Би-би-сига айтаман: “Ока, тиричилини айби йўў!.”

Фото муаллифлик ҳуқуқи n
Image caption "Тили танасидан узун..."

Куни-кеча русзабон радиода бир қизиқарли факт қулоғимга чалинди.

Буқаламун деганларининг тилини Яратган танасидан узун қилиб қўйган экан.

Туяқушнинг кўзи эса…миясидан каттароқ бўлар экан, буни билмасдим.

Бу икки жонзод ҳақидаги ажабтовур фактларга эътибор берсангиз, аминман, кўча-куйда, ишда ва ҳатто уйда ҳам кимнингдир тили анчагина узунроқ эканини, мияси эса кўз шокосасидан сал кичикроқлиги хаёлингиздан ўтади.

Аммо «замон шунақа» деймиз, аслида замонда айб йўқ, айб ўзимизда…

Биз ўзгармоқдамиз.

Мақолларимиз ҳам бизнинг «иҳота ҳалқа»мизга айланган.

Мисол учун, "тирикчиликнинг айби йўқ", деган мақол, ҳозирда аслида ўғри, муттаҳам порахўрлар учун ана шу иҳота ҳалқаси вазифасини ўтайди.

Порани олади, кейин ўзини овутади…

Айримлар эса овутиб ҳам ўтирмайди, чунки тепароқда ким кимдан қанча олаётгани ҳақида ҳеч ким чурқ этмайди.

Газеталарга кўз югуртирсангиз, ҳарфлар ва рақамларнинг исрофгарчилигидан бошқа нарса тополмаймиз.

Телевизионда эса қип-қизил бўлмаса ҳам, ранг-баранг ёлғон!

Фото муаллифлик ҳуқуқи ThinkStock
Image caption "Тепкига тайёргарлик"

Ана энди «тирикчиликнинг айби йўқ» деган мақолга қайтайлик яна…

Бу мақол ҳар қандай меҳнат, қора иш дейсизми, фаррошликми, нима бўлса ҳам…меҳнатнинг айби йўқлиги ҳақида айтилган, шундай эмасми?

Энди мулоҳамиз бошида келтирган мисолимиз, тили узун буқаламунга қайтсак…

Оҳ, буқаламунлар… булар телевизордан чиқадими, ишхонангизда бирга ишлайдими, бирор бир давлат идорасида ўтирадими, шунақа сўзамол келадики асти қўяверасиз.

Айниқса, ўзидан тепароқда ўтирганларни мақташ бўйича уларга тенг келадигани йўқ.

Тил қурғур жуда узун, мақталмаган жойи қолмайди раҳбар деганларининг…

Бу ҳам ўзгараётганимизнинг нишонаси, «окажоним», «отажоним», «раисжон», «хўжайин» деган сўзлар ўзига мутлақо қариндошлиги бўлмаган раҳбарларга нисбатан шунақа ёғдириладики, баъзан, бу буқаламун «отам»лаб турган раҳбарнинг ростдан ҳам ўзидан… ўн ёш кичик отасимикан деб ўйлаб қоласан…

Ана энди ўша «ота»нинг мажлисларда бирор бир муаммо ҳақида гапириб, «ёзғириб» қолишини кузатсангиз, бояги буқаламун туяқушга айланади.

Бошни шундоқ қумга тиқиб, орқасини тепкиларга ҳимоясиз қолдириб, яшириниб олади.

Кўз шокосаси бошдаги миядан каттароқ бўлганидан шундай қилса керак, балки…

Ўзбекистонлик мухлис

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ