб-сайтининг фаолияти тўхтатилди. Бу Интернет саҳифага уюштирилган хакерлик ҳужуми, веб-сайт ходимлари ва ҳомийлари ўртасидаги мубоҳасали электрон ёзишмаларнинг ошкор этилгани ортидан юз берди.

Жаноб Каримовнинг саломатлиги ҳақидаги овозаларни тарқатганидан кейин мухолифатнинг Uzxalqharakati.com веб-сайти хакерлар нишонига олинди. Шундан сўнг веб-сайт ўз фаолиятини тўлақонли тиклай олган эмас.

Энг сўнгги хуруж Saylov2015.org Интернет саҳифасига бўлган. Мухолифат фаоллари бу веб-сайт воситасида муқобил онлайн сайловларни ташкил этишга уриндилар. Виртуал сайлов комиссияси сайтининг ишдан чиқарилиши ҳам Ўзбекистондаги президентлик сайлови олдидан кенг миқёсдаги “овозлар ўчирилиши” ҳаракатининг бир қисми сифатида кўрилмоқда.

Кексаларга ғамхўрлик

77 ёшли президент Каримов ўзининг сайлов кампаниясида мамлакатдаги ёши кексаларга қаттиқ таянаётганга ўхшайди. Каримов 18 феврал куни “Кексаларни эъзозлаш йили” давлат дастурини маъқуллаш ҳақидаги фармонга имзо чекди. Бу дастур кексаларга қатор имтиёзларни беришни кўзда тутган. Дастурда ёши 100 дан ошган 8700 тача инсонга қўшимча пенсиялар бериш мўлжалланган. Шунингдек, санаторийларда бепул даволаниш ва йил давомида бир марта текин темир йўл чиптасидан фойдаланишга рухсат берилган. Ҳужжатда ёлғиз қарияларга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланган.

Кекса инсонларнинг ёш авлодга таъсири кучли бўлган анъанавий Ўзбек жамиятида қариялар дастагига умид қилиниши тушунарлидир. Расмийлар ҳар доим кексаларнинг жамоатчилик олдида чиқишларига кўп ўрин беришга интиладилар, кексалар эса одамларни давлат эришган ютуқларни қадрлашга чақирадилар. Шу боис ҳам Каримов режимининг имиджини кўтариш мақсадига қаратилган матбуот кампаниясида кексаларга асосий ўрин берилмоқда. Охирги ойларда давлат телевидениеси кўплаб кексалар иштирокидаги ток-шоуларни намойиш этди. Бу кўрсатувларда ёши катта инсонлар Каримов бошқаруви остида постсовет Ўзбекистонда катта ютуқларга эришилганини мақтадилар.

Суҳбатларда кексалар Ўзбекистондаги тинчлик, барқарорлик ва “фаровонлик”ни мақтайдилар, бунинг акси сифатида Советларнинг “оғир замони”ни тилга оладилар. “Давлатга одамлар ҳақида қайғурадиган раҳбар керак. Бизнинг халқимизнинг бахти шундаки, бизнинг давлатимизнинг ана шундай раҳбари бор”, дея кекса онахонлардан биридан иқтибос келтирган давлат назоратидаги ахборот агентликларидан бири. Бу кампанияда матбуот ва айрим Интернет ижтимоий платформалар фаол қатнашаётганини кузатиш мумкин.

Айни пайтда Каримов телевидение орқали одатдагидан ҳам кўп намойиш қилинмоқда. Биргина январ ойининг ўзида давлат телевидениеси жаноб Каримов чиқишларини етти марта кўрсатган.

Ижтимоий тармоқлар

Ижтимоий медиа тармоқларида ҳам қудратдаги президент дастакланаётгани кузатилмоқда. Мамлакат ичкарисида машҳур бўлган айрим Facebook гуруҳларида жаноб Каримов фотосуратлари эълон қилинган ва “Мамлакатни ишониб топширишинг мумкин бўлган ягона инсон” ва “Бу кишини мен ҳеч кимга алишмайман” мазмунидаги ёзувлар ёзилган. Бу постлар жуда кўп сондаги Интернет фойдаланувчиларнинг эътиборини ўзга жалб қилган ва шарҳларда президент мамлакатда тинчлик ва барқарорликни таъминлаб келаётгани айтилган.

Гуруҳлардан бири “Фақат Ўзбекистонда” деб номланади ва бу гуруҳда Каримов фотоси остига “Буни тинчлик ва хотиржамликнинг кафолати дейдилар”, деган ёзув ёзилган. “Ўзбекистондаги ҳозирги вазиятда бошқа номзод ҳатто қариндоши бўлса ҳам Каримовга овоз беради”, дейилади бошқа бир сурат остидаги матнда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ