Ижтимоий тармоқлар: “Бу халқ Каримовга лойиқ...”

Image caption Лойиқлик

Ўзбекистон оммавий ахборот воситалалари Ислом Каримовнинг сайловдаги ғалабаси ҳақида яна бир томонлама тарғиботни давом эттиришар экан, ижтимоий тармоқларда бир қадар жонланиш сезилган.

"Общественный контроль UZ24" гуруҳининг Facebook саҳифасида "Ислом Каримов олдинда бормоқда” деб расм эълон қилган, бунга Yuriy Ve номли аъзо “ ким ҳам шубҳа қиларди”, деб киноя билан изоҳ ёзган.

Бошқа бир тармоқ аъзоси Laylo Akramova эса натижаларни шубҳа остига олади.

“Амалдаги президент қолганидан хурсандман!! Лекин...бундай тафовут ҳақиқатга тўғри келмайди. Бошқаларда атиги 2 ва ё 3 фоиз натижа, лоақал 10 фоиз ҳам эмас", деб ёзган бу фойдаланувчи.

Унга жавобан эса Бekhruz Mirzabaev шундай ёзади: " Мен буни нормал ҳолат деб биламан, негаки, мен атрофимдаги одамлардан учинчи ва ё тўртинчи номзодга овоз бераман деганини эшитмадим".

Абдуллоҳ Муҳаммад эса "1,800,000 qarshi odamlar va yana saylovni boykot qilganlar, yomon natijaga o'xshamaydi" деб изоҳ қолдирган.

Salah Ad Din Usmanov эса айни “шоуда” фақатгина битта номзод бўлганини урғулайди.

"Hammasi haqiqat. Shunchaki, bu shouda to'rtda emas balki yolg'iz oboruvchi," деб табассум қилган у.

Каримовни Путин ғалаба билан табриклади деган хабарга жавобан, Sultan Kharunkhodjaev шундай деб ёзади.

"Putinni ham Rossiya xalqi, O'zbekiston xalqi prezidentimiz I.A. Karimovni sevganidek sevishini Xudoyim nasib qilsin! Aqilli do'st va ustoz - va bu katta baxt ham demakdir".

"O'lmas O'zbek mafiyasi," деган изоҳни эса Alex Kulikoff исмли фаол қолдирган.

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг табриги ҳақидаги хабарга ўз муносабатини билдирар экан, Yuriy Ve “тенгги йўқлар” деб таърифлаган.

26 апрел куни Қозоғистонда кечиши мўлжалланган президент сайловига ишора қилар экан, Adriano Rahimov номли фойдаланувчи "Yaqinda Nazarboyevni o'zi ham tabriklarni qabul qilib oladi..." деб ёзади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Изоҳсиз

Назарбоевнинг Каримовга йўллаган табриги Қозоғистоннинг қатор веб саҳифаларида ҳам киноя ва танқидларга сабаб бўлган.

Танқидлардан ташқари изоҳлардан бирида Санжар исмли фойдаланувчи “Унинг яна бир блр сайловда ютиши – бу монархиядан далолат эмас, ҳаммаси унинг хизматлари учун, ҳамма хурсанд, шунинг учун яна президент қилиб сайладилар”, деб ёзади.

Бошқа бир Лапа исми билан изоҳ қолдирган фаолга кўра, “ Ўзбекистон учун ҳозирги амалдаги давлат ҳаводек зарур, бу давлат жорий қилган формула ўзини оқламоқда".

Қозоғистонлик русийзабон фаоллардан бири “Мaxim Sheriff" икки давлатдаги сайлов жараёнлари бир хил кечишини таъкидлаб ўтар экан, "биз ҳам ўзбек оғаларимизни табриклаймиз...шунчалар бир-биримизга ўхшаймиз, айниқса сайловлар бобида...” деб киноя қилади.

Қозоғистонлик веб саҳифа фойдаланувчилар ўз изоҳларида Назарбоевнинг Каримовдан ҳам кўпроқ овоз олишини ёзишган.

Nur.kz га изоҳ қолдирган "Катаган" Каримовнинг 90 фоиздан ортиғини, Назарбоев 99.9 фоиз билан ошиб ўтишини ёзади.

Бай Инкогнитов эса ўзбекларни «тушунмай қолганини» ёзган.

“Мен ўзбекларни тушунмайман, иш йўқ, ишга лаёқатли аҳоли Қозоғистон ва Россияда тер тўкмоқда...агар улар шундай ҳаётни исташса, унда ҳақиқатдан ҳам бу халқ шу президентга лойиқ”.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02