Ўзбекистондан мактуб: "Қайнотанг бақувват бўлса…"

Фото муаллифлик ҳуқуқи sarvar azimov

Янги ўқишга кириш мавсуми ҳам яқинлашмоқда. Ота-оналарнинг пайтавасига қурт тушиб, оёғи куйган товуқдек югурадиган палла арафасида каминанинг ҳам фарзанди коллежни битирмоқда.

Шунга куни-кеча менга махсус бланкдаги бир нарсага қўл қўйдириб олишди. Хуллас, мазмуни шунақа: "... агар фарзандим ўқишга киролмаса, иш-жойни таъминлашга, уни бекор юрмаслигига ўзим маъсулман".

Бу ишдан кейин ўғлимнинг ўқишга кириш эҳтимоли қанча эканини тахминан чамалаб кўрдим. Ўтган йили ўқишга кириш квотаси 65 минг талаба атрофида экан, битирувчилар эса тахминан 550 минг экан. Демак, бир ўринга тахминан 10 киши.

Ўқишга ҳужжат топшириш мавсумида янгиликларни томоша қилсанг, ҳар бир олий ўқув юртининг вакили шундай дейди: "Бизнинг таълим маскани ўта нуфузли бўгани учун, 1 жойга 9-10 киши тўгри келяпти".

Бу "нуфуз" эмас, балки жойларнинг етишмаслигидан дарак бермайдими?! Бундан ҳафсалам пир бўлиб, "тадқиқотларимнинг" кейинги босқичига ўтдим.

Бунда ўзимнинг соҳамдаги тест саволларига жавоб бериб натижани билмоқчи бўлдим. Ўзимча соҳамнинг пири бўлиб кетганман, деб юрган эканман, "тестдан" қуладим.

Сабаби, саволлар атайин иккиламчи жавобли экан. Мисол учун, баъзи ерда "А" жавоб аниқ тўғри эканини билиб боссанг ҳам, нотўғри чиқади, чунки компютер фақат "А" ва "Д" тўгри деган вариантини тан олади.

Хуллас, ўғлим менинг наздимда қанчалар вундеркинд бўлмасин, ўқишга кириш имконияти жуда-жуда паст эканига амин бўлиб, хомуш ўтирган бир пайтим: "Дада, агар киролмасам, Россияга кетаманми?" деб сўраб қолди.

"Болам, Россияга "дангасалар" боради. Сени йўлинг бошқа, сен "Комолат" га аъзо бўласан", дедим.

У ҳайрон: "Камолатчи бўлсам, нима манфаат кўраман?" деди.

Шунда унга: "Сен ёшлар фақат манфаат излайсанлар ҳар нарсадан, "Камолот" сенга нима беришини эмас, балки сен "Камолот"га қандай ҳисса қўшишингни ўйласангчи, галварс", дедим.

"Ҳа", деб ўйланиб қолди. Бироздан кейин: "Дада, барибир тирикчилик деган нарсалар ҳам бор-ку…" деди.

"Сен шу ёшларнинг ижтимоий ташкилотига чин дилдан аъзо бўлиб, мажлис-пажлислардан фаол иштирок этиб, сардорлик ҳусусиятларингни намоён этсанг, албатта, сенга у-бу нуфузли инсоннинг назари тушиб қолади, ўзига шогирд қилади… Қарабсан-ки, ишинг беш", дедим.

"Агар ундай бўлмаса-чи?" деб яна саволга тутди.

"Унда, дадангда "Куёв" режаси бор, шуни ишга соласан", дедим.

Ўғлим ҳайрон, қанақа экан у режа, деб.

"Режага кўра, ҳалиги мажлисларда бекорга иштирок этмай, у-бу кўзга кўринган одамнинг қизи билан танишсанг бўлгани. У ёғини дадангга қўйиб бер, зора, сенинг кетингдан дадангни ҳам иши юришиб кетса", дедим.

Ким ҳам, фарзанди орқасидан орзу-ҳавас кўришни хоҳламайди дейсиз. Илм билан эришиш имкони бўлмаса, ўзбегимнинг "пешонасига берсин" дегани шу бўлса керак-да, а?!

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

Skype - bbcuzbekradio