Гулбаҳор Эрқулова: "Халқимиз барибир мақомнинг қадрига етади"

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Гулбаҳор Эрқулова серқирра ижодкор.

У Ўзбек мумтоз санъатининг қатор дурдоналарини маҳорат билан ижро этиб келади.

Мақом ва халқ ашулалари билан бирга Гулбаҳор Эрқулова эстрада жанрида ҳам қатор машҳур қўшиқларни куйлайди.

Ўзбекистон мустақиллигининг илк йилларида басталанган "Ватан" қўшиғини шу кунгача ҳам кўплаб ўзбекистонликлар севиб тинглашади.

Гулбаҳор Эрқулова Таввакал Қодиров, Ҳабиба Охунова, Нематжон Қулабдуллаев, Фаттоҳхон Мамадалиев, Берта Давидова сингари устозларидан сабоқ олгани билан фахрланади.

У 1964 йилда Тошкент шаҳрида туғилган.

1987 йилда Юнус Ражабий номидаги мақомчилар ансамблида ўз фаолиятини бошлаган.

1996 йили Гулбаҳор Эрқуловага Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвони берилган.

Ўзбекистон мустақиллигининг 15 йиллиги, 20 йиллиги байрамлари муносабати билан давлат кўкрак нишонлари билан мукофотланган.

Гулбаҳор Эрқулованинг Би-би-си муштарийлари саволлари жавоблари

Юсуф, Канада: Кўпчилик поп қўшиқчи бўлишга қизиққанда, сиз нега мақомни танлагансиз? Устозларингиздан ўрганган энг қимматли сабоқ нима бўлган? Шогирдларингиз ҳам борми?

Гулбаҳор Эрқулова: Энди ҳамма нарсанинг ўз жойи, салобати бўлади. Шу жудаям ёшлик пайтимдан танбур, дутор оҳанглари ғамгинлиги билан қулоғимга жуда ҳам бошқача таъсир қилган, сеҳрлаб олгани учун бошқа нарсани кўзимни олдига келтирмаганман. Фольклор дейди ёки енгилроқ қўшиқлар, лапарлар бор. Вояга етиб, ўқиб, шунақа жойда ишлай қолинг дейишганда, мен йўқ, фақат мақомда ишлайман умримни кеткизганимга яраша деганман. Ўзимнинг энди овозимдан ҳам келиб чиқиб айтганман. Ишласам шу мақомда ишлайман, бўлмаса санъат йўлига кирмайман, деганман.

Энди устозларимиз нима дейишган? Улар шундай тарбия беришган. Санъаткор ҳозирги шоу-бизнесдагидай бой бўлиб кетишини улар кўз олдига ҳам келтирмаган. Бой дегани у - бошқа маънодаги бойлик. Санъатда нафақат маънавий бойлик орттирасан, санъаткор ҳеч қачон камбағал бўлмайди, сени ҳар доим чақириб турувчиларинг бўлади. Қачонки, санъатга ҳалол меҳнат қилсанг, сен ҳар доим халқнинг, элнинг назаридасан. Ҳеч қачон такаббурлик қилмагин, халқ сени уйингга йўқлаб келиб, сени хизматига таклиф қилса, ҳеч қачон йўқ демагин, хўп бўлади, деб боришни ўргансанг, узоқ умр кўрасан санъатда. Лекин санъат- хақиқий санъаткорлар учун жудаям қийин касб, дейишган. Мен баъзида ўйламан, ҳозир бўлаётган нафақат биздаги, бутун дунёдаги шоу-бизнесни устозларимиз кўрмай ўтиб кетганлари ҳам яхши бўлган экан. Менга бир устозимиз айтиб бергандилар. Маъмуржон Узоқов катта ҳофиз дунёга келганда ўша пайтдаги устозлар айтган эканки, э, Маъмуржон , дунёга бевақт кепсан, деб. Бу камида 90 йил олдинги давр. Ҳозирги пайтни кўришганда билмадим, нима дейишарди. Шундаям, барибир, халқнинг назарига тушган бўлсангиз, халқ сизни яхши кўрган бўлса, ҳеч ҳам қўйвормайди. У ҳар кунги тўйга бориш, пул топиб участка қуриш эмас, санъат бутунлай бошқа нарса. Одамнинг юрагида жойлашишнинг фарқи бор. Шогирдларим жудаям кўп бундай олганда. Мени йўлимда, мени айтган қўшиқларим билан тўйларга бориб тирикчилик қилиш қийин албатта. Лекин шундаям шу йўлни танлаб, Гулбаҳорхон ёки Гулбаҳор опам шу йўлни танлаб шу даражага эришдику, биз ҳам қийналсак ҳам етамиз, деган жудаям саноқли шогирдларим бор. Лекин шогирдларим Ўзбекистоннинг ўша энг баланд унвонлари, халқ ҳофизлари, хизмат кўрсатган унвонларини олган ва яна бизга меҳр қўйган. Водий томонда ҳам кўп шогирдлар. Гастролларга бориб қолсам, опажон сизни ният қилганмиз деб юришади, хурсанд бўламан. Бу мен учун бахт.

Нозимжон, Туркия: Ўзбек қўшиқчилиги шу тарзда кетаверса, мақом ҳам, жонли айтиш ҳам аста секин йўқолиб кетади, деб ўйламайсизми? Нега мақомга қизиқувчи ёшлар кам? Эстраданинг устунлиги нимада бўлиши мумкин?

Гулбаҳор Эрқулова: Энди бизнинг ўзимизнинг менталитетимиз бўлса, ўша миллий мусиқа, халқ йўли, катта ашула, фольклор, лапарлар бизнинг қонимизда бор. Лекин замон тарзи билан ўша ўзбекча эстрадага қизиққанлар кўпайди тўғри. Биласизми, жудаям кўп ёшларнинг тушунчаси шундай, улар ўйлайдики, мақом айтса умри бежиз ўтадигандек. Бир шу енгилроқ қўшиқларни айтиб, тўйга юрсам дейди. Тўйга юрувчилар билан, ҳақиқий санъатга умрини тиккан қўшиқчиларнинг фарқи бор. Албатта, жонли айтиш кўпчиликка малол келади. Кўпчилик овози бўлса ҳам, кел буни фонограммаси жуда чиройли ёзилган, ўша ерга бориб жонли айтиб нима қиламан, деб, у ҳам ўшаларга мослашиб, овозига тушса- тушмаса эстрада айтиб , тирикчиликнинг пайида бўлади. Лекин мен ўйлайманки, бизнинг миллий санъатимизнинг йўқ бўлиб кетиши жуда қийин. Минг эстрадани осмонга олиб чиқишсин, минг операни биздан баланд қўйишсин, бизнинг қонимизда ўша эрталаб турганимизда "бисмиллоҳир раҳмонир роҳийм" дегандек, мақом қолаверади. Унинг йўқолмаслигининг сабабларидан яна бири, эркакларимиз эрталабки наҳорги ошга борганда, албатта миллий мусиқамизни эшитишади. Энди кечқурунги тўйларда диско бўлиб кетган бўлиши мумкин. Лекин буланиям йўлга солишга ҳаммамизда ҳаракат бўлиши керак. Бу жудаям ачинарли ҳол. Мен гоҳида жуда хафа бўлиб кетаман. Бир жойларга борганда овози бўлиб туриб, фонограммада айтадиганларни кўриб. Кейин аёлларимизга нисбатан тўйларда озгина шунақа тарбия дейдими, керак. Яъни, уларнинг сабри етмайди миллий нарсалар эшитишга. Тезроқ шўхидан бўлсин, деб туришади. Эркакларимиз наҳорги ошларда албатта мақомлардан, халқ қўшиқларидан эшитишади, уларнинг қулоқлари миллий мусиқага меҳр билан йўғрилади. Мен аёлманку, биз каби қўшиқчилар бор экан, юзта бўлмас, йигирмата бўлар шу меҳр қўйганиям, етади. Бемаза қовуннинг уруғи кўп бўлади. Яхшилари кам бўлса ҳам одамларга тарқатса етади деб ўйлайман. Халқимиз барибир мақомнинг, ўзининг нодир жавоҳирининг қадрига етади. Мақом ўлмайди.

Юлдузхон: Илгарилари сизнинг қўшиқларингизни мақомчиларда кўриб турардим, нега ҳозир кўринмай қолдингиз? Ҳалиям мақом айтасизми? Ёки сизда ҳам лицензия муаммоси борми?

Гулбаҳор Эрқулова: Энди бу лицензия масаласи яхшилик белгисими, унча тушунмаймизу, лекин бизда, миллий хонандалар лицензия олмасин, деган бир шундай шароит қилиб берилган. Бироқ у телевидениеда чиқишимизга унча кўп ёрдам бермайди. Мен албатта мақом айтаман. Биздан катта Муножот Йўлчиевалар айтиб юришибдику. Мақом менинг жону дилим. Агар уни ичимдан кетгиза олганимда эди, бачкана йўлларга ўта олганимда эди, мен шу мақомга фидойи бўлиб юрганим учун ҳам эзиляпман. Мана олти- етти ойдан буён 27 йилдан бери ишлаб келган жонажон мақомчилар ансамблимга олишмаяпти. Илгари "Маданият вазирлиги бадиий жамоалари мақом ансамбли" дейиларди ҳозир ўзгариб "Ўзбекистон давлат бадиий академияси қошидаги мақом ансамбли" бўлди. Ҳаммалари сиздай санъаткорлар керак, деб айтишди. Бироқ Абдулҳошим Исмоилов Гулбаҳор ишласа ман ишламайман деган экан, билмадим нега? Тўғри гапираман мен доим, шу гапим ёқмагандир. Кейин менга бошқа ансамблларни тавсия қилишди. Ўзиз ўйланг, шу даражаларга етиб 27 йил бир жойда ишладим. Дарахт ҳам бир жойда кўкарадику тўғрими? Билмадим, Абдуҳошим Исмоилов мендан ёши катта мақомчиларни олди, мен қолдим. Бу ҳақда юқоридаги раҳбарларимиз билишмайди деб ўйлайман, бўлмаса, албатта чора кўрилади. Майли яхшиликлар бўлиб қолар деб кутяпман ҳозир.

Телевизорга кўп кўринмаётганимнинг сабаби ҳеч қандай тепадан ёки пастдан тўсиқ йўқ. Шундай бўладида, кимгадир гапингиз ёқмай қолади, кимгадир очиқлигингиз, тўғри гапингиз ёки жиддийлигингиз ёқмай, нимадир сабаб бўлиб, қаердадир ўралашиб қолаверасиз. Лекин бу дегани бутун дунёдан, бутун юртдан узилди дегани эмас. Мен ўзимнинг меҳнатимнинг қадрини биламан, ўзимни қадримни биламан. Бизда Ўзбекистонда, эрталаб саҳарда 4-5 ларда мақом қўшиқларини беришади. Худога шукур, бериб туришибди. Ўзим кўрмасам ҳам гоҳида айтиб қолишади кўрдик, эшитдик, деб. Хурсанд бўламан.

Фарҳод, Жанубий Корея, Инчхон: Сизнинг "Мусофир бўлмагунча, мусулмон бўлмас эмиш" деган қўшиғингизни қаердан топсам бўлади. Бу қўшиғингиз менинг юрагимнинг туб-тубидан жой олган.

Гулбаҳор Эрқулова: Видео съёмкаси бўлмаслиги мумкину, лекин м3ларда бор. Мен ўзим баъзан Youtubeларга кириб қоламан, у қўшиқлар бор. У энди анча олдин айтилган, 80 йилларда. Бошқа ижрочиларники ҳам бор, менинг интернетдаги архивимда ҳам бор.

Муҳаммаджон: Яккахон концерт бериш ниятингиз борми?

Гулбаҳор Эрқулова: Охирги марта 2008 йилда қўйган эканман. Ундан кейин онам вафот этдилар, кейин опам ўтдилар. Кейин мана бунақа ишимдаги муаммолар бошланиб кетди. Лекин ишга бормасам ҳам, хонамга кирмасам ҳам мақомни айтиб юрибман. Энди концерт қўйиш кайфиятга ҳам боғлиқ, спонсорларга боғлиқ. Бу йил кеч кузда қўяман, деб турибман. Бўлса бўлиб кетиши ҳам мумкин, ким билади. Лекин яккахон концертимиз албатта жонли бўлади. Икки кун қўйсак ҳам, уч кун қўйсак ҳам жонли бўлган. Чунки халқ пул тўлаб киргандан кейин, жонли эшитиши керак. Лентани уйида ҳам ўтириб эшитаверади.

Бек, АҚШ: 1997 ва 2004 йилларда сизнинг қўшиқларингизни севиб эшитардим. Кейин бир икки тўйларда сизни кўрдим, музикантларингизни роса сўкиб ташлаган эдингиз. Шу одатингиз ҳалиям борми?

Гулбаҳор Эрқулова: Музикантларимизни бекордан-бекорга сўкмагандирмиз. Музикани фалш чалгандир, бирор нарса бўлгандир ёки беэътибор ўтиргандир ўшанда. Сўкишни ҳам ҳар хили бор. Бошқа сўкканлар ҳам юрибди ана. Устозларимиз ҳам уришишган. Кўзингга қарагин, деб. Энди сўкиш нима у иш юзасидан бўлади. Агар мен созандаларимни шахсига тегиб ёки бошқа нарса қилганимда шу пайтгача мен билан бирга ёнимда бўлишмасди. Ҳозир 1993 йилги созандам бирга. Менинг созандаларим бир икки йиллик эмас, камида 16, 17, 20 йиллик созандалар ёнимда. Биз аҳилмиз.

Гулбаҳор Эрқулова тингловчиларнинг илтимосига кўра, Ниҳоний ғазали билан "Соғиниб" қўшиғини жонли куйлаб берди.

Гулбаҳор Эрқулова: Тилагим, юртимиз тинч бўлсин. Миллий қўшиқлар доим бирга бўлсин. Ватандан турли сабаб бўлиб узоқда юрганлар ҳам соғ саломат бўлишсин. Ҳамманинг хонадонидан миллий қўшиқлар эшитилиб турсин.

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ