Бош прокурорнинг истеъфоси ва Президент оиласидаги можаро

Image caption Гулнора Каримова Ўзбекистон ва Оврўпода қатор молиявий жиноятларда гумон қилинади

Ўзбекистон Президентининг тўнғич қизига қарши шов-шувли жиноят ишини тергов қилган Бош прокуратура раҳбарининг ўзгариши ва Лондондаги пиар ширкатининг Гулнора Каримова манфаатларини ҳимоя қилишни тўхтатгани нимани англатади?

Би-би-си ушбу саволларни Лондондаги Шарқшунослик ва Африка тадқиқотлари институтидан сиёсий таҳлилчи Алишер Илҳомов билан муҳокама қилди.

Алишер Илҳомов: Ҳар ҳолда улар Гулнора Каримова билан маълум муросага эришишган бўлса керак. Яъни унга нисбатан уй қамоғи режимини юмшатилади ва у эркин ҳаракатланиш имконига эга бўлади. Аммо айни пайтда Гулнора Каримованинг Ўзбекистондан ташқарига чиқишига рухсат этилмайди. Агар рухсат этилса, мен ҳайратланган бўлардим. Чунки Швейцария ва бошқа Оврўпо давлатларида Ўзбекистондаги миллионлаб доллар пулларни ювиш билан боғлиқ жиноят ишлари тергов қилинаётган пайт Гулнора Каримованинг Ўзбекистондан чиқиб кетишига изн бериш Президент Каримовнинг ўз манфаатлари нуқтаи назаридан маъқул эмас.

Би-би-си: Аммо Гулнора Каримова аллақачон Ўзбекистонни тарк этган бўлиши мумкин, деган фаразлар ҳам йўқ эмас.

Алишер Илҳомов: Мен буни тўла истисно қилолмайман. Аммо назаримда бунинг эҳтимоли жуда кам. Чунки бу Президент, унинг оиласи ва Ўзбекистондаги сиёсий тузум учун жуда катта хавф ташкил этади. Яқинда Оврўпода уюшган ва жиноятчилик ва коррупцияга доир эълон қилган қилинган ҳисобот муаллифларининг даъво қилишларича, Гулнора Каримова амалда Ўзбекистонннинг бутун-бошли телекоммуникация, хусусан, мобил телефонлар соҳасини назорат қилган. Ва ўзбек телеком бозоридаги учта йирик ширкат Гулнора Каримовага алоқадор шахслар номига хорижда расмийлаштирилган ширкатларга қўштирноқ ичидаги маҳаллий ҳамкорлар сифатида лицензия ва частоталар учун миллионлаб доллар маблағларни тўлаб келган. Бу масалаларни биргина Алоқа вазири ҳал қилмайди. Бу ишлар энг юқори даражада, Вазирлар Маҳкамаси, ташқи иқтисодий алоқалар ва хавфсизлик идоралари билан келишган ҳолда амалга оширилади. Табиийки, иддао қилинаётган бу пул ювишлар ҳам бир бўшлиқда юз берган эмас. Гулнора ва унинг гуруҳи ўз ҳаракатларида Ўзбекистондаги ҳокимият тизимлари, жумладан, вазирликлар ва Президент девонининг қўллаб-қувватловига таянишган. Гулнора Каримова хорижга чиқса, ҳибсга олиниши мумкин. Агар у Оврўпо давлатларининг тергов идораларига кўрсатма берадиган бўлса, Ўзбекистондаги бу маъсул тизимларнинг жавобгарлигига ҳам аниқлик киритилади. Шунинг учун агар ҳозир Гулнора Каримовага қайсидир даражада енгиллик бериладиган бўлса, уй қамоғи юмшатилиши мумкин, аммо у тўла реабилитация қилинади, деб ўйламайман. Унга аввалгидек, матбуот воситаларидан фойдаланишга рухсат ҳам берилмайди. Чунки Каримова яна кўп нарсаларни гапириб қўйиши мумкин.

Би-би-си: Гулнора Каримова ва шерикларига қарши жиноят ишини тергов қилаётган Бош прокуратура раҳбарининг ўзгариши сизнингча, бу ишга қандай таъсир қилиши мумкин?

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Гулнора Каримовага қарши жиноят ишини тергов қилган Бош прокуратура раҳбари Рашитжон Қодиров душанба куни истеъфога чиқарилган

Алишер Илҳомов: Президентнинг қизи гумонланувчилар қаторида бўлган бир жиноят ишида, албатта, Бош прокурорнинг мустақил рол ўйнаши имконсиз. Бош прокурор бор-йўғи Президентнинг маълум сиёсий иродасини амалга оширган ижрочи бўлган, холос. Албатта, Бош прокурор давлат ҳокимияти ва айниқса, кланлар тизимида ўзига яраша ўрни, мавқеъ ва таъсирга эга бўлган. Унинг ва ҳукуматдаги бошқаларнинг Гулнора Каримовани яхши кўриш ё-да ёмон кўришга ўз сабаблари бўлган бўлиши мумкин. Лекин ушбу жиноят ишида Қодиров ўзи ёки давлатдаги бошқа бир одамнинг ташаббуси билан иш қилмаган, балки Президент Каримовнинг хоҳиш-иродасини ижро этган холос, деб ҳисоблайман. Чунки Ўзбекистондаги тузум мустақил шахсиятларга тоқат қилмайди. Бу каби ишларда кўпинча бўлгани каби, Бош прокурор ишни бажарди, энди кетиши керак, қабилида иш тутилган. Ижрочилар кўпинча иш битганидан кейин ўз амаллари, эркинликлари ёки ҳаётлари билан бадал тўлашади. Ўзбекистонда ўз вақтида Қодиров сингари таъсирга эга бўлган Исмоил Жўрабеков ва Темур Алимов сингари шахсиятларнинг бирин-кетин лавозимдан четлатилиб, ихоталаб қўйилганини кўрдик. Каримов олигархларга тоқат қилмаслиги маълум. У атрофдаги одамларни ўзгартириш билан, таъбир жоиз бўлса, бир вақтнинг ўзида бир неча қуённи ураётган бўлиши мумкин. Яъни ҳам атрофини қудратли ва таъсирли одамлардан тозалаш билан ўз ҳокимиятини хавфсизлантиради. Ва ҳам кланларга алоқадор, коррупцияга ботган амалдорларни йўқотиш билан халқ орасида обрў ҳам олади. Яъни бу айни пайтда популистик бир қадам ҳамдир. Янги одамлар, албатта унга амал ва мансаб бергани учун садоқатли бўлишади. Ҳеч қурса, маълум муддат давомида.

Би-би-си: Сизнингча, Гулнора Каримовага қарши жиноят иши нима билан тугайди?. Ахир тергов ва маҳкаманинг маълум хотимаси бўлиши керак-ку?

Фото муаллифлик ҳуқуқи ozodi
Image caption Алишер Илҳомовнинг фикрича, Президент Каримов ҳокимиятни ўз оила-аъзоларидан бошқа ҳеч кимга ишонмайди

Алишер Илҳомов: Янги Бош прокурор ҳам хойнаҳой мустақил шахс эмас ва ўзига юқоридан нима буйруқ келса, шуни бажаради. Агар Каримов Гулнорага қарши таъқиблар етади, энди уни тинч қўяйлик ёки номини оқлайлик, дейдиган бўлса, Бош прокурор ҳам қўйилган вазифани бажаради. Бу вазифани олдинги Бош прокурор ҳам бажарган бўларди, аммо Каримов навбатдаги босқичда, дейликки, ўз шахмат тахтасидаги доначалардан бирини алмаштиришни маъқул кўрди. Ҳозир Каримов учун энг муҳими ўзидан кейин нима бўлади, деган савол. Ўзи қарилик ёки бошқа омиллар сабаб вазиятни назорат қила олмай қолгани тақдирда, ёки бирдан вафот этса, кейинги куни унинг оила-аъзоларига нима бўлиши, назаримда Каримовнинг Ўзбекистоннинг бутун муаммоларидан кўра ҳам кўпроқ безовта қилади. Каримов ҳозир шундай қилиши керакки, токи ўзидан кейин ҳам ўзи аниқлаб берган сиёсий йўналиш давом этсин. Ўзбекистон шароитида Каримов оила-аъзоларидан бошқа ҳеч кимга ишона олмайди. У қўл остидагиларнинг бугун содиқликка қасамёд қилиб, эртага сўзларидан қайтишларини яхши билади. Шунинг учун ҳам Каримов оиласи ичкарисидаги бутун бу келишмовчиликларга қарамасдан, ўзининг оилавий кланига таянишдан бошқа чораси йўқ. Назаримда у ҳокимият жиловини ўз оиласидан бир кишига ишонади. Гулнора Каримовага ишониш эҳтимоли жуда кам. Чунки унинг халқаро миқёсдаги обрў-эътибори бутунлай барбод бўлган ва уни қайта тиклаш қийин бўлади. Эҳтимол, ҳокимият оиланинг бошқа аъзоларига топширилар ва бу аъзолар Гулнора Каримова ҳамда оиласининг ҳам қандайдир мақоми бўлиши хусусида кафолатларни беришар. Бу борада қандайдир норасмий ва ҳатто расмий бир келишувга эришилган ва Гулнора Каримованинг ҳам розилиги олинган бўлса, ажабланмаган бўлардим.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ