Марказий Осиё: Дунёвий Исломнинг келажаги борми?

Осиё ва Тинч уммони мамлакатлари масалаларини ёритувчи The Diplomat интернет журналида чоп этилган мақола Ўзбекистондаги "дунёвий Ислом тажрибасига" назар ташлайди.

Мақола муаллифи АҚШ Ҳаво кучлари сафида хизмат қилаётган ва ҳозирда Халқаро масалалар тадқиқоти билан шуғулланаётган Эрик Крозеннинг ёзишича, ғарбдаги таҳлилчилар Ўзбекистонга у қадар ҳам кўп эътибор қаратмайдилар.

Лекин охирги вақтда исломий ақидапарастликка қарши кураш муаммоси туфайли минтақадаги Ислом тарихига назар ташлаш жоиздир.

Муаллифга кўра, айниқса Ўзбекистон дунёвий Ислом қандай бўлиши кераклиги йўлида намуна сифатида, шунингдек эътиқодни тазйиқ остига олиш экстремизм, зўравонлик ва беқарорликни келтириб чиқариши мумкинлига далолат сифатида хизмат қилиши мумкиндир.

Эрик Крозеннинг ёзишича, Ўзбекистондаги дунёвий Ислом бир асрдан кўра кўпроқ тарихга эгадир.

Минтақадаги энг муҳим ҳаракатлардан бири 20 аср бошларидаги жадидчилик эди.

Марказий Осиёни "захира манбаи" сифатида кўрган Россия қарашларига қарши чиққан жадидлар Исломни ислоҳ қилиш ва технологиялар, кашфиётлар, таълим-тарбия ҳамда аёллар ҳуқуқларини жорий этиш йўлида курашганлар.

"Жадидлар учун Ислом диний эмас кўпроқ миллий аҳамият касб этган. Ислом миллатга айланиб, мусулмонлар сиёсий жамоа аҳамиятини касб этганлар. Улар нисбатан прогрессив ва дунёвий мусулмон миллатчилигини намоён этганки, бу ғояни кўплар ҳозирда тасаввур ҳам қила олмайдилар", - дея хулоса қилган Эрик Крозен.

Фото муаллифлик ҳуқуқи eleery

Муаллифга кўра, Россия Марказий Осиёни ташқи давлатлардан ихоталар экан, Ўзбекистондаги мусулмон жамоаси "сиёсий Ислом" таҳдидидан ҳам ихоталанганди.

Лекин Совет Иттифоқининг Яқин Шарқ мамлакатлари билан алоқалари ва кейинчалик Марказий Осиёлик баъзи ёшларнинг хорижда диний илм олишга рухсат берилганлиги Исломнинг ўзгача шаклларига гувоҳ бўлишларига олиб келди.

Хорижда диний билим олиб келганлар "норасмий уламолар" сифатида кўрила бошланди.

Маҳаллий Ислом билан хориждан келган Ислом ўртасидаги тафовутлар диннинг минтақадаги келажаги қандай бўлиши кераклиги атрофидаги баҳсларга ҳам туртки берди.

Бу баҳснинг оқибати яқинда қайта сайланган президент Ислом Каримов сиёсий мероси билан ҳам боғлиқ.

Шўролар тизими маҳсули бўлган жаноб Каримовнинг мамлкатдаги ҳар қандай мухолиф фикрга қарши тоқатсизлиги унинг режимини қулатиш илинжида бўлган исломий экстремизмни қўлловчилар сони ошишини таъминламоқда.

Каримов режимини қулатиб, ўрнига диний тузумни ўрнатмоқчи бўлганлар мавжуд бўлса ҳам ўзбекларнинг аксари бу каби тузумни ўз мамлакатларининг келажаги сифатида кўрмайдилар.

Ўзбеклар Ироқдаги тарихий осори атиқаларни вайрон этаётган ақидапарастларга тамоман зид бўлган таълим-тарбия, санъат ва маданият тарафдоридирлар.

Лекин ижтимоий адолатсизликлар, тазйиқлар, сиёсий ғирромлик ва диний озчиликлар ҳуқуқларининг чекланиши ўзбек жамиятидаги баъзи гуруҳларининг радикаллашишига тўғридан-тўғри сабаб бўлмоқда.

Шунинг учун минтақадаги Исломий фикр келажаги хориждан келган мутаасиб талқинлар хавфи остида қолиши мумкиндир.

Йилларча ўзбеклар бу каби талқинларга қарши бўлиб келганлар. Лекин ўз ватанларида давом этаётган тоқатсизлик ва тазйиқлар ўнгида улар шундай қилишни давом этадиларми?

Ўзбекларнинг келгуси авлодлари учун асосий вазифа Шўролар авторитар занжирларини узиб, жадидлар томонидан илгари сурилган зиёлилик, кашфиёт ва бағрикенглик усулларини сингдириш муҳимдир, - деб ёзади муаллиф.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

Your contact details
Disclaimer