'Ўзбекистон лидери бошқарувини 30 йилга ўтказиш учун сайлов ўтказмоқда'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Хорижий оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистондаги президентлик сайлови ҳақидаги хабарларга ана шундай сарлавҳалар қўйилган.

Яна бир сарлавҳа эса "Ўзбекистон Каримовни қайта сайлаш учун сайлов ўтказмоқда" деб аталади.

Якшанба кунги овоз беришда Ўзбекистонни 26 йилдан буён бошқариб келаётган Президент Ислом Каримов чин муқобилсиз сайлов натижасида ўз ҳукмронлигини 30 йилдан ҳам ошириш учун иштирок этмоқда, деб ёзган хорижий ахборот агентликларидан бири.

Танқидчиларига кўра, Ислом Каримов аҳолиси Марказий Осиёда энг кўп бўлган Ўзбекистонни дунёдаги энг репрессив мамлакатга айлантирди.

Мухолифат фаоллари қамоқларга ташланган ёки ватанини тарк этишга мажбур этилган.

Сайловда мустақил номзодларнинг иштирок этишига рухсат берилмаган.

Расман рўйхатга олинган партияларнинг президентликка ўз номзодини илгари сурган етакчилари эса Президент Каримовни мақташда "пойгага киришганлар".

СССР Политбюроси собиқ аъзоси бўлган жаноб Каримов 1989 йилда Ўзбекистон Коммунистик партиясига раҳбар этиб сайланганидан буён мамлакатни бошқариб келади.

Унинг яна беш йил президентлик лавозимида қолишига жуда кам одам шубҳа қилади.

Ўзбекистон конституцияси бир шахснинг кетма-кет икки муддат президент бўлишини тақиқлайди.

Бироқ жаноб Каримов референдум ва конституцияга ўзгартириш киритиш йўллари билан бошқарувини узайтириб келмоқда.

Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотига кўра, Ўзбекистон расмийлари жаноб Каримовнинг яна президентликка номзодини илгари суриш қарорини йиллари ҳар хил бўлган президентлик муддатлари кетма-кетликни англатмайди, дея оқлашга уринганлар.

Президент Каримов ўзининг қаттиқўл сиёсатини радикал Ислом таҳдид солаётган Ўзбекистонда барқарорликни таъминлаш зарурияти билан изоҳлаб келади.

Ғарб Ўзбекистондаги сайловларнинг бирортасини ҳам эркин ва адолатли деб баҳоламаган, Президент Каримовни танқид қилиб келишади, бироқ сиёсий ҳарбий ҳамкорликни олий даражада ушлаб келмоқда, деб ёзади сиёсий таҳлилчилардан бири.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ