Тошкентда Ислом Каримов яна қасамёд қабул қилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Ислом Каримовни Ўзбекистон президенти сифатида қасамёдга келтириш маросими Тошкентда бўлиб ўтган.

Шу муносабат билан Ўзбекистон парламентининг юқори ва қуйи палатаси қўшма мажлиси ташкил этилган.

Инаугурация маросимини Ўзбекистон Марказий Сайлов комиссияси раиси Мирза-Улуғбек Абдусаломов очган.

Жаноб Абдусаломов 29 март куни Ўзбекистонда ўтказилган президентлик сайловида Ислом Каримов энг кўп овоз тўплаб ғалаба қозонганини эълон қилган.

Сайлов комиссияси раиси сўзларига кўра, Ўзбекистондаги бу галги президентлик сайлови ҳам мамлакат миллий қонунчилиги ва халқаро демократик мезонларга мос, очиқ ва ошкора сайлов бўлган.

Марказий Сайлов комиссияси раиси Мирза-Улуғбек Абдусаломов Ислом Каримовга Ўзбекистон Президенти гувоҳномасини топширган.

Шундан кейин жаноб Каримов президент қасамёдини айтган.

Ўзбекистон матбуоти хабарларига кўра, қасамёддда шундай сўзлар бор: "Ўзбекистон халқига содиқ хизмат қилишга, республика Конституцияси ва қонунларига қатъий риоя қилишга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлашга, Ўзбекистон Республикаси Президентига юкланган мажбуриятларни сидқидилдан бажаришга тантанали ваъда бераман".

77 ёшли жаноб Каримов Ўзбекистонни 1989 йилдан буён бошқариб келади.

Ўзбекистон Конституцияси бир шахснинг икки мартадан зиёд президентлик лавозимини эгаллашини тақиқлайди.

Бироқ мамлакат мустақиллигидан кейин ташкиллаштирилган референдумлар ва конституцияга қайта-қайта ўзгартиришлар Ислом Каримовга қудратда қолишига йўл очган.

Охирги марта Ўзбекистонда президентлик сайлови 2007 йили ўтказилган.

Ўшанда Ўзбекистон конституциясида президентлик ваколати муддати етти йил этиб белгиланган, аммо 2011 йилда конституцияга яна ўзгартириш киритилиб, президентлик муддати беш йил этиб белгиланган.

2015 йилги сайловда ўзбекистонлик фаоллар жаноб Каримов номзодининг яна бир марта президентликка илгари сурилиши мамлакат конституциясига зид эканини эълон қилганлар, Ислом Каримов номзодини илгари сурган Либерал-Демократик партия фаолларини жавобгарликка тортишга чақирганлар.

Хориждаги фаоллар муқобил президентлик сайлови ташкил қилдилар.

Интернетда Виртуал Сайлов комиссияси томонидан 12 номзод рўйхатга олинган.

Бироқ март ойи ўртасида Виртуал Сайлов комиссиясининг веб-сайти хакерлик ҳужумига тутилиб ишдан чиқди.

Ўзбекистондаги президентлик сайловига чекланган кузатувчиларини юборган Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти Ислом Каримовнинг номзоди яна бир марта илгари сурилиши қайси қонуний-ҳуқуқий меъёрларга асосланганини Тошкентдаги амалдорлардан аниқлашга ҳаракат қилган.

Шундан сўнг ОҲҲТнинг чекланган миссияси Ўзбекистондаги президентлик сайловига доир ўзининг ҳисоботини эълон қилди.

Ўзбекистон ҳукумати Ислом Каримов номзоди нега Конституцияга зид равишда яна президентликка қўйилгани тўғрисида биринчи бор изоҳ берган.

"Конституцияда бир шахснинг икки муддатдан ортиқ президентликка сайланишини чеклаган бўлса-да, жорий президент Конституция амал қилаётган даврдан бери учинчи муддатга сайланмоқда", деб қайд этган расмийлар.

Ўзбекистон Марказий Сайлов комиссияси билдиришича, кимнинг номзодини илгари суриш сиёсий партиялар хоҳиши ва қарори бўлиб, сайлов комиссияси фақат ҳужжатларни қонунчилик талаблари асосида кўриб чиқади.

Шунингдек, расмийларнинг кузатувчилар гуруҳига аниқлик киритишларича, "муддат" аниқ йилларни назарда тутади ва олдинги президентлик муддати етти йилни ташкил қилган, ҳозиргиси эса ундан фарқ қилиб беш йилдир. Шу боисдан келтирилган муддатлар икки кетма-кетликни англатмайди.

Ҳисоботда шунингдек, феврал ва март ойларида бир гуруҳ ўзбекистонлик фаоллар Конституцион маҳкама, Бош Прокуратура, Сенат ва Марказий Сайлов қўмитасига мурожаат қилиб, Ислом Каримов номзодини рўйхатга олиш қонунга зидлиги айтишган.

Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти баёнотида "29 март куни ўтказилган сайловларда ҳақиқий мухолифат мавжуд бўлмаган ҳолатда сиёсий саҳнада жорий раҳбар сиймоси устуворлик қилган"и айтилди.

Сўнгги сайловда Ислом Каримовнинг 90, 39 фоиз овоз тўплагани эълон қилинди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ