Россия: ‘Яман ҳаво ҳужумларида танаффус қилинг’

Фото муаллифлик ҳуқуқи Xinhua

4 апрел куни Россия ташаббуси билан БМТ Хавфсизлик Кенгаши Ямандаги вазиятни муҳокама этиш учун мажлис ўтказишни режалаган.

Россия расмийлари айтишларича, Россия Ямандаги ҳарбий амалиётларда “инсонпарварлик танаффуси”ни йўлга қўйиш ташаббуси билан чиққан.

Айни пайтда Россия 300 дан ортиқ аксари МДҲ фуқаролари бўлган инсонларни Ямандан олиб чиққан.

Россия оммавий ахборот воситалари хабар қилишича, 3 апрел тунида Ямандан икки учоқ Россияга бориб қўнган.

Улар орасида 120 Россия фуқароси, қолганлари Украина, Беларус, Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Польша фуқаролари экани хабар қилинган.

Ямандан яна россияликларни эвакуация қилиш режалаштирилгани хабар қилинган.

Матбуотда Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Россия Президенти Владимир Путиндан Ўзбекистон фуқароларини Ямандан олиб чиқиш бўйича ёрдам сўрагани ҳақида хабарлар тарқалган.

Яманда Ўзбекистон дипломатик ваколатхонаси йўқлиги, шу сабаб ўзбекистонликлар мурожаат қилиши мумкин бўлган жой йўқлиги хабар қилинган.

“Регнум” ахборот агентлигининг россиялик дипломатга таяниб хабар қилишича, Ямандаги ўзбекистонликларнинг 967-01-278-719 телефон рақамига қўнғироқ қилиб рўйхатдан ўтишлари лозимлиги сўралган.

Ямандаги Ўзбекистон фуқароларининг аниқ сони бўйича маълумот йўқ, аммо ҳозир Саудия Арабистони бошчилигида бомбарбимон қилинаётган бу мамлакатда юзлаб ўзбекистонлик шифокор бор деб ишонилади.

Хитой ҳам ўзининг ҳарбий кемасида 225 инсонни Ямандан олиб чиққан.

Улар орасида 10 мамлакат – Покистон, Эфиопия, Сингапур, Британия, Ирландия, Италия, Канада, Олмония, Польша ва Яман фуқаролари борлиги хабар қилинган.

Адан Хусий жангарилари қўлидан тортиб олинди

Айни пайтда қудратдан ағдарилган Яман президенти Абдраббуҳ Мансур Ҳодига тарафдор қўшинлар Хусийлар номи остида маълум Заидия шиа жангариларини жанубий бандаргоҳ шаҳар Адандан сиқиб чиқаришга муваффақ бўлганлари ҳақида хабар берганлар Яман расмийлари.

Абдраббуҳ Мансур Ҳодига тарафдор кучларга ҳаводан қурол-яроғ ва алоқа техникалари ташланмоқда.

Бу ёрдамни Саудия Арабистони етакчилигидаги ҳарбий коалиция амалга оширмоқда.

Шунингдек, коалиция кучлари Хусий жангариларини бутун Яман бўйлаб ҳаво ҳужумларига тутишда давом этмоқда.

Яман жануби-шарқидаги Мукалла шаҳри эса "Ал-Қоида" жангарилари назоратига ўтган.

Бу ерда "Ал-Қоида" жангарилари қамоқхонага ҳам ҳужум қилиб, маҳкумларни, шу жумладан ўз сафдошларини ҳам озод қилганлар.

Яман билан Саудия Арабистони чегарасида қуролли ҳужумга тутилгани оқибатида икки Саудия чегарачиси ҳалок бўлган.

Хусий жангарилари пойтахт Санодан қочиб жанубий Аданда бошпана топган президент Абдраббуҳ Мансур Ҳоди саройини қўлга олган 25 март куни жаноб Ҳоди Саудия Арабистонига ўтиб кетишга мажбур бўлган эди.

Шу куни Саудия етакчилигидаги коалиция Хусий жангариларини бомбардимонга тутишни бошлади.

Охирги икки ҳафта мобайнида Яманда 500 дан зиёд инсон ҳалок бўлган, 1700 тача киши яраланган, деб айтган БМТ Бош котибининг Инсонпарварлик ёрдамчилари бўйича ўринбосари Валери Амос хоним.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ