Гулнора миллионларининг қанчаси Лондонда сақланаяпти?

Лондон асрлар оша хорижий диссидентлар ва қочқинларга бошпана бериб келган. Британия пойтахтининг бу каби "меҳмондўст"лиги ҳатто француз инқилоби ва ундан аввалроққа ҳам бориб тақалади. Бу қочқинлар оқими ичида ўз ҳукуматлари билан чиқишолмай қолган ўта бадавлат шахслар ҳам кўп бўлган.

Қатор ташкилотлар тадқиқотларига кўра, баъзида Лондоннинг энг ҳашаматли саройларини эгаллаётган ана шу нуфузли қочқинларнинг пули қаердан келгани савол остига олинмайди.

Transparency International гуруҳи ўтган ой чиқарган ҳисоботда айтилишича, ўтган йили Лондондаги 36 мингдан ошиқ кўчмас мулк офшор ҳудудлардаги яширин компаниялар орқали сотиб олинган. Ташкилотга кўра, уларнинг аксари ўғирланган пулга харид қилинган.

Ташкилотга кўра, "қатламлаш" деган жараён доирасида бирор давлатда ўғирланган пул офшор ҳудудларда очилган кўплаб компаниялар орасида биридан иккинчисига ўтказилади, ва бора-бора бу пул манбаини аниқлаш деярли имконсиз бўлиб қолади.

Global Witness ташкилотига кўра эса, Лондон кўчмас мулк бозори жаҳоннинг порахўр ва жиноятчи унсурлари учун пул ювиш қуролига айланган.

Ташкилотнинг даъво қилишича, Қирғизистонда қотилликка уриниш ва қатор иқтисодий жиноятларда айбдор деб топилган Максим Бакиев ҳозирда Лондон ташқарисида 3.5 миллион фунт стерлингга сотиб олинган ҳашаматли уйда яшамоқда.

Максим Бакиев ўз отаси Қурманбек Бакиев 2010 йилда президентлик курсисидан ағдарилиши ортидан Британиядан бошпана олганди.

Global Witness Лондонда Гулнора Каримованинг ҳам уйлари борлиги эҳтимоли катта экани, аммо буни тергов қилишга Британия ҳукуматининг "иштаҳа"си йўқлигини айтади.

Би-би-си мазкур ташкилотнинг тадқиқотчиларидан бири Том Мейн билан суҳбатлашди.

Image caption Том Мейн Лондоннинг порахўр ва жиноятчиларга бошпана бериш анъанаси тугатилишини хоҳлайди.

Мейн: Биз Қирғизистон мисолида жаҳон бўйлаб пулларни "пўчоқ" компаниялар, яъни бўм-бўш ва фақат қандайдир ном берилган компаниялар ўртасида кўчириш нақадар осонлигини кўрсатмоқчи бўлаяпмиз. Бу компанияларни рўйхатдан ўтказиш жуда осон ва уларга эга эканингизни сир тутиш ҳам осон. Қизиқ жойи шуки, кўплар Британиянинг Кариб ҳавзасидаги Виржин Ороллари ёки Кейман ороллари ҳақида билишида, лекин Қирғизистон мисолида 2010 йилги инқилоб даврида иқтисодий жиноятларга аралашган кўплаб ширкатлар Британиянинг ўзида рўйхатдан ўтказилган экан. Биз мана шу каби ширкатларга эгаликни сир тутиш қийинлаштирилишини талаб қилаяпмиз. Лондоннинг кўчмас мулк бозорига келсак, турли автократлар, собиқ ва ҳозир кучда бўлган ҳукмдорларнинг яқин қариндошлари эгалик қилувчи жуда ҳам қимматбаҳо уйлар кўп. Уларнинг ҳам ортини қиртишласангиз, аноним компаниялар чиқиб келади. Шундай экан, биз кўчмас мулк бозорида ҳам шаффофлик бўлишини талаб қилаяпмиз. Максим Бакиевни биз мисол қилиб келтирдик.

Би-би-си: Унинг Лондон чеккаси, бойлар яшайдиган Саррей ҳудудидаги уйи 3.5 миллион фунтга олинган деяпсиз. Лекин, бу уйда унинг ўзи яшаётган бўлса-да, уйга Марказий Америкадаги Белизда рўйхатдан ўтган компания эгалик қилар экан...

Мейн: Ҳудди шундай, Лимиум Партнерс деган компания эгалик қилади. Қизиқ жойи шуки, бу компания биз ноқонуний молиявий пул ўтказишларини тергов қилган бошқа ширкатларга алоқадор бўлиб чиқди. Уларнинг Белиздаги адреси битта. Максим бугунда Британияда яшаб келаётган уйга эгалик қилувчи ширкат ва йирик банк можаролари туфайли тергов қилинган ширкатларнинг адреси битталиги тасодиф бўлмаса керак.

Би-би-си: Марказий осиёлик бошқа ҳукмдорларнинг фарзандлари Лондонда эгалик қилиши айтиладиган бошқа сарой ё уйлар ҳақида ҳам маълумотга эгамисиз?

Мейн: Жуда кўп одамлар бизнинг диққатимиз марказига тушган. Гулнора Каримовага қарши кўпгина давлатларда телеком ва пул ювиш можароларига боғлиқликда терговлар кетаётганидан яхши хабардормиз. Биз Гулнора билан кўп вақтдан бери қизиқиб келамиз. Ҳали 2003-2004 йилларда у ўз эридан ажралгач, Ғарбдаги омманинг кўзига тушишни бошлаганди. Биз ўшанда унинг HSBC банкида ҳисоби борлиги ва ўта бадавлат эканини аниқлаганмиз, лекин, албатта, бой бўлиш бу жиноят эмас. Лекин, мана 10-11 йил ўтиб унга қарши жиноий ишлар очилаяпти. Унинг Лондонда кўчмас мулкка эга экани борасида мишмишлар мавжуд. Нафақат биз, балки бошқа гуруҳлар ҳам олиб борган терговлар 1 ё 2 уй Гулнорага тегишли эканига ишора қилган. Янги уйлар қурилиши учун ажратилган жойларда ҳам қатор кўчмас мулкларга Гулноранинг эгалик қилиши борасида терговлар олиб бордик. Қўлимизда бу мулкларнинг эгалари қайд қилинган "Land registry", яъни ер эгалиги ҳужжатлари бор. Лекин, ҳудди Максим Бакиев билан бўлгандек, бу мулклар ҳам офшор ҳудудлардаги компаниялар номига ҳужжатлаштирилган. Буларга Гулнора ё Максим эгалик қилишини исботлаш жуда қийин, шунинг учун биз Британия ҳукуматидан уларни тергов қилишни сўраяпмиз. Агар Гулнора борасида кечаётган терговларга қарасангиз, у қабул қилгани айтилаётган поралар миқдори жуда-жуда катта. Айни дамда мана шу пулларнинг қанчаси Британияда сақланаяпти деган савол очиқ қолаяпти.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Максим Бакиевнинг Лондондаги саройига расман Белизда рўйхатдан ўтган ширкат эгалик қилади.

Би-би-си: Нима учун Гулнора Каримованинг пуллари Швейцария, Швеция, Франция ва АҚШда терговларга сабаб бўлаяпти, лекин Британия ҳеч қандай тергов олиб бормаяпти?

Мейн: Швецияда тергов бўлаётганининг сабаби, албатта, Швециядаги компания билан боғлиқ. Швецариядагиси эса Гулнора гўёки Швейцарияда сақлаётган мулк ва пулларга боғлиқ. Британияда у нималарни сақлаётгани борасида эса аниқ маълумот йўқ. Чунки, Британияда бу каби терговлар ўтказишга "иштаҳа" йўқ. Биз атиги бир ноҳукумат ташкилотмиз, ва саҳна ортида нималар бўлаётганидан бехабармиз. Балки қандайдир яширин терговлар ўтказилаётгандир. Лекин, Гулнора Каримованинг Оврўподаги терговлари, Австриядаги Роҳат Алиев терговлари ёки Мухтор Аблязовнинг Франциядаги терговлари ҳақидаги эшитганимизда, нима учун бу каби терговларни Британия ўтказмаяпти деган саволни берамиз.

Би-би-си: Балки бу Лондоннинг тарихий имиджи билан боғлиқдир? У ахир ҳар қандай бадавлат қочқинларга бошпана бериши ва пулларини яширишга шароитлар яратиб бериши билан танилган. Сиз терговларни талаб қилиб, бу анъанадан воз кечмоқчимисиз?

Мейн: (Кулади) Ҳамма анъаналар ҳам яхши анъана ҳисобланмайди. Вақт ўтиши билан баъзи анъаналарнинг ҳам даври ўтади. Охирги 20-30 йил ичида Британияга келаётган хорижликлар сони кескин ошди. Биз улар орасида келаётган турли шубҳали жараёнларга алоқадор бўлган оилалар текширилаяптими, уларнинг пуллари қандай топилгани аниқланаяптими, ёки уларга бемалол ўз ҳаром пулларини бу ерда ишлатишга ёрдам бераяпмизми, деган саволларни қўяяпмиз. Масалан, Ливия раҳбари Муаммар Қаддофий ағдарилганидан кейин, британ ҳукумати кўксига уриб, унинг Лондондаги банк ҳисобларини музлатганини айтди. Лекин, ахир бу кеч-ку. Нега бу каби шубҳали ҳукмдорлар ҳукм сураётган даврда уларга Лондонда банк ҳисобини очиб, бу ерда пул сақлашларига рухсат берилади?

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ