Мустақил ва эркин матбуот қаерда?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Яқинда таниқли ўзбек адиби Хуршид Даврон ўз мақоласида ўзбек оммавий ахборот воситаларини "кар ва гунг" бўлса, "Ғарб матбуоти пулга сотилган кўр ва соқовдир" деган фикрни билдирган.

Шунингдек, ёзувчи Ғарб журналистларини ҳам "хўжайинлари чизган чизиғидан чиқмайдиган" дея таърифлаган ҳамда бу билан ўзбек матбуотидан сира фарқ қилмаслигини айтган.

Хўш, Матбуот Ғарбда ва Ўзбекистонда қай йўсин ишлайди ва кимга хизмат қилади?

Олмонияда истиқомат қилаётган ўзбек журналисти Ҳулкар Норқобилова Ғарб матбуоти пулга сотилгани, журналистлари ҳеч қачон ойдин ҳақиқатни айтолмасликларини борасидаги фикрларга қўшилмаслигини айтади.

"Менинг фикримча, Ғарб матбуоти чин маънода... демокартик жамиятнинг асосий бўлаги сифатида фаолият кўрсатади. Мен "Ғарб матбуоти қўрқади ва бировга хизмат қилади" деган фикрга асло қўшила олмайман", дея жавоб беради.

"Ўзим "Немис тўлқини" радиосида тажриба орттирганман, бошқа жойларда ҳам фаолият кўрсатганман, ёки журналист сифатида кузатиб бораман... Жуда тезкор матбуот. Шахсий фикрим, Ғарб матбуоти ҳеч кимга хизмат қилмайди, халқ ва демокартияга хизмат қиладиган матбуот", дея қўшимча қилади журналист.

Ғарб журналистлари, Ғарбда фаолият қилаётган журналистлар муайян давлатга хизмат қилади деган айбловлар асосан Ўзбекистон ичкарисидан янграйди.

Малоҳат Эшонқулова Ўзбекистонда ва Ғарб матбуотини ўша ердан кузатишини айтади.

"Шоли курмаксиз бўлмайди", деган гап бор. Шу нақтаи назардан, маълум бир гуруҳларга хизмат қиладиган ҳамкасбларимиз бўлиши мумкин. Лекин, Ғарб матбуотида фаолият қиладиган журналистларнинг ҳаммаси шундай, дея баҳо бериб юбориш, менимча, ноҳақлик бўлган бўлар эди. Нимагаки, хориждаги матбуот жамиятни бошқаришга хизмат қилади, жамиятдаги адолат нормаларини меъёрлаштириб туради, деган бўларди", дейди Ўзбекистон телевидениеси собиқ ходимаси.

"Қатор йиллардан бери фаолият қилиб келаётган журналист сифатида Ўзбек матбуотини Ғарб матбуоти каби бўлишини орзу қилган бўлардим. Қани эди, бизнинг матбуот ҳам хоҳлаган мавзусида эркин фикрлай олса... "

Би-би-си: Ўзбекистонда матбуот эркинлиги йўқлиги ҳақида айтяпсиз. Президент Каримов ўз чиқишларида журналистларни ҳар доим дадилликка ундайди, ҳақиқатни қўрқмасдан ёритишга ундайди. Нима учун Ўзбекистондаги журналистлар ва матбуот масъуллари давлат раҳбарининг сўзларига қулоқ тутишмайди?

"Ўзбекистонда чиройли қонунлар бор. Президент томонидан ажойиб жимжимадор гаплар гапирилади. Аммо, гапириш бошқа, уни ҳаётга тадбиқ қилишда жонбозлик кўрсатиш масаласи мутлақ бошқа нарса... Ўзбекистон телевидениесида хизмат қилган журналист сифатида айтишим мумкинки, журналистлар фақатгина раҳбариятнинг кўрсатмаларини бажаришга сафарбар этиладиган, холос. Ўз ғоянгиз билан чиқсангиз, бунга тақиқ қўйилади", дейди журналист.

Ҳулкар Норқобиловага кўра, Ғарбда бунинг аксини кўриш мумкин. Унинг айтишича, ҳатто айби бўлган давлат раҳбарлари ҳам журналистлар кўзидан қочиб қутила олмайдилар.

"Олмония матбуоти мисолида гапираман, албатта, немис матбуоти билан ўзбек матбуотини таққослаб бўлмайди, ер билан осмонча фарқи бор. Ўзимнинг шахсий фикрим, немис матбуотини мен мустақил матбуот, деб айтай оламан. Олмония собиқ канцлери Гелмут Колнинг ҳисобига тушган "қора" пулларни ҳам фош қилиш ва жуда кўп мана шундай сиёсий арбобларни фош қилиш тарихда кўп бўлиб ўтган, бўляпти ҳам... Жамиятда кичикдан тортиб каттагача журналист олдида ҳушёр туришга ҳаракат қилишади".

Суҳбатнинг тўлиқ шаклда мана бу ердан тинглашингиз мумкин.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram - BBC UZBEKTwitter - BBC UZBEKOdnoklassniki - BBC UZBEKFacebook- BBC UZBEKGoogle+ BBC UZBEKSkype - bbcuzbekradio