Жаҳон матбуоти Ўзбекистондаги сайловлар ҳақида

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Ўзбекистондаги президентлик сайловларида натижалар эълон қилиниши кутилар экан, жаҳон матбуоти бу натижалар аввалдан маълум бўлганлиги ҳақидаги мақолаларга тўла.

"Foreign Policy" журналидаги мақола "Марказий Осиёнинг шаҳмат устаси: Жаноб Каримовнинг айёр дипломатияси унинг муваффақиятини таъминлагани ҳақида" дея аталган.

Мақоладаги асосий хулоса ва илк ибора: "Ўзбекистонда якшанба куни ҳамма сайловларга отланган бўлса ҳам, натижалар аввалдан маълум эди. Президент Каримов ғолиб бўлади".

Унда айтилишича, жаноб Каримов 24 йил мобайнида ўз қудратини энг шафқатсиз йўллар билан мустаҳкамлаб келган. "Диссидентларни куйдирган, сиёсий мухолифатни куч билан бостирган ва ҳатто ўз қизини уй қамоғига ташлаган".

Лекин "Foreign Policy"га кўра, сайловлар аҳамиятсиз бўлса ҳам, бу ҳодиса Ўзбекистон ўзини минтақадаги янги ўйинлар марказида ҳис қилаётган бир вақтда ўтказилган.

Бу ўйинда асосий қатнашчилар Хитой, Россия ва АҚШ.

Минтақадаги давлатлар Афғонистонда барқарорликни таъминлаш йўлида кўпроқ рол ўйнашларини истаган АҚШ Ўзбекистонга яқинда аслаҳа йўллаган.

Пекин эса Ўзбекистоннинг газ соҳасига кўплаб сармоя ётқизмоқда. Москва ҳам Овросиё Иқтисодий Ҳамкорлигига қўшилишга ундаш учун Ўзбекистон атрофида ҳануз "гирдикапалак".

Мақолада айтилишича, таҳлилчилар Ўзбекистонни "ўзгарувчан ҳамкор" сифатида таърифлайдилар.

"Тошкентнинг ташқи сиёсати ҳамиша турли томонларни бир-бирига қарши қўйишдан иборат бўлган. Лекин Ўзбекистондаги беқарорлик уни тез-тез бир ҳамкордан бошқасига кўчишга мажбур қилиб келган".

Бироқ жаноб Каримов минтақадаги Ғарб таъсирининг кучайишини тез орада ўз қудратига хавф ва фойдадан кўра кўпроқ зарар сифатида кўра бошлаган.

"Минтақа аҳолисининг деярли ярми яшовчи мамлакатни собиқ коммунист "аппаратчиги" жаҳондаги энг репрессив мамлакатлардан бирига айлантирди".

Гуржистон ва Украинадаги рангли инқилобларнинг Ғарб томонидан дастакланиши эса Тошкентнинг Вашингтон собиқ Иттифоқ республикаларида режим ўзгаришларини фаол истаётгани ҳақидаги шубаҳаларини кучайтирган.

"Хуллас, Хитой, Россия ва АҚШ биргаликда Ўзбекистоннинг "бир бўлакчасига" эга бўлишга интилар эканлар, жаноб Каримов инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро танқидлардан ўзини бир қадар "ихоталаш"га муваффақ бўлган ва шу билан бирга якшанба кунги сайловларда ўз ғалабасини ҳам таъминлаб қолди", - дея ёзади "Foreign Policy".

"Фергана.ру" вебсаҳифаси муҳаррири Даниил Кислов Россиянинг "Дождь" телеканалига берган интервюсида "Исломий таҳдид манзарасида ҳамма Ислом Каримовнинг ғалабасига розидек ва ҳеч қандай ўзгаришларни кутишга ҳожат йўқ", - дея айтган.

Даниил Кисловнинг илова қилишича, Ўзбекистондаги жорий сиёсий саҳнада ҳозирда Ислом Каримовга ҳақиқий рақиб бўла оладиган шасхнинг ўзи йўқ.

"Фергана.ру" муҳаррирининг айтишича, Ўзбекистондан ташқарида бўлган, хусусан Россияда эканлиги айтилган 2 миллионга яқин муҳожирларнинг "оёқлари билан" овоз берганлари, яъни мамлакатдан чиқиб кетганларининг ўзи жорий ҳокимиятдан норози эканликларини англатади.

"Лекин уларнинг ҳам аксари сиёсатдан узоқ ва ҳеч қандай режим ўзгариши, ё-да Украинадаги "Майдон ҳодисалари" каби ўзгаришларнинг тарафдори эмаслар", - дейди Даниил Кислов.

"Исломий Давлат каби ташкилотларнинг хавфи манзарасида Ислом Каримов ҳамма учун, жумладан Ғарб учун ҳам "мулойим" вариант бўлиб кўринмоқда".

"Al Jazeera" телеканали Марказий Сайлов Комиссиясининг сайловчиларнинг 91 фоизи овоз беришда қатнашганлиги ҳақидаги маълумотини келтириб, "жаноб Каримовнинг ғалаба қилиши тайин", - дея хабар берган.

Телеканал шунингдек, Ўзбекистондаги қонунларга мувофиқ овоз бериб чиққан сайлоовчилар ўртасида сўров ўтказишга рухсат берилмаслигини айтган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Your contact details
Disclaimer