“Путин ҳам табриклади, Назарбоев ҳам табриклади...”

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Назарбоев ҳам табриклади...

Кутилганидай Ўзбекистон президентлиги учун саҳналаштирилган театр-сайловда жорий президент Ислом Каримов ғолиб деб эълон қилинди.

Марказий Сайлов Комиссияси рисоладагидай якуний натижаларни 8 апрелда эълон қилишини айтмоқда.

Аммо бу натижалар Каримовнинг фоизларида катта ўзгариш қилмаслиги тайин.

Гарчанд, Ўзбекистон оммавий-ахборот воситаларида бу сайлов “демократик андозаларга тўлиқ жавоб” бергани урғуланиб, турфа вилоятлардан “бахтиёр ўзбекистонликларнинг” олқишлари ҳақида хабарлар бераётган бўлса ҳам, аксарият учун том маънода ҳеч нарса ўзгаргани йўқ.

Бу яқин ўртада, Ўзбекистоннинг хориждаги мухолифатига кўра, Каримовнинг эҳтимолки сўнгги президентлик даврида ҳеч қандай жиддий ўзгаришлар рўй бермайди.

Бунга ишоралар ҳам йўқ.

Табриклар, табриклар...

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA
Image caption Путин ҳам табриклади...

Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти, МДҲдан келган кузатувчилар бир овоздан, анъанага кўра, Ўзбекистондаги сайловни “шаффоф”, “озод” ва “демократик” деб баҳолашди.

Айни ташкилотларга аъзо аксарият давлатларда ҳам сайловлар худди шундай “озод” ва “демократик” ўтиши ҳисобга олинса, бунинг ажабланарли жойи йўқ.

Би-би-си муштарийларидан бири “Путин ҳам табриклади, Назарбоев ҳам табриклади...” дея коса тагида нимкоса қилиб изоҳ қолдирди.

Табриклаганлар орасида табиийки, Тожикистон ва Туркманистон президентлари ҳам бор.

Россия президенти Владимир Путин Каримовни телефон суҳбатида табриклар экан, сайловлар Ўзбекистон президенти халқ орасида қанчалар машҳур эканидан дарак беради деб айтган.

Машҳур Ўзбекистон президенти Каримов ҳар сайловда ўзига деярли ҳеч ким танимайдиган муқобил номзодларни танлаши ҳам анъанага айланиб улгурган.

Ўзбекистондаги айрим ижтимоий тармоқлардаги фаоллар сайловга бағишлаб #WithKarimov ҳештегини оммалаштиришга уринганлар.

Аммо ҳозирга қадар бу ҳештег тренд бўлолгани йўқ.

Унга муқобил ўлароқ, бир қатор инсон ҳуқуқлари фаоллари ва журналистлар #WithUzbeks ҳештегини трендга чиқаришмоқчи...

Танқидлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Ўзбекистон матбуотида кўринмайдиган расмлардан бири

Ғарб давлатлари ва халқаро ташкилотлар ҳам бу гал ўз анъаналарига содиқ қолишган, яъни, Ўзбекистондаги сайловлар танқид остига олинган.

Ўзбекистондаги президентлик сайловларига чекланган кузатувчилар гуруҳини йўллаган Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг баёнотида айтилишича, "29 март куни ўтказилган сайловларда ҳақиқий мухолифат мавжуд бўлмаган бир ҳолатда сиёсий саҳнада жорий раҳбар сиймоси устуворлик қилган".

"Ана шу каби вазиятда сайловлар жараёнидаги қонуний ва ташкилий камчиликларга эътибор қаратилмаган. Конституцияда бир номзоднинг икки бор сайланиши белгиланган бўлишига қарамай, Марказий Сайлов комиссияси жорий раҳбарни номзод сифатида қайд қилган. Бу ўз навбатида қонун устуворлиги тамойилига қарши ва Марказий Сайлов Комиссиясининг мустақиллиги борасида саволлар туғдиради", - деди ОХҲТнинг Ўзбекистонга юборилган чекланган гуруҳи раҳбари Тана де Зулуета.

Баёнотда шунингдек айтилишича, ўтган сайловлар давридан бери Ўзбекистонда мустақил номзод сифатида қайддан ўтиш имкони бекор қилинган ва қонунчиликка киритилган қатор ўзгаришлар Ўзбекистоннинг ташкилотга аъзо бўлиб кириш вақтида ўз устига олган мажбуриятлари ва демократик сайловлар ўтказиш принципларига қарши эканлигини англатади.

Ташкилот томонидан илгари сурилган баъзи тавсияларга эътибор қаратилишига қарамай, сўз ва ташкилот эркинлиги каби асосий эркинликлар аслида чекланганлигича қолмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ