Амнести: "СНБдан ҳеч ким ҳали айбсиз чиқмаган"

АҚШ, Олмония ва бошқа Оврўпо Иттифоқи давлатларининг Ўзбекистондаги қийноқларга кўз юмиши у ердаги инсон ҳуқуқлари таҳқирланиши ҳолларининг жазосиз давом этишини кафолатламоқда, дейилади Халқаро Амнести ташкилотининг бугун чоп этган янги ҳисоботида.

Берлинда тақдимоти бўлиб ўтган "Сир ва ёлғонлар: Ўзбекистонда қийноқ остида олинган мажбурий иқрорномалар" дея аталган ҳисоботда Ўзбекистонда қийноқлар нақадар кенг тарқалгани, мамлакатнинг адлия тизимида ҳуқуқбузарликлар "марказий рол"ни ўйнаши, ҳамда миллий хавфсизликка таҳдид дея кўрилган ҳар қандай гуруҳнинг ҳукумат томонидан тазйиққа олиниши ҳақида сўз боради.

Унинг огоҳлантиришича, ҳуқуқ-тартибот идоралари гумондорларни қандайдир айбга иқрор бўлиши йўлида қийноқларни қўллайди, бутун бошли оилаларни қўрқитади ёки таҳдид остида улардан пора ундиради.

"Ўзбекистонда ҳукуматга ёқмаган ҳар қандай одам қўлга олиниши ва қийноққа тутилиши очиқ сирдир. Ҳукумат исканжасидан ҳеч ким қочиб қутула олмайди", - дейди Халқаро Амнестининг Оврўпо ва Марказий Осиё бўйича директори Жон Далхузен.

"Қийноқ билан булғанган иттифоқчи"

"Бу вазиятнинг шармандали томони шуки, кўплаб ҳукуматлар, хусусан АҚШ, афтидан "террорга қарши уруш"даги иттифоқчисини ҳафа қилиб қўймаслик учун даҳшатли қийноқларга лоқайд қараяпти. Олмония каби бошқа давлатлар эса ҳеч кимни безовта қилмай, бизнес имкониятларидан фойдаланиб қолишга ўчдек кўринади", - дейди у.

Андижонда 2005 йилда юз берган қирғин ортидан Оврўпо Иттифоқи ўзбек ҳукуматига қарши жазо чораларини киритганди, бироқ улар 2008 ва 2009 йилларда кетма-кет бекор қилинди. Ҳеч ким қотилликлар учун жавобгарликка тортилмаса-да, ўзбек мулозимларига қўйилган виза чеклови олиб ташланди ва Ўзбекистонга қурол сотиш қайта бошланди.

Амнести ҳисоботида ёзилишича, Олмония Ўзбекистон билан жуда яқин ҳарбий ва тижорий алоқаларга эга. Ўтган йил ноябрида олмонлар Афғонистондаги қўшинларига ёрдам етказиш учун қўлланиладиган Термез ҳаво базаси ижараси келишувини янгилашди.

АҚШ ҳам абгор инсон ҳуқуқлари вазияти туфайли Ўзбекистонга 2004 йилда тўхтатган ҳарбий ёрдамини 2012 йилда қайта беришни бошлади. Бу йил эса икки давлат ҳукуматлари ўртасида ҳарбий ҳамкорлик бўйича беш-йиллик режа ишга тушиши билан алоқалар мустаҳкамланди.

"АҚШ, Олмония ва Оврўпо Иттифоқи Ўзбекистондан зудлик билан қийноқларни тўхтатишни талаб қилиши керак. Олмония ва Америка Ўзбекистон билан алоқаларни яхшилар экан, милиция одамларни ўғирлаб, сохта айблар асосида қийнаб иқрорномалар олмоқда ва адолатсиз судларга тортмоқда. Ўзбекистон қийноқлар билан булғанган далил-исботларни судда қўлллашни давом эттирар экан, у қийноқлар билан булғанган иттифоқчи бўлиб қолаверади", - деди жаноб Далхузен.

"Ваҳшиёна усуллар"

Амнестининг янги ҳисоботи 2013 ва 2015 йиллар ўртасида ўтказилган 60дан ортиқ суҳбатлар ва охирги 23 йил ичида тўпланган далилларга асосланади.

Унга кўра, Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати (СНБ) қийноқлар учун қўллайдиган ва деворлари ташқарига овоз чиқармайдиган материал билан қопланган камералар, ҳамда милиция идораларининг ертўлаларида қийноқлар учун қўлланиладиган камералар ҳақида ҳикоя қилинади.

"Милиция ва махфий агентлар ваҳшиёна усуллар, жумладан бўғиш, жинсий зўрлаш, электр токи, ҳаддан ташқари совуқ ё иссиқ ҳаво, озиқ-овқат ё сув ва уйқудан мосуво қилишдек усулларни қўллашади", - дейилади ҳисоботда.

Шунингдек, у бошқа тутқунлар томонидан давомий тарзда дўппослашларни ҳужжатлаштирган. Нима учун ҳибсга олингани айтилмаган бир шахс тонгда милиция идорасидаги ҳибсхонага олиб борилганида нималар бўлганини сўзлаб берган.

"Қўлларим орқамга қайирилиб кишанланганди... Икки милиционер мени дубинкалар билан уришди, тепишди. Мен ҳушимдан кетиб қолдим. Ҳамма жойларимга уришди, бошимга, буйракларимга... Ҳушимдан кетиб қолсам, юзимга сув сепиб уйғотишарди ва яна уришарди", - дейди у.

"СНБдан ҳеч ким айбсиз чиқмаган"

Амнестига кўра, Ўзбекистонда қийноқлар саноатга айланган. Ҳакамлар пора эвазига қисқароқ қамоқ жазосига ҳукм этади. МХХ ва милиция ҳибсдагилар ва маҳкумлардан йирик пораларни талаб қилишади.

Туркиялик тадбиркор Ваҳит Гунеш Амнестига ўзининг иқтисодий жиноятлар ва ман этилган Исломий ҳаракатга алоқадорликда айбланиб қўлга олиниши ва ўн ой МХХ ҳибсхонасида қийноққа тутилиши ортидан иқрорномага имзо чекканини сўзлаб берган.

Бироқ, иқрорнома олиниши ортидан МХХ унинг озод этилиши учун оиласидан бир неча миллион доллар пора талаб қилган.

Жаноб Гунеш ноинсоний шароитлар, руҳий босимлар, дўппослашлар ва жинсий таҳқирлашларга юз тутганини айтади. У бир прокурордан иқтибос келтиради: "Ваҳит Гунеш, ўзингизни тутиб олинг. СНБнинг тарихида ҳали бирон одам бу ерга олиб келингач, айбсиз деб топилиб озод этилмаган. Бу ерга олиб келинган ҳар бир киши айбдор деб топилади. Улар айбдор бўлишга мажбурлар".

"Қийноқлар Ўзбекистон қонунчилигига зид бўлса-да, жуда камдан-кам ҳолларда қийноқни қўллаган ходим жазоланади. Ҳатто ҳукуматнинг статистик рақамлари ҳам буни исботлайди: 2010 ва 2013 йиллар ўртасида атиги 11 милиционер қийноқ учун жазоланган. Айни вақт мобайнида қийноқ бўйича 336та шикоят қайд қилинган", - дейилади ҳисоботда.

Халқаро Амнести Президент Ислом Каримовни очиқчасига қийноқларни қоралашга чақирмоқда. Шунингдек, ташкилот барча ҳибсхоналарни текширадиган мустақил муассаса тузилиши ва қийноқ остида олинган далиллар судда қўлланмаслиги таъминланишини сўрамоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

Your contact details
Disclaimer