Ўзбекистонда нафақа тизимини ислоҳ қилиш вақти келдими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи UNIAN

Тасаввур қилинг, бирон бир мамлакатда расмийлар: "Бу йил қарияларни эъзозалаш йили бўлади", дея эълон қилишса, бу ташаббуснинг олқишланиши тайин.

Лекин албатта бунинг кетидан "Бу йилда қариялар учун нималар қилишибди, улар бу расмийлар ваъда берган эътибор ва ғамхўрликни не қадар ҳис қилаяпти эканлар", - деган савол туғилади, .

Бу саволга жавоб топиш мушкул эмас, нафақахўр ва қарияларнинг ўзлари билан суҳбатлашиш кифоя.

Ўзбекистонли 83 ёшли Нина Сахарцева нафақасини мутассил равишда кечикиб олишини айтади.

"Аслида нафақамни ҳар ойининг 13- 14 куни беришлари керак. Лекин бундай бўлмайди. Мен почтахонага телефон қилиб, бўлим бошлиғи билан гаплашганимдан кейин ойнинг охирларига бориб, ўшанда бўлса ҳам бошқалардан аввалроқ олиб келиб беришади. Лекин умуман олганда, 25-27 чи числоларга бориб оламиз".

Ойига 680 минг сўм нафақа олишини айтган Нина Сахарцева бир қарашда кам эмас, дея кўринган нафақасини кунига етказиш учун кўп нарсадан иқтисод қилишига тўғри келди. Бундан ташқари қарияларни эъзозлаш йилида ўзига нисбатан бирон ғамхўрликни ҳис қилмаяётгани ҳақида айтади:

"Эътиборни умуман сезаётганим йўқ. Бундан ташқари 18 йилдан бери мерос масаласи бўйича маҳкамадан-маҳкамага сарсонман. Мен ҳуқуқлармиз ҳимоя қилиниши учун бизларга бепул адвокат ажратилишини истаган бўлардим. Оромгоҳларга берилиши керак дейилган йўлланмаларни ҳам кўрмаймиз. "Даракчи"да ёзишяпти ёши 80 дан ошганларга йўлланмалар берилиши керак деб. Қани улар? Маҳаллий ҳокимиятдан, маҳалла маъмуриятларидан эътибор бўлишини хоҳлардим. Келишсин, кўришсин, сўрашсин. "Қандай яшаяпсан, кунинг қандай кечяпти", - деб. Буларнинг ҳеч бири қилинмаяпти".

Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Маданият ва спорт ишлари бош бошқармаси буйруғига биноан Ҳайвонот боғига бепул кириш ҳуқуқи бирон енгиллик туғдирмайдими, деган саволга у шундай жавоб берди:

"Бу энди нимаси... Бунинг ўрнига санаторийга бепул йўлланма беришса яхши бўларди"...

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Нафақахўр ва ҳуқуқ фаоли Шуҳрат Рустамов ҳам ҳудди шундай муаммоларнинг мавжудлиги ва ғамхўрликнинг йўқлиги ҳақида гапиради.

Унинг меҳнат фаолияти асосан Шўролар даврига тўғри келгани учун 63 ёшли Шуҳрат акага 162 минг пенсия белгилашган.

Ойлик нафақасини вақтида олади, бу борада эътирози йўқ. Лекин ўта иқтисод қилиб сарфлаган тақдирда ҳам кундалик ҳаётига етмайди.

"Давлат томонидан бирон эътиборни ҳис қилаётганимз йўқ", - дейди у.

Кейин биз сурҳондарёлик нафақахўр Ўрол Эрназаров билан суҳбатлашдик. Унинг сўзининг ҳам индаллоси, эълон қилинган эътиборни сезмаётганлиги эди.

Унинг фикрича, ҳозирда атиги деярли бармоқ билан санарли қолган уруш фахрийларигагина эмас нафақахўрларнинг кенгроқ қатламига ҳам имтиёз ва қўшимча имкониятлар яратилса яхши бўларди.

Тошкентдаги ҳайвонот боғига бепул кириш имкони ҳақида гапирар экан, Ўрол Эрназаров пойтахтнинг ўзига етиб олиш учун қанчалар маблағ кетишини тилга олди.

Хуллас, қариялар билан суҳбатлашиб, кўплаб муаммоларнинг ичида икки асосийси кўзга ташланди.

Биринчиси, эътиборнинг кучайганини умуман сезмаганликлари ва иккинчиси нафақа миқдорининг етишмаслиги.

Эътибор масаласи албатта мавҳумроқ, лекин нафақалар миқдори каби иқтисодий ва лўндароқ муаммонинг илдизига назар ташласак.

Ўзбекистон шароитида бу аҳволни ўзгартириш йўллари борми?

Иқтисодчи Жаҳонгир Шосалимовнинг фикрича, Ўзбекистондаги нафақа тизимини ислоҳ қилиш вақти келган.

2010 йилдан бери нафақахўрлар учун кўплаб имтиёз ва қўшимча тўловлар белгилаш усулларининг бекор қилингани нафақа жамғармасининг, унинг фикрича, "касод"га учрагани билан боғлиқ.

"Бундан ташқари нафақа тизими асосан ҳукумат манфаатларини ҳимоя қилувчи тизимлар, милиция, хавфсизлик хизмати ва шунга ўхшаш ташкилотларда ишлаган кўп сонли ходимларга мўлжалланган."

Жаҳонгир Шосалимовнинг айтишича, ҳозирда нафақа ёшида бўлганлар аксарининг меҳнат йиллари Шўролар даврига тўғри келгани учун, ўша даврдаги ҳужжатларни "кўтариш" мушкуллиги туфайли кўпларга минимал пенсиялар белгиланмоқда. Минимил пенсия миқдорига эса умуман яшаб бўлмайди.

Муаммо сабабларини кўриб чиққандан сўнг, иқтисодчи билан уни ечиш усулларига ҳам тўхталдик.

"Муаммоларни ҳал қилиш ва нафақа тизимини ислоҳ этиш учун мамлакат раҳбариятида сиёсий ирода бўлиши лозим. Нафақалар жамғармасини тўлдириш учун дастлаб иқтисодни кўтариш лозим. Ишлаб чиқариш самарадорлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалигида пахта ва дон етиштириш учун белгиланган "қароқчи" паст нархларни бекор қилиш керак, умуман ялпи ишлаб чиқариш миқдорини оширишнинг жиддий йўлларини кўриб чиқиш керак", - дейди иқтисодчи.

Жаҳоннинг кўплаб мамлакатларида нафақахўрлар аксар ҳолларда давлат томонидан белгиланган минимал пенсияга қарам эмаслар.

Чунки ҳатто ривожланган мамлакатларда давлатнинг пенсиясига кун кечириш жуда қийин.

Лекин, шахсий пенсия жамғармалари тизими жуда кенг қўлланади. Унга мувофиқ, ҳар бир шахс иш йиллари мобайнида мутассил равишда шахсий пенсия жамғармасига пул "ташлаб" боради. Баъзи мамлакатларда ишчи бу жамғармага қанча пул ажратса, иш берувчи ҳам ҳудди шунча маблағ ажратиши кераклиги қонун томонидан кўрсатилган.

Кўрибсизки, нафақа ёшига бориб, улкан бўлмаса ҳам ўртача ҳаётга "етарлироқ" шахсий жамғарама ҳам йиғилиб қолади.

Жаҳонгир Шосалимовнинг фикрича, ана шу каби шахсий нафақа тизими каби тажрибаларни Ўзбекистон шароитида ҳам тадбиқ қилиш вақти аллақачон келган.

Шу ўринда ўзбекистонлик бир ёши кекса аёлнинг сўзлари ёдга тушади.

Хорижлик, аксари нафақа ёшида бўлган бир гуруҳ сайёҳларнинг Тошкент кўчаларини кезиб юрганларини кузатар экан, онахон: "Буларни қаранг пенсияга чиқиб, дунё кезиб юришибди-я" - деб ҳайрон бўлганди.

Лекин аксар, ҳатто ривожланган мамлакатлардаги давлат пенсиялари дунё кезиш учун имкон бермаслиги маълум.

Улар асосан шахсий нафақа жамғармалари борлиги учун бундай имкониятга эгалар.

Шахсий пенсия жамғармалари ҳақида фикрларини сўраган вақтимиз Ўзбекистонлик қариялар бу таъбир жоиз бўлса "ёт концепция" ҳақида ўз фикрларини билдиришни мушкул топдилар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

Skype - bbcuzbekradio

Your contact details
Disclaimer