New York Times: "Ўзбеклар кураш спортини ривожлантиряптилар"

New York Times газетаси "Ўзбек муҳожирлари Нью Йоркдаги ўрта мактабларда кураш тўгаракларига янги куч бахш этмоқда" сарлавҳали мақола чоп қилган.

Унда айтилишича, Brooklyn International School мактабида жами 350 ўқувчи бўлиб, уларнинг 20 таси ўзбеклардир ҳамда уларнинг 10 таси кураш тўгарагида иштирок этади.

Ўзбекистондан кўп сонли муҳожирларнинг оқиб келиши "кураш спортига янги ҳаёт бахш этди," дейди George Hero, Midwood High School мактабининг кураш тўгараги устози. Мазкур мактабда 52 курашчи мавжуд бўлса, уларнинг 12 нафари ўзбек ўғлони экан.

Сўнгги беш йилда шаҳарда ўзбекларнинг сони ошиши билан кураш спорти ҳам жонланди.

"Ўзбеклар оқими катта ғайрат ва куч ато этиб, спортни янада жонлантирди," дейди Ken Bigley, Publich School Athletic League ташкилотининг назоратчиси.

Brooklindagi Lafayette High School мактабидаги кураш тўгарагидаги, "жами 22 болакайдан 15 нафари ўзбекистонлик," дейди тренер Michael Granelli. "Уларнинг ҳаммаси фақат кураш билан шуғулланишни хоҳлашади," деб қўшиб қўйди у.

Мақолада Ўзбекистонда кураш спорти ривожлангани, ҳамда Ўзбекистоннинг Олимпиада ўйинларидаги медалларининг асосий қисми курашга тўғри келишига алоҳида урғу берилади.

Ундан ташқари, 2013 йилдаги статистика бўйича, Нью Йоркда ўзбекларнинг сони 23 минг атрофида.

Лекин бу сон тўғри бўлмаса керак, дейди "Ватандош" Ўзбекистон-Америка Федерациясининг президенти Фарҳод Султон. Унга кўра, бу сон 50000 атрофида бўлиши керак. Чунки ўзбеклар болажон бўлгани туфайли, бу муддат ичида АҚШдаги ўзбеклар оиласида анча-мунча фарзанд туғилган.

Brooklyn International тренири Ben Walsh шундай дейди: "Ўзбек болалар аввали кураш билан шуғулланмаган бўлса ҳам, улар ўта чидамли. Чунки улар бошқа спорт турларида анча тобланганлар - масалан, бокс, дзюдо ёки қўл жанги саънати".

New Utrechtлик узтоз Chris Friedrichнинг сўзлашича, ўзбеклар янги услубга тез мослашиб кетишади. Уларнинг кураш олдидан баданни қизитиш услиби ҳам ўзгача. Бошқа маҳаллий болалар қилолмайдиган нарсаларни қилишади. Масалан, ўз таналарига қаттиқ зарбалар бериб, танани қиздиришади, ҳамда акробатик салтоларни амалга оширишади. Бу уларга ўз таналарини тўлиқ назорат қилишга ёрдам беради.

"Улар менинг тренерлик услубимга ҳам ўз ижобий таъсирларини кўрсатишди," дейди у.

Midwoodлик устоз Heroнинг сўзларига кўра, кураш ўзбекларга маҳаллий шароитга кўникиб кетиш ва инглиз тилини ўрганишда асқотмоқда. Чунки улар бу тўгаракда дўстлар орттиради.

Журналист билам суҳбатда, Америкага 2009 йил кўчиб келган ўзбекистонлик Ҳасан шундай дейди: "Бу оилавий бир нарса. Менинг амакиваччам курашчи. Ундан ташқари, додам ҳам Ўзбекистонда курашчи бўлган".

"Менинг дадам ҳам ўз юртида кураш спорти билан шуғулланган. Бизнинг юрт одамлари кураш учун яралган," дейди Нью Йоркка 2010 йил муҳожирлик қилган Жаҳонгир.

Мақоланинг инглизча тўлиқ матнини шу ерда ўқиш мумкин.

http://www.nytimes.com/2015/02/15/nyregion/in-new-york-uzbek-immigrants-invigorate-high-school-wrestling.html?_r=0#

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002