Ўзбекистон жамиятини иккига бўлиб қўйган Георгий тасмасининг сири нимада?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

9 май санаси яқинлашар экан ижтимоий тармоқлардаги ўзбекистонликлар икки жабҳага бўлиниб олган. Бир томон ушбу кунни улуғ ғалаба куни сифатида кенг байрам қилишни истовчилар бўлса, иккинчи томон ушбу сана муносабати билан тарқатиладиган Георгий тасмасига қаршилар. Фейсбукда Георгий лентасига қаршилар гуруҳи ҳам очилди. Россиянинг Тошкентдаги элчихонаси ғалаба рамзига айлантирилаётган Георгий тасмасини текин тарқатиш акциясини йўлга қўйган.

Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси 15 апрел куни расмий веб-саҳифасида 27 апрелдан 8 майга қадар Георгий лентаси акциясини ўтказишини маълум қилди.

Хабарда айтилишича, исталган шахс тасмани текинга олиши мумкин.

Шундан сўнг Ўзбекистондан юритилувчи “Потрибитель.уз" ва “Водители Ташкента” гуруҳларида ушбу акция ҳақида постлар қолдирилди.

Ушбу постларнинг орасида тасмага қарши бўлган фикрлар ҳам янграй бошлади.

“Биз Ўзбекистонда Георгий лентасига қаршимиз” гуруҳининг Фэйсбукда очилганидан уч кун ўтар-ўтмас 600 га яқин одамнинг эътиборини тортди.

Гуруҳ асосчиларидан Азиз Муҳаммаднинг Би-би-си Ўзбек хизматига таъкидлашича, Георгий тасмасининг Иккинчи жаҳон урушига алоқаси йўқ ва уни Ўзбекистонда тарқатиш ноўрин.

“Одамларимиз ушбу лентанинг асл маъноси нима, тарихи ва унинг қаердан келиб чиққанини билишсин. Нима учун таъсис этилган ва нима учун бугун бошқача талқин қилиняпти? Шу нарсаларни билишсин ва Георгий лентаси тарқатиш акциясига қўшилишмасин, деган мақсадни қўйганмиз”, - дейди Азиз Муҳаммад.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Тошкентдан тарихчи Анвар Назирнинг билдиришича, Ўзбекистонда Георгий лентаси борасидаги масала бундан олдин ҳам кўтарилган, аммо Украинадаги воқеалардан сўнг ушбу мавзу долзарблашди.

“Украинадаги фожеали воқеалардан сўнг, бу лента уруш ёки 9 май билан боғлиқ эмас, балки Россия империясининг собиқ мустамлака ҳудудларига нисбатан даъвогарлиги билан боғлиқ сиймога айланиб қоляпти. Шунинг учун бунақа чиқишларнинг сабаби табиий, деб биламан”, - дейди Анвар Назир.

Тарихчига кўра, Россия томонидан ғалаба рамзи сифатида тарғиб қилинаётган ва тарқатилаётган Георгий тасмасининг Иккинчи Жаҳон урушига алоқаси йўқ.

“Бу тасма аслида Авлиё Георгий ордени билан боғлиқ. Бу аслида Россия-Туркия урушлари билан боғлиқ бўлган, лекин Туркистонга юриш бошлангандан кейин бу ўлкада кўп хунрезликлар қилган ўзбек, қозоқ, қирғиз ва тожикларнинг қонини тўккан рус офицер генералларига берилган. Инсониятга қарши жиноят қилган, тинч аҳолини қийратган шахсларнинг қилмишлари учун Россия империяси маъмурияти томонидан Авлиё Георгий ордени билан нишонланишган”, - дейди Анвар Назир.

Текин тасма тарқатиш акциясини эълон қилган Тошкентдаги Россия элчихонаси расмий сайтида ҳам ушбу лентанинг Иккинчи жаҳон урушига тўғридан-тўғри алоқаси йўқлигини ва орден сифатида 1769 йили таъсис қилиниб ҳарбийларга берилгани ёзилган.

Веб-саҳифадаги хабарда ёзилишича, лентани 9 майга боғлаш ҳаракатлари 2005 йилдан Россиянинг “Новости” ахборот агентлиги томонидан амалга оширила бошланган.

Иккинчи томон бу лентада сиёсий бир маъно кўришмаётганини таъкидламоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Швециядан журналист Тўлқин Қораев Иккинчи Жаҳон урушида эришилган ғалабада ўзбекистонликларнинг ҳам ҳиссаси борлиги учун тасмага нисбатан салбий муносабат билдира олмаслигини айтди.

“Тарқатилаётган хабарларда Россия империяси Ўрта Осиёни босиб олаётганда мана шундай тасма қўллангани айтиляпти. Бу томонлама қарасангиз салбий муносабат билдиришга тўғри келади. Лекин асосийси, Совет халқининг фашизм устидан қозонилган ғалабаси. Бунда кам деганда 130 минг ўзбекистонликнинг ҳам иштироки бор. Шунинг учун, мен бунга ҳозир салбий муносабат билдира олмайман”, - дейди Тўлқин Қораев.

Биз Россиянинг Тошкентдаги элчилиги билан боғланиб изоҳ олишга ҳаракат қилдик. Бироқ пресс-атташе жойида йўқлиги боис расмий изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

Гўшакни кўтарган элчихона ходимаси эса, Георгий лентасига қаршилар бўлишини табиий қабул қилишини, аммо лента хайрихоҳларга тарқатилишини билдирди.

Шўролар даврида Георгий ордени ёки тасмаси атамаси расман тақиқланган бўлсада, ушбу тасмага ўхшаш лента “Слава” ёки “Шон-шараф” орденининг уччала турида ҳам ишлатилган.

Журналист Тўлқин Қораев империалистик ғояларга қарши эканлигини айтаркан, Россия бу каби ленталар тарқатиш орқали бирор давлатни босиб олишни мақсад қилмаганини, шунчаки ўз тарихи билан фахрланишни мақсад қилган бўлиши мумкинлигини айтади.

Журналистнинг ўзи бу каби тасмаларни тақмайди, лекин уни таққан одамларнинг қарорини ҳам муҳокама қилмайди.

“Лента таққан одамлар Россиянинг шон-шарафига ўзини шерик деб ҳисоблайди, фахрланади ва бунга қўшилади, холос. Бизга бошқа йўл йўқ. Ё у томон, ё бу томон бўлишим керак. Биз Россиядай ёки Америкадай кучли давлат эмасмиз. Қайсидир томонни қўллаш керак”, - дейди Тўлқин Қораев.

Георгий лентаси борасидаги баҳслар Марказий Осиёнинг Қозоғистон ва Қирғизистон давлатларида ҳам кўтарилган.

Қирғизистонда Георгий лентасига муқобил тасма ишлаб чиқилгани хабар берилди.

Қозоғистонлик зиёлилар эса ушбу масалага ҳукумат эътиборини тортишга ҳаракат қилмоқда.

Ўзбекистон расмийлари Георгий тасмаси борасида сукут сақламоқда. Тарихчи Анвар Назир буни икки ўртадаги муносабатларнинг кескинлашиб кетмаслигини олдини олиш мақсадидаги сукунат эканлигини айтади.

“Муносабатлар яхши эмас. Аниғини билмайман, аммо ўтган сафар ҳам шундай бўлганди, 9 майдаги парадда Ўзбекистон ҳарбийлари қатнашмас экан ва ҳеч қандай ҳайъат бормас экан. Шунинг манзарасида "яна бадтар кескинлашмасин, муносабатлар ўзи кескин", деб жим ўтиришгандир. Лекин мен жим ўтириш сиёсатини қўллаб-қувватламайман. Чунки очиқ-ойдин гапириш керак”, - дейди Анвар Назир.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Instagram - bbcuzbek

Twitter - bbcuzbek

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- bbcuzbek

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ