Лондондаги PR ширкати Гулнора Каримова манфаатларини ҳимоя қилишни тўхтатди

Фото муаллифлик ҳуқуқи drdpartnership.com
Image caption Ширкат сиёсий репрессияга учраган шахсларга Ғарбда бошпана олишга ёрдам беради

Би-би-сига аён бўлишича, Гулнора Каримованинг Британиядаги пиар (жамоатчилик билан ишлаш бўйича) вакили Каримова хоним манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича тузилган шартномани тўхтатган.

Лондонда жойлашган "Davidson Ryan Dore" консалтинг фирмасининг пиар ходими Локсли Раян ўтган йил ёзидан бери Каримованинг Ғарбдаги имиджини яхшилаш, ҳамда унинг уй ҳибсидан озод қилиниши йўлида тарғибот ишларини фаол равишда олиб бораётганди. Жаноб Раяннинг фаолияти Гулнора Каримовани сиёсий босимларнинг бегуноҳ қурбони дея тақдим қилишга қаратилганди.

У Гулнора Каримовани ўтган йил ёзида ҳимоясига олганидан бери Ғарбнинг қатор нашрларида Каримова хонимнинг уй ҳибсида қийин аҳволда қолаётгани, ва ҳатто оч ва хаста ҳолда ушлаб турилгани, ҳамда жисмоний таҳқирлашларга учраётгани ҳақида маълумотлар тез-тез сирқиб чиқаётганди.

Жаноб Раян жанобларининг ўзи Би-би-сига гапира туриб, Каримова хонимни ҳимоя қилишни тўхтатганини билдирди.

Сабаблари сўралганда, у мазкур фаолияти учун тузилган олти ойлик шартнома ниҳоясига етгач, Гулнора Каримованинг оиласи ва дўстлари бу шартномани янгилашни исташмаганини айтди.

Жаноб Раян аввал ҳам "оиласи ва дўстлари" деган иборани қўллаган ва бу одамлар Гулноранининг номини оқлашга бел боғлашганини айтган, бироқ ҳеч қачон улар айнан кимлар эканини очиқламаган.

Image caption Локсли Раяннинг фаолияти Гулнора Каримовани сиёсий босимларнинг бегуноҳ қурбони дея тақдим қилишга қаратилганди.

Айни дамда, маълумки, Гулнора Каримованинг ўғли Ислом Каримов Британияда яшайди ва таълим олади. Ўтган йили унинг Ғарб матбуотига берган интервьюлари айнан жаноб Раян томонидан уюштирилган эди.

Би-би-си жаноб Раяндан кичик Ислом Каримов билан ҳали ҳам алоқаси борлигини айтди.

Локсли Раян Гулнора Каримованинг Лондондаги ҳимояси ва пиар кампанияси нима учун тўхтаб қолганининг асл сабаблари борасида сўзлашдан бош тортди.

"Каримова хонимда сизнинг хизматингиз учун тўлайдиган пул тугаб қолдими ёки энди у бу каби ҳимояга муҳтож эмасми?" деган саволимиз жавобсиз қолди.

Аммо, жаноб Раян ҳали ҳам Гулнора қийин аҳволда эканига ва уй ҳибсида қолаётганига ишонади, ҳамда у ҳали ҳам ёрдамга муҳтож деб билади.

Жаноб Раяннинг айтишича, бошқа пиар ширкати бу ишни давом эттирмаяпти. Би-би-сининг Лондондаги бошқа пиар манбалари ҳам буни тасдиқлади ва бу каби хизмат одатда миллионлаб доллар эвазига бажарилишини айтишди.

"Davidson Ryan Dore" ўз сайтида ўзини стратегик коммуникациялар бўйича консалтинг фирмаси дея тасвирлайди. Жаноб Раян эса сиёсий репрессиялар ва халқаро коррупция айбловларига юз тутаётган шахсларни ҳимоя қилиб келади ва уларнинг сиёсий бошпана олишларига ёрдам беради.

Лондонда яшаётган ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчи Алишер Илҳомовга кўра, Каримова хонимнинг Лондондаги пиар хизматидан воз кечаётганига унинг ўз оиласи аъзолари билан эришган муросаси сабаб бўлиши мумкин.

Таҳлилчи фикрида, Гулнора Каримовага нисбатан уй қамоғи режимининг ва жиноий терговларнинг юмшаши балки энди юқори даражали халқаро кампанияга ҳожат қолдирмаган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

Skype - bbcuzbekradio

Your contact details
Disclaimer