Би-би-сига айтаман: ЎзТВнинг “жаннат каналлари”да нима гап?

Image caption Яна бир "жаннатий" канал

Ўзбекистондаги собиқ Марказ ТВ ўрнига тақдим қилинган МY5 (Менинг Юртим 5) ТВ канали ўз фаолиятини "янгича услуб"да олиб боришга харакат қилмоқда...

“Янгича услуб” ҳам “ўзимизга мос, ўзимизга хос” йўлда.

Таниқли 40-50 ёшни уриб қўйган аёл қўшиқчиларни ёш модельерлар бир ажойиб, турфа ранг либосларда кийинтиришади, кейин уларнинг экран безаб жило қилишларини айтинг...

Айни шу пайтда, эҳтимол эртароқ ва ё кечроқ, “Ахборот”дагилар халққа бундан қарийб бир ой аввал қанчалар омадлари чопгани, президентлик курсисига яна Ислом Каримовни сайлашганини эслатиб туришади.

Дастур Каримов номига ҳали ҳам ( қарийб бир ой!) табриклар келаётгани билан бошланади.

Шунақа кўпки бу табриклар, бир ойда ҳам ўқиб тугатиб бўлмаяпти, келаверади, келаверади, келаверади... Бутун дунё Ўзбекистоннинг “пешонаси ярқираганига” ҳавас қилади, сиз эса шукр қилинг дейишади қоғозга ўраб “ахборот”чилар.

Аммо яна ёш модельерларга қайтсак...Хуллас, уларнинг ижодини мутахассислар баҳолашади.

Қўшиқчилар эса ўзларида йўқ хурсанд, эҳтимол бу янги кийимдан ва ё яна бир бор ТВдан чиқиб қолишганидан...

Умуман, Ўзбекистондаги барча телевидение каналларида “жаннатмакон диёр” мадҳ этилади.

Янги канал ҳам бу “пойга”да от сурмоқда, фақат асосан видеоклиплар билан...

Айни МY5 каналидаги сўнгги яна бир ташаббуси - ашулаларга титрларнинг берилишига нисбатан, Facebook фойдаланувчилари қизиқ фикрларни изҳор қилишган.

Аксарият ўзбекистонлик Facebook фаоллари ҳозирги "савияси паст" қатлам қандайдир "шоу" учун шу "юлдуз машшоқларга" кўп молия ажратилишини ачинарли ҳолат деб билишар экан, жумладан "Дангасабек Мардикорович" номли фаол "Машшоғи кўп халқнинг қашшоғи кўп", - деб бекорга айтишмаганда ўзи. Йиллаб йиғиб-терганини бир кунда шу машшоқларга фалон минг доллар қилиб бахшида қилиб юборишга уста бизникилар. Тағин ўша машшоқни дарвозаси тагида ҳафталаб навбат кутиб ётишади. Ҳамма ёқ юлдуз. Азбаройи осмонда жой қолмаганидан Ўзбекистонни босиб олишди бечаралар", деб ёзади.

"Санжар Стоне" эса "Халқимизда шу иллат жудаям авж отди. Илм учун, илм аҳли учун меъёрдаги пул ажратилмайди. Санъатни деб минглаб долларлар баҳридан кечилади" дея қўшимча қилган.

Image caption "Жаннат"дан хабарлар...

"Абдул Аҳад Абдураҳмон" номлик Facebook фойдаланувчиси Ўзбек ёшларининг савияси пастлиги ҳақида куюниб гапирган: "Таълим тизими ишдан чиққан. Мактабда 11 йил ўқиб ўз она тилида имло хатоларисиз ёза олмайди ёшлар, ўз фикрини ифодалашни билмайди, сўз бойлиги ўта қашшоқ. Онг, савия борган сари пасайиб кетяпти. Юзаки нарсаларга қизиқади ҳамма".

"Минг афсус ҳалқимизга шу ёқади, чала ашулачилар фонограммадан фойдаланиб, бемаъно ашулалар этиб, ҳалқни алдаб юришибди, ҳалқ эса бепарво, шоу бўлса бўлди…" деб айтган у. Сўнг шундай деган: "Бир одамдан эшитган эдим, мамлакатимизда энг кўп тарқалган нарса биринчиси баклашка, иккинчиси артист. Тош отсанг артистни бошига тушади".

Ушбу изоҳлар ортидан бир фаол Ўзбекистон телевизионида намойиш қилинаётган кўрсатувларни танқид остига олган.

"Бизнинг телевидения нақадар нохолислигини мен илгарилари ҳам айтиб ўтганман. Маъно, мантиқ айниқса фаҳм деган нарса умуман йўқ. Фаросатни-ку умуман гапирмаса ҳам бўлади. Қайсидир ғирт қолоқ, умуман журналистика соҳасидан грам бўлсада ҳабари йўқ бир раис телевиденияни минорасига маҳкам, тушиб кетмас даражада ўтириб олган».

"Ўзбекистон телеканалини кузатсангиз умуман бир-бирига мос келмайдиган, бир-бирига зид бўлган дастур қўйишади. Масалан, кечки пайт саккизда «Муносабат» деган одамни ҳафсаласини пир қиладиган кўрсатувни қўяди. Ёшларни териб қўйиб, худдики бир катта муаммони олдини олаётгандек кўрсатадилар. Ундоқ қилиш керак, бундоқ қилиш керак ва қарсаклар... Мавзуга эътибор берсангиз бир глобал муаммо. Фақат ақл ўргатишдан бошқа нарса эмас. Бу кўрсатувдан кейин битта 'яхши' мексиканский ёки бразилияни эски сериалини қўйиб юборадилар. Сериалдан олдинги кўтарилган мавзу айнан сериал ичида содир бўлиб турибди. Бу халқнинг устидан кулиш! Муносабат деган гўрсўхта кўрсатувда бир куни қизларни вақтли эрга бериш, йигитларни вақтли уйлантириш, қизларни «бузилиб» қолганию, йигитларни ҳазиллашиб қўйганликларини роса сайрашди. Кўрсатув тугадию ҳалиги мексика сериалида хўжайин ўз чўриси билан «дон олишиб» қўйганини ва фарзанд бўлиб қолгани, энди чўри ҳам меросхўр бўлиши тасвирланди… Ғирт тентаклик, ғирт ахмоқликдан бошқа нарса эмас».

"Ўзбекистон телеканали деганда кечки пайт оилавий ўтириб маънавий ва маърифий кўрсатувларни кузатишимиз, менталитетимизга мос келадиган маданиятимизни кўриб ўтиришимиз керак эди. Йўқ, биз ота-онамиз, келинлар, сингилларимиз олдида ҳўжайин чўрисини «бузиб» қўйганини томоша қилишимиз керак. Без бўлиб ўтиришимиз керак... Диний дастурларни умуман гапирмаймиз. Тўхталиб ҳам ўтирмаймиз. У бир 'эскилик' сарқити. Бир-бир, аҳён-аҳёнда пропаганда бўлиб қолганда хотин-қизлар қўмитаси чиқиб 'Ҳижоб йўқ нарса, асли араблардан чиққан, араб аёллари чўлда, даштда кўзларига, сочларига қум кириб ёпишиб қолмаслиги учун кийилган'. Ҳожибой айтганидек буёғи 'ҳи-ҳи-ҳи хо-хо-хо бўлди тамом».

"Қўлингда милтиғинг бўлса шу телевизорни отиб ташласанг" - деб давом этади у.

Аксарият Facebook фаоллари ҳозирги кунда Ўзбек ТВ каналларини кўрмасликни маъқул топишган. "Мани шахсий маслаҳатим иложи борича телевизор кўрманглар, чунки кони зарар!" деб таъкидлаган Абу Муҳаммад Аслиев.

"Мана, бизда свет йўқ, ТВ кўрмаймиз, тажрибамизни оммалаштиришга чақираман," деб қўшимча қилган бошқа бир фаол.

Эл орасида достон бўлишига улгурган ибора эса Абу Али номли фаол томонидан янграган: "Жаннатни кўрмоқчи бўлсангиз, Ўзбекистон каналларини томоша қилинг…"

Ўзбекистонлик томошабин (ЎзТВники эмас!)

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ