Ўзбекистонда муаммо тақчиллиги юзага келдими ва ё "шармандалик" нима?

Image caption Лола Йўлдошеванинг очиқроқ кийими шармандаликми?

Ўзбекистоннинг нафақат ҳукумат назорати остида бўлган матбуоти, аммо расмий зиёли қатламга ишонадиган бўлсак - мамлакат бўйлаб муаммо тақчиллиги юзага келган.

Яъни муаммо йўқ. Шунданми "Шармандаликка байкот" деган сайт очилган.

Қўшиқчи Лола Йўлдошеванинг саҳнага кийиб чиққан очиқ либоси, ундан олдин "Қора танли божалар" филмининг ижтимоий тармоқларда танқид қилингани бу саҳифанинг очилишига туртки бўлибди. Ана шу шармандаликка қарши зиёлилардан бири адабиётшунос Шуҳрат Ризаев экан.

"Агарки, шу “бўтқа”нинг “кимёвий таркиби”ни аниқлаб, бутун филмни таҳлил қилиб бераман дея бел боғлаган одам топилса, камида ўз инсонлик аъмолини ҳурмат қилмайдиган ёки, янада аниқроғи, сира тушунмайдиган бир кимса бўлади холос. Бинобарин, камина бундай маломатни зиммамга олмоқчи эмасман, асло. Фақат руслар “за державу обидна” деганидек, минг-минглаб юртдошларимни ўзим каби бу ҳар қандай мантиқдан йироқ “маънавий ўлат”ни боихтиёр ёки беихтиёр томоша қилиб, асаб торлари ўйнашидан, юраги сиқилиб “нима қиляпти булар ўзи?”, “ким бу бетамизликка жавоб беради?” деган саволлар исканжасида азобланишидан хавотирдаман…", деб ёзади "Қора танли божалар"филми томошасидан сўнг адабиётшунос Шуҳрат Ризаев.

Ўзбекистонда қўшиқчининг кийими ва ҳатто кўришга арзимайдиган филмлардан бошқа муаммо йўқдай... Аксарият мутахассисларга кўра, конституцияни бузган ҳолатда ўз номзодини президентликка қайта-қайта қўйиш, миллионлаб ўзбекистонликларнинг иш ахтариб Россияга кетиши, бола-чақасини йиллаб кўрмаётгани, ишсизлик, сўзини эркин айтишга ҳаракат қилгани учун қамоққа ташланганлар...матбуот ҳукуматнинг қулига айлангани ...булар муаммо эмас. Шуҳрат Ризаев каби зиёлиларга ишонсак, муаммо Лолада ва ё Божаларда...Умуман, шармандалик нима ва уни ким белгилайди?

Image caption Унда Гулнора Каримованинг мана бу либосичи?

Нима учун сал аввалроқ президент қизи Гулнора Каримованинг саҳналарга, турли маросимларга кийиб чиққан очиқ-сочиқ кийимлари ҳақида ҳеч ким ёзмади, миллийликка зид, ёшлар тарбиясини бузади, деб бонг урмади? Тарихий ёдгорликлар ичида ярим-яланғоч либосда клип олдиргани назарга тушмади? Аксинча санъат асари сифатида телеканалларда қайта-қайта намойиш этилди?- деган савол туғилади?

Журналист Нарзулла Охунжоновга кўра, миллий менталитетга, маданиятга хос бўлмаган либосу, ҳаракатлар шармандалик деб аталсада, Ўзбекистонда ҳар доим ҳам шу мезонлар билан ёндашилмайди.

"Шармандалик" деб қораланган нарсалар аслида кампаниябозликнинг бир кўриниши сифатида гавдаланади. Ким учундир шармандалик бўлиб кўринган нарсалар олдида ундан баттар ҳолатлар гўёки эсдан чиқиб қолади. Бунга сабаб иложсизлик, матбуотнинг ожизлиги. Бошқача айтганда, "оғзи қийшиқ бўлса ҳам бойнинг боласи кулсин" қабилидаги ишдир, дейди журналист.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Нарзулло Охунжоновнинг фикрича, бундай кийинишлар, ўзбекчиликка тўғри келмайдиган ҳатти-ҳаракатлар ёшларга албатта катта таъсир қилади, ёшлар орасида улар оммалашадиган бўлса, миллатнинг ўзлигини йўқотишига ҳам олиб келади.

"Бу саҳна кийими, очиқ-сочиқ кийимларни саҳнада кийиш мумкин, деган фикрлар умуман мантиқсизлик. Саҳна аввало омманики, саҳна атрофида жамоатчилик, ёшлар бор. Балки кўчада кийиш мумкиндир ундай кийимларни, лекин саҳна ўрнак олинадиган, маданият кўрсатиладиган жой", дейди у.

Аммо Ўзбекистондаги барча мавжуд муаммоларга ҳам ҳамма Лола Йўлдошеванинг очиқроқ кийимию, "Божалар"даги Жаҳонгир Фозилжоновнинг киносини муҳокамаси каби ёндашармикан?

Умуман, бунинг имкони борми?

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ