Обама Каримовни сайловдаги ғалабаси билан табриклади

Image caption Ғарблик кузатувчилар жаноб Каримовнинг навбатдаги муддати қонунийлигини савол остига олишган

АҚШ Президенти Барак Обама Ислом Каримовни "навбатдаги муддат"га президент этиб сайлангани билан табриклаган.

"Сиз Президент лавозимида навбатдаги муддатда иш бошлаётганингиз муносабати билан Сизга ва Ўзбекистон халқига тинчлик ва равнақ тилайман", дейилади Ўзбекистон давлат хабар агентлиги - UzA чоп этган тарбик матнида.

Аввалроқ сайловларга чекланган кузатувчилар ҳайъатини юборган Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти Ислом Каримовнинг навбатдаги президентлик муддати қонунийлигини савол остига олган эди.

ОХҲТ сайловлар ҳақиқий мухолифатсиз ва амалдаги президентнинг устунлигида ўтганини айтган.

29 март куни ўтган сайловларда 77 ёшли Ислом Каримов 90.39 фоиз овоз олган.

Марказий Сайлов Комиссияси овоз беришда сайловчиларнинг 91 фоизи иштирок этгани ва қонун бузилишларининг қайд этилмаганини айтган.

'Инсон ҳақлари ва масъулиятли бошқарув'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Президент Обама ўз табригида инсон ҳақлари ва демократиянинг муҳимлигини урғулаган

Барак Обама Президент Каримовни зиддиятли деб кўрилган сайловлардаги ғалабаси билан табриклаган биринчи ғарб раҳбари бўлган.

Ўз табригида жаноб Обама АҚШ ва Ўзбекистоннинг муштарак таҳдидларга юз тутаётганини таъкидлаган.

Айни пайтда у "доимий барқарорлик ва хавфсизликка демократик ва масъулиятли бошқарувсиз, жумладан, асосий ҳуқуқ ва эркинликларга риоя қилмасдан эришиб бўлмаслиги"ни ҳам айтган.

"Президент лавозимида янги муддатдаги фаолиятингизда ушбу муҳим масалалар бўйича Сиз билан ҳамкорликни давом эттириш ниятидаман", - дейилади АҚШ Президентининг табригида.

Инсон ҳақлари ташкилотлари Қўшма Штатларни демократия ва инсон ҳақлари борасида Президент Каримовга етарлича босим ўтказмаётгани учун танқид қилишади.

Сайловлар арафасида Би-би-сига гапирган АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчисининг биринчи ўринбосари Ричард Хоугланд Вашингтоннинг Тошкент билан хавфсизлик борасидаги ҳамкорлигини ҳимоя қилган ва сайловлар Ўзбекистоннинг ички иши эканини айтган.

Жаноб Хоугланд АҚШ Ўзбекистон ҳукумати билан инсон ҳақлари масаласини муҳокама қилишдан қочмаслиги, бу мулоқотлар дипломатик каналлар орқали амалга оширилганида энг кўп самара беради, деб ишонишларини таъкидлаган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ