Ўзбекистонда сайловолди "жимлик куни" бўлмайди

Ҳар бир сайлов бошланиши олдидан сайловчиларга бериладиган "жимлик куни" Ўзбекистонда ўтказилмайди.

Номзодлар ўз сайловолди кампанияларини бемалол давом эттираверишлари мумкин.

Бу ҳақда Марказий Сайлов Комиссияси матбуот котиби Низомиддин Нурматов "Новий век" рўзномасига билдирган.

Тартиб бўйича шанба куни "жимлик куни" тақдим этилиши мумкинлиги ҳақидаги хабарларни у рад қиларкан, "Ўзбекистон президентлиги учун сайловлар бўйича янги қонунчиликда бундай тартиб кўзда тутилмайди", номзодлар ўз тарғибот кампанияларини давом эттираверадилар, дейди МСК матбуот котиби.

"Ўзбекистон Республикаси президентлик сайловлари ҳақидаги қонун" га кўра эса, сайловдан бир кун олдин тарғиботлар ўтказилмаслиги керак. "Олий мажлисга сайловлар тўғрисида" қонунда айтилишича, "сайловлар куни ва овоз бериш бошланишидан бир кун олдин тарғиботга йўл қўйилмайди".

МСК матбуот сўзчисининг билдиришича, президентлик сайловлари сайловчилик қонунлари бўйича таъқиқланган exit-polls сиз ўтади.

Сайловчилик қонунининг 7 моддасига эътиборан, "овоз беришдан беш кун олдин, шунингдек сайловлар ўтадиган кун омма фикри ҳақидаги сўров натижаларини чоп этиш, сайлов натижалари тўғрисидаги башорат ва фаразларни оммавий ахборот воситалари, жумладан ижтимоий тармоқларда тарқатиш маън қилинади.

Жаноб Нурматовнинг сўзларига кўра, овоз беришда 20,798 млн дан ортиқ сайловчи иштирок этиши мумкин. Бунинг учун 14 округ сайлов комиссиялари ва 9,058 сайлов участкалари ташкил қилинган. Шунингдек, 36 давлатда 44 та овоз бериш участкалари тузилган.

Сайловда ғалаба қилиши учун номзод 50 фоиздан ортиқ овоз олиши керак бўлади.

Ўзбекистонда президентлик сайловлари эртага, 29 мартга белгиланган. Сайловда жорий президент Ислом Каримов билан бирга яна уч номзод: Социал-демократик партиядан Наримон Умаров, Халқ Демократик партиясидан Хотамжон Кетмонов, Миллий тикланиш партиясидан Акмал Саидовлар Ўзбекистон президентлиги учун "беллашадилар".

Сайловни рекорд даражадаги- мингга яқин маҳаллий ва хорижий журналистлар ёритиб борадилар, деб хабар беради МСК.

Президент сайловларининг дастлабки натижалари 30 мартда эълон қилиниши кутилади.

Халқаро ташкилотлар, мустақил матбуот ва қатор Ғарб нашрлари томонидан "адолатли ва ҳаққоний рақобат" бўлмаганлиги айтилган айни сайлов натижаси ҳеч кимни ҳайратга солмаслиги тайин.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ