Ғарб тарихдан ўз манфаатида фойдаланмоқдами?

Фото муаллифлик ҳуқуқи ellie kurtz

Лондонда намойиш этилган Бобурий шаҳзодаларга бағишланган спектакл баҳсу-мунозараларни келтириб чиқарган.

"Шаҳзода Доро" драмаси Ҳиндистон ҳукмдори Аврангзеб тахтга ворис иниси Доро Шукуҳ қўлидан ҳокимиятни тортиб олиши, диний мутаассиблик ва исломий бағрикенглик ҳақида.

Лекин, Ўзбекистон Халқ шоири, тарихчи, тележурналист Хуршид Даврон фикрича, ушбу спектаклнинг бугун саҳналаштирилиши ортида Исломни қоралаш мақсади ётипти.

"Олис ўтмишда бўлиб ўтган бобурийлар тахти учун олиб борилган кураш воқеаларидан Ғарбнинг Ливия, Сурия, Ироқда уюштираётган қирғинбаротларни оқлаш учун фойдаланилаётгани яққол кўзга ташланди", деб ёзган Хуршид Даврон ўз блогида.

"Шаҳзода Доро" драмаси яқинда Лондондаги Миллий театрда намойиш этилди.

Спектакль сценарий муаллифи ва режиссёри таниқли покистонлик драматург Шаҳид Надим.

У "Доро" спектаклини илк бор 2010 йил Покистоннинг Лаҳор шаҳридаги Ажока ajoka.org.pk театрида саҳналаштириб намойиш этган.

Сўнг саҳна асари Покистон ва Ҳиндистоннинг қатор театрларида ўйналди ва томошабинлар, драма санъати мутахассислари томонидан жуда яхши қарши олинди.

Муаллиф Шаҳид Надим билан ҳамкорликда лондонлик режиссёрлар Надия Фолл ва Таня Рондерлар пьесани Британия саҳнасига жузъий ўзгартиришлар билан саҳналаштирадилар.

"Шаҳзода Доро" спектакли Лондон жамоатчилиги томонидан ҳам, танқидчилар томонидан ҳам олқишлар билан кутиб олинди.

Матбуот, хусусан, Би-би-си ҳам спектаклда кўтарилган Ислом динидаги мутаассиблик ва бағрикенглик мавзусига тўхталдилар.

Бобурий шаҳзода, Ислом ва диний бағрикенглик

Ушбу мақола Ғарб билан Шарқ, матбуот эркинлиги ҳақидаги баҳсларга ҳам туртки берди.

kh-davron.uz блогида "Бобурий шаҳзода ҳақидаги драма нима мақсадда Лондон театрида саҳналаштирилди?" деб номланган мақола эълон қилинди.

Мақола муаллифи Хуршид Даврон шундай ёзади:

"Бобурий шаҳзода, Шоҳ Жаҳоннинг вориси Дору Шукуҳ ҳаёти акс этган драма Лондоннинг Миллий театри саҳнасида намойиш этилмоқда. Тарихий асарда XVII асрда Ҳиндистонда Бобурийлар ўртасида тахт учун кечган шафқатсиз кураш тасвирланади. Алоҳида таъкидлаш лозимки, бугунги сиёсатлашган замонда, ғораткор Ғарб исломга қарши қақшатқич қирғин ўтказаётган муҳитда ушбу драмани саҳналаштириш замирида исломни қоралаш мақсади ётгани ойдин бир нарсадир.

Драма ҳақида Би-би-си ўзбек хизматини хабарини тақдим этар эканман, уни ўқиш давомида яна бир карра юқорида айтган фикрим қатъийлашди. Олис ўтмишда бўлиб ўтган бобурийлар тахти учун олиб борилган кураш воқеаларидан Ғарбнинг Ливия, Сурия, Ироқда уюштираётган қирғинбаротларни оқлаш учун фойдаланилаётгани яққол кўзга ташланди. Зеро, бобурийлар тахти учун кураш воқеалари нечоғли қонли ва баттол кечган бўлмасин, Аврангзебнинг дин соҳасида олиб борган фаолияти нечоғли баҳсталаб ва ноўрин бўлмасин (бу ҳақда дастлаб Шоҳ Жаҳон, кейин Аврангзеб саройида врач мақомида хизмат қилган Франсуа Берньенинг «История последних политических переворотов в государстве Великого Могола» асарида батафсил ўқиш мумкин) содир бўлган воқеалар барибир ўтмиш мулкидир.

Қолаверса, бобурийлар кураши инглизларнинг тахт учун олиб борган курашлари пайтидаги мудҳишликлар, дин йўлида Ричард Учинчига ўхшаган авантюрист салбчиларнинг ислом аҳлига нисбатан ўтказган қирғини ва энг муҳими, Ҳиндистон истилоси даврида инглизлар амалга оширган қонли жиноятлар олдида сўник бўлиб қолади. Босқинлар ҳисобидан бойиган Ғарб бугун ҳам Шарқнинг мутелигидан фойдаланиб оққа туриб олган, бойлик йиғган кунларини қўмсаб, янги салб юришларини авж олдирмоқда. Инглиз қироличаси тожида ўша қонли босқинлар эвазига Ҳинд юртидан ўғирлаб олиб келтирилган дунёнинг энг қимматли дури безаб турганини унутмайлик. Мазкур драмани саҳналаштириш ҳам англо-саксларнинг бугунги дунёни ўзига бўйсундиришга қаратилган мунофиқ сиёсатининг бир кўринишидир.

Ғарб матбуоти сўнгги ўн йиллар ичида жуда кескин ўзгариб, ана шу сиёсатнинг муте хизматкорига айланганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Айрим чет элдаги радиолар ўзбек оммавий ахбарот воситаларини қоралаб, улар ҳақиқатни кўрсатмаяптилар деган гапни такрорлаб келади. Мен бу гапни рад этмаган ҳолда, Ғарб матбуоти ҳам ҳеч қачон ойдин ҳақиқатни айтолмасликларини яхши биламан, зеро,, хўжайинлари айтган гапни такрорлайдилар, уларнинг чизган чизиғидан чиқмайдилар ва бу билан ўзбек матбуотидан сира фарқ қилмайдилар.Ўзбек ОАВлари кар ва гунг бўлса, Ғарб матбуоти пулга сотилган кўр ва соқовдир. «Биз эркинмиз ва демократик прннциплар асосида ишлаймиз» деган гапни пеш қилишни яхши кўрган Ғарбда кейинги йилларда «Буюртмали («Катта пул тўлаш эвазига ёзадиган) журналистика» тўла ҳукмронлиги яққол кўзга ташланмоқда. Мен бу «ғарбона демократия» қанчалик ғариб ва бепринцип эканини кўриб турибман, ўзидан бошқа ҳеч кимни одам ўрнида кўрмайдиган, фақат ўз зўравонлигига ишонган, хоҳлаган журналистини ёки матбуот воситасини очиқ сотиб олаётган, ўз «демократияси»ни тимсолларига айланган бомба ва ўқларини кучсиз ва ҳимоясиз ўлкаларга ёғдираётган худосиз Ғарб инсониятни жаҳаннам ёқасига бошлаб бораётганини кўриб турибман. Ҳар куни, ҳар соатда, ҳар дақиқада унинг жиноятига гувоҳман."

Хўш, бугун Ғарб тарихдан ўзининг бугунги манфаати йўлида фойдаланаётгани борасидаги фикрларда қанчалар жон бор?

"Баъзи жойлари тўғри бўлса ҳам мен уни (Хуршид Давроннинг) фикрига тўла қўшилмайман", дейди Тошкентдан таниқли тарихчи олим Ашраф Аҳмедов.

"Шарқда бўлаётган ҳамма нарсалар, масалан, Араб мамлакатларида бўлаётган нарсаларга айбни Ғарбга қўйиб бўлмайди. Масалан, Сурия, Ироқ, Яманни ҳам олиб қаранг! Ҳаммаси арабларнинг ўзининг ичидан чиқаяпти", дейди Ашраф Аҳмедов.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ

Алоқадор интернет саҳифалари

BBC ташқи интернет саҳифалар учун масъул эмас