"Исломий давлат" ёхуд 'тез-тез ўчиб турадиган чироқдан ҳам қимматли тинчлик'

Image caption Суриядаги ИШИД сафларида жанг қилаётган ўзбекистонликлар

Экстремизм ва терроризмга қарши давом этаётган давлат ташвиқоти доирасида Ўзбекистондаги шоу бизнес хабарларини улашувчи wебсайт Sayyod.com "Исломий Давлат"га қарши ҳужжатли фильмни ўз саҳифасига юклаган.

"Ироқ ва Шом Ислом давлати: Хаёл ва ҳақиқат!" деб номланган фильм чамаси 20 дақиқа ичида "Исломий Давлат"нинг қилаётган ишларини ва Ислом олимларининг бу экстремист гуруҳга қарши изоҳларини намойиш қилади.

2014 йил Декабрь ойи охирида Youtube саҳифасига "Ahmad Rahim" исмли фаол томонидан юкланган, "Исломий Давлат"нинг кирдикорларини фош қилувчи ушбу фильм Sayyod.com саҳифасида анча норози изоҳларга ҳам сабаб бўлган.

Жумладан, Sayyod.com фойдаланувчиларидан бири "Шахиня" шундай деган: "Менда гап йўқ... видеони кўриб нақадар шафқатсизлик, тавба килдим... булар ҳам ўзини одам, мусулмон деб юришибдими... жуда аянчлик....(((( ҳақиқий онгсиз... ёввойилар... ёвуз ва фанат тўда...". "Булар террористлар, бошқа хеч ким эмас. Буларни дини ҳам Ислом эмас," дея қўшимча қилган бошқа бир вебсайт фойдаланувчиси "ledy".

"meningqizlarim" номли фаол эса, чора кўрилмаётганига норозилик билдирган: "Шунча гап сўзлар, нимага мусулмон давлатлар шунча одамларни ўлиб кетишига қараб турибди, ҳамма келишиб йўқ қилиб юборса бўлмайдими, қачонгача одамларни бундай ўлиб кетишига..........." дейди ушбу фойдаланувчи. "Akmal" бунга жавобан шундай дейди: "Кимлардур шуларни қўллашади, бўлмаса, давлатлардаги махсус ҳизматлар йўқ қилиб ташаган бўларди, кимгадур биз томонларда тинч бўлиши ёқмайди," деб айтган.

Баъзилар эса Ўзбекистондаги тинчлик учун Ислом Каримовга ташаккур билдиришга улгурган.

"Карим Бобо доим бошимизда омон бўлсинлар, шунақа ёвузларни меҳрибон Ўзбекистон яқинига қўймайдилар!" деган "Alisher" исмли фаол.

Ваҳшиёна қатл лавҳалари тасвирланган бу фильмга Sayyod.com фойдаланувчилари нафрат билан ўз изоҳларини қолдиришган. "Ваҳшийлар! Буни кўриб, одам анча пайтгача ўзига кела олмай юради," деб изоҳлаган "Shaxnoza&Javoxir". "mohinur" эса "бу ҳақиқий ваҳшийлик-ку, охиригача кўришга бардошим етмади," дея қўшимча қилган. "наргиз" эса қуйидагиларни ёзиб қолдирган: "Оллоҳим ўз паноҳида асрасин Ўзбекистонимизни, юртбошимизни ва халкимизни. Бундай ваҳшийликни кўрмаган эдим, тавба, тавба килдим, шуми мусулмончилик, улар ниқоб таққан мусулмон бўлса керакда. Видеони охиригача кўришга одам чидолмайди. Оллохим ўзинг асра булардан. Ўзинг уларга жазо бер, омин".

"shoras_666_" исмли фойдаланувчи эса Ислом Каримов бор экан, "Исломий Давлат" Ўзбекистонга яқин кела олмаслигини таъкидлайди.

"Булани одам диб бўлмайди, булар ердаги шайтонлар-ку. Бизларни юртимизни бундайлардан асрасин. Ўзбeк халқимизни бахтига президентимиз соғ бўсинлар, яна кўп йил бош бўлсинлар, шунда бундай ёмон ниятлик ваҳшийлар ҳеч қачон Ўзбeкистонимизга яқин кела олмайди," деган ушбу саҳифа фойдаланувчиси.

" UzBeK_SliM" ники остидаги вебсайт фойдаланувчиси бундай фильмларни кенгроқ ёйишни маслахат берган:

"Сайёдга каттакон раҳмат! Бу фильмни тезкорлик билан ҳаммага кўрсатиш керак! Айниқса чекка чекка вилоятлар ва шаҳарларга! Зора адашганларни тўғри йўлга қайтарар, бошқаларни адашишини олдини олар! Бу ИШИДдаги ўзини мусулмон деб ҳисоблайдиганлар жуда ҳам ваҳший ва ҳақиқий Исломни жуда ҳам тескари тушунишаяпти!".

" Ibi-ibi" огоҳликка чақиришни унутмаган: "Ён-атрофга эътиборлик булайлик. Бу аҳмоқларни сафи кенгайишига йўл қуймайлик".

"ЗАҲИРИДДИН МАНСУР" исмли вебсайт фойдаланувчиси эса "Исломий Давлат"га қарши бад дуога чақирган ва уларни Ислом динини ёмон кўрсатувчи шахслар эканлигини таъкидлаган:

"Уларни туғма кофир дейиш билан уларни ҳурмат қилган бўлиб қоламиз. Улар муртадлардир. Бир мусулмонга озор бериш қаттиқ гуноҳ бўлган бир пайтда миллионлаган мусулмонларга жароҳат етказиш, балки уларни итдек хор қилиб отиб ташлаш очиқ муртадликдан бошқа нарса эмас. Ҳар бир ўзини мусулмонман деган инсон, шу жумладан барча миллатдошларимиз бу каби жирканч махлуқларни қарғасинлар. Исломни, мусулмонларни ёмон отлиқ қилиш ниятида Ислом номидан гапираётган бу муртад мушрикларни бутун оиламиз билан дуоибад қилишимиз мақсадга мувофиқдир. Оллоҳ у муртадларга ўзи кифоя қилсин!".

"ruxsor" ники остида эса ўзига хос изоҳ қолдирилган. Бу вебсайт фаоли чет элларда ишлаб юрган ўзбекларни "манқуртлик"да айблаш билан бирга, тинчликни "ўчиб турадиган чироқ" ва "паст ёнадиган газ" эвазига келганини айтган.

"Ҳа даҳшатни ўзи. Буни шунчаки қўймадилар. Манқуртликка мойил айрим юртдошларимиз кўриб, хулоса қилишлари учун қўйдилар. Чет элда ишлаб юриб, ўзича Ўзбекистон у, Ўзбекистон бу деб нолиётганлар учун сабоқ бўлсин. Ватангадо мухбирлар ичлари тўла ҳасад билан ҳали юртбошимизга, ҳали мамлакатимиз ислоҳотларига сўзбўрон ясайдилар, онги паст айрим юртдошларимиз эса, ҳа тўғри, дея ватанда туриб, ватанга тош отадилар, ушбу видео ана ўшаларга ҳам бир сабоқ бўлсин. Ахир хотиржамликка нима етсин. Тез-тез ўчиб турадиган чироқдан ҳам, пастроқ ёнадиган газдан ҳам кўра тинчлик қимматлироқдир. Ватанни бирга асрайлик дўстлар!" дея ушбу видео клипни изоҳлаган "ruxsor".

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

Бу мавзуда батафсилроқ